Akademik
Академик — айрим мамлакатларда юксак илмий унвон. Ўзбекистон Республикасида Ўзбекистон Республикаси Фанлар академияси ва Ўзбекистон Республикаси Бадиий академиясида академиклар сайланади. Академиклик унвони Ўзбекистон Республикаси фанлар академияси, Ўзбекистон Республикаси Бадиий академияси ва бошқа илмий ҳамда ўқув муассасаларининг олим ва ижодкорлари, шунингдек айрим шахсларга берилади.
Ўзбекистон Республикаси Фанлар академияси

Ўзбекистон Республикаси Фанлар академиясида академиклар илм-фанни жаҳон андозалари талаблари даражасида юксак илмий аҳамиятга эга бўлган илмий ишлар билан бойитган, илмий жамоатчилик томонидан тан олинган мактаб яратган, илмий ютуқлари мамлакатнинг интеллектуал ва иқтисодий салоҳиятини ривожлантириш ва кучайтиришга жавоб берадиган, ёши 65 дан ошмаган Ўзбекистон Республикаси фуқароси бўлган фан докторларидан сайланади.
Фанлар Академияси академиги илмий тадқиқотларда фаол иштирок этади; тадқиқотларнинг истиқболли ва илғор йўналишларини шакллантиради ва фаннинг ўзи сайланган соҳасининг юксак илмий даражаси учун мас’уддир; юқори малакали илмий кадрлар ва мутахассислар тайёрлаш ишларида, илғор илмий мактабларни шакллантириш ва ривожлантиришда бевосита иштирок этади; юқори малакали илмий кадрлар тайёрлашда шахсан эришган ютуқлари, илмий асарларини ўз ичига олган илмий ва илмий-ташкилотчилик фаолияти ҳақидаги йиллик ҳисоботни ҳамда ўзи сайланган фан соҳасини ривожлантиришга оид таклиф ва тавсияларни ҳар йилда Фанлар Академиясига тақсим этади; Фанлар Академияси Ҳай’ати, Фанлар Академияси президенти, вице-президентлари ва бош илмий котибнинг топшириқларини бажаради, Фанлар Академиясининг Умумий мажлиси ишида фаол қатнашади.
Академиклар Фанлар Академияси илмий муассасаларида илмий тадқиқот ишларини бажариш, Фанлар Академияси илмий муассасаларида танловдан ўтмасдан илмий лавозимларни эгаллаш, ўзининг илмий асарларини нашр этиш, Фанлар Академияси Умумий мажлиси ва Ҳай’атида кўриб чиқиш учун илмий ва илмий-ташкилий масалаларни киритиш ва уларнинг муҳокамасида иштирок этиш, белгиланган тартибда академикликка номзодлар кўрсатиш, вице-президентлар ҳузуридаги Илмий кенгашлар фаолиятида, улар фаннинг қайси йўналишига тааллуқли эканлигидан қатъи назар, иштирок этиш, вице-президентлар ҳузурида илм-фаннинг долзарб йўналишлари бўйича муайян илмий кенгашлар тузиш ҳақида таклифлар киритиш ҳуқуқига эгадирлар.
Фанлар Академияси академиклари академиклик унвони учун ҳар ойда белгиланган гонорар оладилар ва белгиланган ҳуқуқ ва имтиёзлардан фойдаланадилар. Академикликка сайловлар Фанлар Академиясининг Умумий мажлиси қарорига мувофиқ очиқ ёки яширин овоз бериш йўли билан ўтказилади. Овоз беришда қатнашган Умумий мажлис аъзоларининг камида 2/3 қисми овозини олган номзодлар сайланган ҳисобланадилар. Ихтисосликлар бўйича академикликка номзодлар кўрсатиш ҳуқуқи академиклар, илмий тадқиқот ва олий таълим муассасалари илмий кенгашларига берилади.
