Абу Бакр Шоший, Абу Бакр Муҳаммад ибн Аҳмад ибн ал-Ҳусайн ибн Умар ал-Имом ал-Кабир, Фахр улислом (429/1038, Шош — 507/1114, Бағдод) — фиқҳшунос. Фиқҳ илмини Бағдодда Муҳаммад ибн Баён ал-Казрувний, Қози Абу Мансур ат-Тусий, Шайх Абу Муҳаммад ал-Жувайний, Абу Наср ас-Сибоғлардан ўрганган. Шайх Абу Ишоқ Шерозийнинг яқин шогирди бўлган, кейинчалик улуғ имом (ал-Имом ал-Кабир) даражасига етган ва Ислом фахри (Фахр ул-ислом) сифатида эл-юрт орасида шуҳрат қозонган. Бағдоддаги „Низомия“ мадрасасида мударрислик қилиб, кўп шогирдлар етиштирган.

Ҳаёти

Абу Бакр Муҳаммад ибн Аҳмад Шоший 1038-йил муҳаррам ойида Шош яқинидаги Маёфориқин қишлоғида туғилган. У дастлаб фиқҳ илмидан Маёфориқинда Муҳаммад ибн Баён Казрувнийдан, Маёфориқин қозиси Абу Мансур Тусий Шайх Абу Муҳаммад Жувайнийлардан таълим олади. Абу Бакр Шоший устозлари наздида ҳам катта обрў қозонади. Шу сабаб бўлса керак, мадрасани тугатгач, Бағдодда мударрислик фаолияти билан шуғулланади. Ўша пайтларда Бағдодда „Низомия“ мадрасаси қурилган бўлиб, Шоший шу мадрасага мударрис қилиб тайинланади. Абу Бакр Муҳаммад ибн Аҳмад Шошийдан Бағдодда шайх, имом, катта фақиҳ, қози Абулмуфаззал Яҳё ибн Али ибн Абдулазиз ибн Али ибн Ҳусайн Қураший Димашқий фиқҳ илмини ўрганган ва ундан ҳадислар эшитган. Шунингдек, шошлик фақиҳдан шайх, имом, муфтий Абулҳасан Муҳаммад ибн Абулбақо Муборак Бағдодий, имом, аллома, муҳаддис, ҳофиз, муфтий, шайхул-ислом Абу Тоҳир Аҳмад ибн Муҳаммад ибн Иброҳим Исфаҳонийлар фиқҳ илмидан таълим олган. Ўз даврининг закийларидан бири — аллома, муфтий Абулаббос Аҳмад ибн Салама ибн Убайдулло ибн Рутобий Абу Бакр Муҳаммад ибн Аҳмад Шоший билан ҳамроҳ бўлиб, унинг хизматида бўлган. Юқорида қайд этганимиздек, Абу Бакр Муҳаммад ибн Аҳмад Шоший туғилган жойида, кейин Бағдодга бориб, ўша замоннинг йирик олими Абу Ишоқ Шерозий, Абу Наср ибн Саббоғ ва бошқа олимлардан таълим олган. Абу Бакр Муҳаммад ибн Аҳмад Шоший Абу Ишоқ Шерозий билан Нишопурга бориб, илмий мунозараларда қатнашиб, ўзини танитган. Яна Бағдодга қайтиб, устози Абу Ишоқ Шерозийдан (вафоти - 1083-йил) кейин Бағдоддаги фақиҳларнинг раиси бўлган. Шунингдек, устози Абу Ишоқ Шерозий вафот этгач, Абу Бакр Муҳаммад ибн Аҳмад Шоший унинг ўрнига мударрис этиб тайинланади.

Вафоти - Абу Ҳафс Умар ибн Аҳмад Ҳусайн Шоший катта имом, фахрул-ислом Абу Бакр Муҳаммад ибн Аҳмад Шошийнинг укаси. У фиқҳни Шайх Абу Ишоқ Шерозийдан ўрганган. Абул Ҳусайн ибн Муҳтадий ва бошқалардан ҳадис эшитган. Олим 1155-йилда вафот этган.

