Agrokimyo
Агрокимё, агрономик кимё— тупроқ ва ўсимликлардаги кимёвий жараёнлар, ўсимликларнинг минерал озиқланиши, ўғитлар ва тупроқни кимёвий мелиорациялаш воситаларини қўллаш тўғрисидаги фан. Агрокимё қишлоқ хўжалигини кимёлаштиришнинг илмий асосини ташкил этади. Агрокимё ўсимлик, тупроқ ва ўғитлар ўртасидаги муносабатни, дала шароитида ўсимликлар озиқланишини ўрганади, ўсимликларнинг озиқланишига энг қулай шароит яратиш, тупроқ ва ўғитлар таркибидаги озиқ моддаларнинг ўзлаштирилиш коэффицентини ошириш мақсадида ушбу шароитларни ўзгартириш йўлларини, шунингдек, ҳосилдорликни оширишнинг бошқа воситалари — пестицидлар, ўсиш стимуляторларини қўллаш, тупроқ унумдорлигини яхшилаш ва ҳосилдорлигини ошириш мақсадида кимёвий мелиорация воситаларини қидириб топади. Агрокимё фани тупроқшунослик, деҳқончилик, ўсимликлар физиологияси ва биокимёси, қишлоқ хўжалиги микробиологияси, кимё ва физика фанлари билан бевосита боғланган. Агрокимёда назарий ва амалий масалаларни ўрганиш учун ҳар хил тадқиқот усуллари қўлланади. Буларга ўсимлик, тупроқ ва ўғитларни лабораторияда кимёвий, физик–кимёвий таҳлил қилиш; ўсимликларда вегетацион тажриба (вегетацион уйчаларда ва иссиқхоналарда) ўтказиш; ҳар хил тупроқ-иқлим шароитларида ўғитлар билан дала тажрибалари (ўғитларнинг географик минтақалардаги тажрибалари) олиб бориш; хўжаликларда ишлаб чиқариш тажрибалари ўтказиб, олинган натижаларга иқтисодий баҳо бериш ишлари киради. Агрокимёда ўсимлик асосий тадқиқот обекти ҳисобланади. Ўсимликлар озиқланишини ўрганиш ва ўғитлар воситасида уни изга солиш усулларини ишлаб чиқишда ҳар бир ўсимлик (экин)нинг биологик ва агротехник хусусиятлари ҳисобга олинади. Агрокимё тупроқшунослик ва тупроқ микробиологияси билан боғлиқ бўлганлиги учун унда тупроқ ҳам ўрганилиши керак. Агрокимё тупроқ таркибидаги озиқ моддаларнинг умумий миқдорини, уларнинг ўсимликларга ўтиш хусусиятини, ўғитларнинг ўзгариш жараёнларини ва тупроқ хоссасига таъсирини ҳамда ўғитларни ишлатиш меъёрини ва нисбатини, уларни турли хил экинларга солишнинг рационал муддатлари ва усулларини, ўғитларни қўллашнинг тупроқни ишлаш тизимлари, алмашиб экиш, суғориш тартиботи ва бошқа билан тўғри қўшиб олиб боришни ўрганади. Агрокимё ўсимликларнинг озиқланишини ўрганиши туфайли ўсимликлар физиологияси ва биокимёси билан боғланган. Ўғитларни бир шаклдан иккинчи шаклга ўтиши тупроқнинг хусусиятларига, тупроқшунослар, кимёгарлар ва микробиологлар ўрганадиган кимёвий ва микробиологик жараёнларга боғлиқ. Агрокимё фан сифатида ХИХ асрнинг 40-йилларида шаклланди. Унинг шаклланишида немис кимёгари Ю. Либих (1803-1873)нинг ўсимликларнинг минерал озиқланиши ҳақидаги таълимоти муҳим аҳамиятга эга бўлди. Ўзбекистонда, гарчи деҳқончиликда гўнг, кул, лойқа, қум, пахса кесакларидан ўғит сифатида қадимдан фойдаланиб келинган бўлсада, Агрокимё фани тарихи ХХ асрдан бошланади. Биринчи агрокимёвий тажрибаларда экинларда ўғитларни қўллаш масалалари Р. Р. Шредер, М. М., Бушуев, И. К. Негодное томонидан ўрганилган (1906 -1928 йилларда 121 та тажриба ўтказилган). Республикада Агрокимё фанини ривожлантиришда Ўзбекистон пахтачилик институти, Ўзбекистон Фанлар Академияси Тупроқшунослик ва агрокимё институти (1977) катта рол ўйнади. Агрокимё ривожланиши билан республикада минерал ўғитлар саноати тараққий этди (қаранг Кимё саноати, Кимё институти). Республикада Агрокимё фанини ривожлантиришда Б. М. Исаев, М. А. Белоусов, Н. Н. Зеленин, Т. С. Зокиров, Б. П. Мачигин, И. Н. Ниёзалиев, П. В. Протасов, Т. П. Пирохунов, Г. И. Яровенко ва бошқаларнинг ишлари муҳим аҳамиятга эга. Ўзбекистонда Тупроқшунослик ва агрокимё институтда, қишлоқ хўжалиги олий ўқув юртларидаги Агрокимё кафедраларида Агрокимё масалаларини ўрганиш бўйича тадқиқот ишлари олиб борилади. Ад.: Протасов П. В., Ниёзалиев И. Н.,Тоиров Т. 3., Пахтачиликда агрохимия, Т., 1981; Зокиров Т. С, Почвенно-агро-химические основи хлопководства, Т., 1987. И. Н. Ниёзалиев, Т. 3. Тоиров.
Адабиётлар
- ЎзМЕ. Биринчи жилд. Тошкент, 2000-йил
| Ушбу мақолада Ўзбекистон миллий энсиклопедияси (2000-2005) маълумотларидан фойдаланилган. |
| Ушбу мақола çаладир. Сиз уни бойитиб, ЗиёСферага ёрдам бериşингиз мумкин. Бу андозани аниқроғига алмаштириш керак. |