Afsona
Афсона — 1) халқ оғзаки ижоди (фолклор) жанри. У хаёлот, уйдирма ва тўқимадан иборат бўлсада, сўзловчи ва тингловчи томонидан ҳақиқатдек тасаввур этилади, ҳатто бўлиб ўтган даври, макон ҳам кўрсатилади. Афсоналар оғиздан-оғизга, элдан-элга ўтиб келган, ифода усули баён тарзида. Афсоналар оғзаки ҳикоят бўлиб, у хаёлий образ ёки тасаввур асосига қурилади, ҳикоя қилувчилар ва тингловчилар томонидан қачонлардир шундай бўлгандек қабул қилинади. Ривоятдан фарқли ўлароқ Афсоналар заминида албатта мўжиза, сеҳр-жоду бўлади. Афсоналар олам (Ер, Қуёш ва бошқа сайёралар юзага келиши) ҳақида, топонимик (Қоф тоғи, дарё, денгиз, шаҳар, қал’а, қишлоқ, тепалик, Эрам боғи ва ҳоказо), элатларнинг келиб чиқиши (масалан, туркий халқларнинг), ҳайвонот дунёси (масалан, шер, аждаҳо, анқо, семурғ ва бошқалар)га оид, табиатдаги воқеа, ҳодисалар (масалан, чақмоқ, зилзила, шамол ва бошқалар) хусусида, тарихий шахслар (мас, туркийлардаги Эр Тўнга, Тўмарис, Широқ, англосакслар қироли Артур ва бошқалар) тўғрисида, диний (мас, исломдаги Нуҳ пайғамбар хусусидаги, Абу Муслим жангномаси, Авестодаги Франграсян (Афросиёб), христианликдаги Исо Масиҳнинг ҳаворийлари билан саёҳатига боғлиқ воқеа-ҳодисалар) ва бошқа турли-туман мавзуларда бўлади. Афсоналар ҳажми кичик, баён қилиниши содда, бадиий тасвир воситаларидан деярли холи бўлади, тузилишига кўра эртак, нақл, ривоятларта ўхшаб кетади. Афсоналар ёзма адабиётнинг, айниқса, бадиий, фалсафий, динга, тарихга, ахлоққа оид асарларнинг мавзуи, муайян қисми тарзида ғоявий-эстетик вазифани бажарган. Масалан, „Қутадғу билиг“, „Дево-ну луғотит турк“, Алишер Новоийнинг „Ҳамса“, Дантенинг „Илоҳий комедия“, Чингиз Айтматовнинг „Оқ кема“, Эркин Воҳидовнинг „Руҳлар исёни“, Абдулла Ориповнинг „Жаннатга йўл“ китобларида А.лар асарнинг бадиий-эстетик ва таъсир кучини оширишга, инсон руҳиятини янада чуқур ва тўлақонли тасвирлашга хизмат қилган.2) Кўчма маънода — уйдирма, ёлғон, ақлга тўғри келмайдиган гап.
Адабиётлар
- ЎзМЕ. Биринчи жилд. Тошкент, 2000-йил
| Ушбу мақолада Ўзбекистон миллий энсиклопедияси (2000-2005) маълумотларидан фойдаланилган. |
| Ушбу мақола çаладир. Сиз уни бойитиб, ЗиёСферага ёрдам бериşингиз мумкин. Бу андозани аниқроғига алмаштириш керак. |