Илмий меъроси

Абу Бакр Муҳаммад ибн Аҳмад Шоший фиқҳ илми бўйича етук олимлардан ҳисобланади. Бу соҳага оид бир неча асарлар ёзган. Асарлари ичида энг машҳури „Ҳилят ал-уламо“ („Олимлар зийнати“). Фиқҳ илмига оид „Ҳилят ал-уламо фи мазоҳиби ал-фуқаҳо“ („Фақиҳлар мазҳабларида олимлар зийнати“) асари машҳур. Асар халифи Мустазҳир(ваф. 512/1119)га бағишланган. Ану шу китоби туфайли Абу Бакир Шоший „Мустазҳирий“, яъни Мустазҳир тарафдори деган ном таратган ва кўплаб тарихий манбаларда унинг тахаллуси ёнида бир унвон сифатида қайд этилган. Олим ушбу китобига шарҳ сифатида „ал-Муътамад“ („Ишончли“) асарини ёзган. Шунингдек, алломанинг фиқҳшуносликка оид яна бир йирик асари „аш-Шофий“ („Шифо берувчи“) бўлиб, у араб олими Абу Иброҳим Исмоил ибн Яҳё ал-Музаний (791-878)нинг „ал-Мухтасар“ („Қисқача“) асари шарҳига оид. Ушбу шарҳ 20 жилддан иборат бўлиб, Абу Бакр Шоший уни 5 йилдавомида ёзиб тугатган. Абу Бакр Муҳаммад ибн Аҳмад Шоший ўз даврида илм-маърифат ва исломнинг маданий марказларидан бири Бағдодда Абу Ишоқ Шерозий, Абулқосим Қушайрий, Ҳаририй (соҳиби мақомот), Абу Ишоқ Воҳидий, Абулмаҳосин Рўёний, Хатиб Табризий, Хатиб Бағдодий, Қози Байзовий каби йирик олимлар замонида яшаган эди. Мустазҳирий номи билан танилган юртдошимиз Абул Аббос Аҳмад, Абулмузаффар Сам’оний, Наср Муқаддасий, Рўёний, Хатиб Табризий, Имом Ғаззолий каби улуғ олимлар билан замондош бўлган.

Ўша даврда Бағдоддаги „Низомия“ мадрасасида Абу Ишоқ Шерозий, Абу Наср Саббоғ, Абулқосим Дабусий, Имом Ғаззолий, фахрул-ислом Шоший (Абу Бакр Муҳаммад ибн Аҳмад), Суҳравардий, Камолиддин Анборий ва бошқалар сабоқ берганлар. Мустазҳирий „Низомия“да араб тили, калом, мантиқ, адабиёт, сарф-наҳв, қироат, луғат, тафсирдан дарс берар эди.

Шоший ўз даврида араб адабиёти ва хусусан, шеъриятини жуда яхши билган кишилардан бўлган. Қур’он, ҳадис қонун-қоида ва йўл-йўриқларини жуда яхши билган. Тилшунослик, хусусан, араб адабиёти ва грамматикасининг нозик томонларигача эгаллаган. Шунинг учун бўлса керак, унинг синтаксисга оид асари ўрта аср ва ундан кейинги даврларда ҳам кўп мўтабар китобларда тилга олинади. Алломанинг „Аш-Шофия шаҳобчасининг устуни“, „Талоққа оид масала“ каби асарлари ҳам бўлган. Абу Бакр Шоший араб адабиёти, грамматикаси, шеърияти ва тилшунослиги ҳамда Қуръон, ҳадис илмларини ҳам пухта эгаллаган. Абу Бакр Муҳаммад ибн Аҳмад Шоший илмий-маънавий мероси билан фиқҳ илмиривожига беқиёс ҳисса қўшган. Айниқса, Бағдоддек илмий-маданий марказда фақиҳларга бош бўлиб, раислик қилганлиги унинг юксак билим ва истеъдод соҳиби эканлигидан далолат қилади. Афсуски, унинг асарлари ҳозирги кунда мамлакатимиз китоб хазиналарида мавжуд эмас.

„Мўжам ал-булдон“

Абу Бакр Муҳаммад ибн Аҳмад Шоший йирик фақиҳ бўлиб, бу соҳага оид бир қанча асарлар таълиф этган. Ўрта аср муаррихи Ёқут Ҳамавий „Мўжам ал-булдон“ асарида „Тарғиб фи-л-фуру’“ китоби муаллифи эканини таъкидлаган. Алломанинг йирик асари „Ҳилят ал-уламо“ („Ҳилят ал-уламо фи мазоҳиб ал-фуқаҳо“) бўлиб, уни аббосий халифалардан Мустазҳир Биллоҳга (вафоти - 1118-йил) бағишлаб ёзган. Бу катта китоб бўлиб, уни аббосий халифа Мустазҳир маъқуллаган. Шунинг учун бу китоб „Мустазҳирий“ деб ҳам номланган. Ана шу китоби туфайли Абу Бакр Шоший „Мустазҳирий“ деган ном таратган ва тарихий манбаларда унинг тахаллуси ёнида бир унвон сифатида ёзиб келинади.

Ўрта асрлик библиограф Ёқут Ҳамавий ўзининг „Мўжам ал-булдон“ асарида „Ҳилят ал-уламо“ китобининг ислом фиқҳидаги аҳамияти ҳақида шундай ёзган: „Ҳилят ал-уламо фи маърифати мазоҳиб ал-фуқаҳо“ китобига назар ташлаган киши турли мавзу бўйича мазҳаблар — ҳанафия, моликия, шофеъия, ҳанбалиянинг фиқҳий масалалари (қавллари) қисқача ифодалангани жиҳатидан шофеъия фақиҳларининг энг муҳим манбаси эканлигини кўради".

„Ҳилят ал-уламо“

„Ҳилят ал-уламо“да мавзулар содда ва равон усулда ифодаланган. Ўрта асрлик фақиҳларнинг таъкидлашича, фиқҳ китобларини кўриб чиқувчи киши учун мазкур асар энг муҳим манба ҳисобланади. Айниқса, мазҳабларни бир-бирига солиштиришни хоҳлаган киши излаганини „Ҳиля“дан топади. Чунки унда муаллиф барча қавл ва раъйларни муфассал келтирган. Ўз навбатида қиёсий фиқҳ бўйича ёзилган асарлар билан танишиб чиққан.

Таниқли библиограф Ҳожи Халифанинг хабар беришича, Абу Бакр Муҳаммад ибн Аҳмад Шоший ўша даврда ҳар бир масалада имомлар ўртасида бўлиб ўтган ихтилофларни зикр қилган. Сўнгра „ал-Мўтамад“ (Ишончли)ни ёзган. Ушбу асар „Ҳилят ал-уламо“ китобидек шарҳсиз ёзилган.

Шофеъий мазҳабининг йирик намояндаси Абу Ишоқ Иброҳим Шерозийга (ваф. 1083 й.) атаб вазир Низомулмулк Бағдодда „Низомия“ мактабини (мадраса) қуриб берган. Файласуф ва фақиҳ Абу Ҳомид Ғаззолий (вафоти - 1111-йил) ва қомусий олим Жалолуддин Суютий ҳам унинг издошларидир. Имом Абу Бакр Шоший „ал-Умдату фи фуру’и аш-шофиия“ (Шофиий мазҳаби фуру’ларининг асоси)асарини таълиф этган. У ўзининг бу асарини халифа Мустазҳир ўғли талаби билан ёзиб, унда дин асосларини қисқача тасниф қилган. Ушбу китобга кўп олимлар эътибор берганлар. Китобга Алоуддин Али ибн Муҳаммад Бағдодий, Тожуддин Умар ибн Али Фокиҳоний Моликий, „Ибн Мулаққин“ деб танилган Умар ибн Али, „Ибн Дақиқ Ийд“ деб танилган шайх Тақиюддин Муҳаммад ибн Али, Шамсуддин Муҳаммад ибн Абдуддоим Бармовий ва бошқалар шарҳлар ёзганлар.

Абу Бакр Муҳаммад ибн Аҳмад Шошийнинг яна бир йирик асарларидан бири „аш-Шофий“ (Шифо берувчи)дир. Алломанинг бу асари ҳам фиқҳ (қонуншунослик) га бағишланган бўлиб, араб олими Абу Иброҳим Исмоил ибн Яҳё Музанийнинг „ал-Мухтасар“ (Қисқа) деган асарига ёзилган шарҳ саналади. Манбаларнинг кўрсатишича, бу шарҳ йигирма жилддан иборатдир. Шоший уни беш йил давомида ёзиб тугатган.

Фарзандлари:Аҳмад ва Абдуллоҳ

Фиқҳ илмидаги билими, тутган мавқеи жиҳатидан барча қомусий манбаларда унинг номига „фахрул-ислом“, „ал-Имом ал-кабир“ сифатлари қўшиб эътироф этилган. Абу Бакр Муҳаммад ибн Аҳмад Шоший 1114-йил шаввол ойининг 15-куни шанба куни саҳарда вафот этган. У „Боб ал-Аброз“ (Боб аш-Шероз) мақбарасига дафн этилган, унинг қабри устози Абу Ишоқ Шерозий қабри ёнида жойлашган. Фахрул-ислом Шоший ўзидан кейин ўз мазҳабида имом бўлган икки фарзанди — Аҳмад ва Абдуллоҳларни қолдирган.

Тожуддин Субкий унинг ўғиллари тўғрисида қуйидаги маълумотларни ёзган: Аҳмад ибн Муҳаммад ибн Аҳмад ибн Ҳусайн ибн Умар Абулмузаффар фахрул-ислом Абу Бакр Шошийнинг ўғли бўлиб, у фиқҳни отасидан ўрганган. У Абдуллоҳ ибн Талҳадан ҳадислар эшитган. Ундан Абу Бакр ибн Комил ва Ҳофиз ибн Асокирлар ҳадис ривоят қилишган. Абу Бакр Шошийнинг ўғли Аҳмад Бағдодда вафот этган.

Абу Бакр Шошийнинг кейинги фарзанди Абдуллоҳ ибн Муҳаммад ибн Аҳмад 1088-йилда туғилган. Фиқҳ илмини ўз отасидан ўрганган. У мазҳаб ва хилоф (баҳс- мунозара)да моҳир бўлиб, кишиларга ваъз ўқирди. Абдуллоҳ ибн Муҳаммад ибн Аҳмад Ҳусайн ибн Аҳмад ибн Талҳа Ни’олий ва бошқалардан ҳадислар эшитган. У шоир ҳам бўлган.

Манбалар

[1][2][3][4] А. Б. Шоший Бағдодда вафот этган. Унинг қабри "Боб ал-Шероз" мақбарасидаги устози машҳур шайх Абу Ишоқ Шерозийнинг қабри ёнида[5].

Ҳаволалар

  • И.Усмонов, Илмий мақолалар тўплами. Тарих. 345 бет. Ёш олимлар илмий мақолалари тўплами. Ўзбекистон Республикаси Олий ва Ўрта Таълим Вазирлиги Мирзо Улуғбек номидаги Ўзбекистон Миллий университети. 2014.




  1. ↑ Тожуддин ас-Субкий. Табақот ашшофиъия ал алкубро. 3 жилд. Б. 341.
  2. ↑ Сияр аълом аннубало. 19 жилд. Б. 393.
  3. ↑ Такмилат аликмол. 3 жилд. Б. 488.
  4. ↑ Муниров Қ., Ирисов А., Носиров А. Тошкент тарихида баъзи сиймолар Т.: „Фан“, 1983. Б. 16.
  5. ↑ Файл:Натионал Энcйcлопедиа оф Узбекистан лого.пнг „Абу Бакр Шоший“, Ўзбекистон миллий энсиклопедияси (А-ҳарфи). Тошкент: „Ўзбекистон миллий энсиклопедияси“ Давлат илмий нашриёти, 2000–2006-йиллар.