Фанлар Академиясида академиянинг хорижий аъзоси унвони ҳам мавжуд. Фанлар Академиясининг хорижий аъзолари илмий ютуқлари жаҳон ва мамлакат илм-фани, Ўзбекистон Республикаси халқ хўжалиги ва маданияти ривожига ижобий таъсир кўрсатган, халқаро ҳамкорликка, тинчлик, барқарорлик ишига ва ижтимоий-иқтисодий тараққиётга салмоқли ҳисса қўшган хорижий фуқаролардан сайланади. Фанлар Академиясининг хорижий аъзолари Ҳай’атнинг тақдимномасига биноан Фанлар Академиясининг Умумий мажлисида очиқ овоз бериш йўли билан сайланади. Фанлар Академиясининг хорижий аъзолари академикларга тегишли барча ҳуқуқлардан фойдаланадилар. Академиянинг раҳбариятига сайланиш, академикларни сайлашда овоз бериш, академиклик унвони учун гонорар олиш бундан мустасно.
Ўзбекистон Республикаси Бадиий академияси
Ўзбекистон Республикаси Бадиий академиясида академиклар миллий, тасвирий, амалий санъат, дизайн, санъацҳунослик соҳаларини йирик асарлари билан бойитган ва ўз ижоди, илмий, педагогик фаолияти билан соҳа тараққиёти учун улкан ҳисса қўшаётган, ўзбек маданияти ва санъатининг келажаги учун муносиб, юқори малакали мутахассислар тайёрлашда катта ютуқларга эришган, ёши 65 дан ошмаган ижодкорлардан сайланади. Бадииёт академияси ҳақиқий аъзоси академия раиси, Бошқарув кенгаши ва тегишли академик бўлимларнинг қарор, буйруқ, топшириқларини бажариши, санъатни юксак, ёрқин ижодий ва илмий ютуқлар ҳамда кашфиётлар билан бойитиши, санъат ёки санъацҳунослик соҳасининг ҳар томонлама ривожланиши учун шахсий жавобгарликни ўз зиммасига олиши, санъат ва санъацҳунослик соҳаларига тегишли мутахассисларни тайёрлашда бевосита қатнашиши лозим.
Бадииёт академияси аъзолари академия таркибида яратилган шароитлардан фойдаланган ҳолда ижодий, илмий асарлар устида ишлаш, академиянинг ижодий, илмий, ўқув муассасаларидаги мавжуд илмий лавозимларни танловда иштирок этмаган ҳолда эгаллаш, ижодий, илмий асарларини тақдим этиш, чоп эттириш, академия бошқарув кенгашига ижодий, илмий, ташкилий масалалар, таклифлар билан мурожаат қилиш ва муҳокамада иштирок этиш ҳуқуқига эгадирлар. Академикликка сайловлар Бадиий ижодкорлар уюшмаси мажлиси ва академиянинг бошқарув кенгашида яширин овоз бериш йўли билан ўтказилади. Овоз беришда қатнашган ҳақиқий аъзоларнинг камида 50% овозини олган номзодлар сайланган ҳисобланадилар. Овоз беришда бошқарув кенгаши аъзоларининг 2/3 қисми қатнашиши шарт. Номзодларни давлат, жамоат ташкилотлари ва халқаро ташкилотлар, маданият ва санъат соҳасидаги олий ўқув юртлари кўрсатиши мумкин. Бадииёт академиясида академиянинг фахрий ва хорижий аъзоси унвонлари ҳам мавжуд. Бадииёт академиясининг фахрий аъзоси этиб ватан ва жаҳон маданияти, санъати олдидаги хизматлари учун ёши 65 дан ошган соҳа намояндалари сайланиши мумкин. Бадииёт академиясининг хорижий аъзоси жаҳон маданияти, санъати тараққиётига улкан ҳисса қўшган хорижий арбоблардан сайланади. Академиянинг дастлабки ҳақиқий, фахрий ва хорижий аъзолари бадиий ижодкорлар уюшмаси мажлиси тавсиялари асосида Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасида кўриб чиқилади ва тасдиқланади[1].
Манбалар
| Ушбу мақолада Ўзбекистон миллий энсиклопедияси (2000-2005) маълумотларидан фойдаланилган. |
| Ушбу мақола çаладир. Сиз уни бойитиб, ЗиёСферага ёрдам бериşингиз мумкин. Бу андозани аниқроғига алмаштириш керак. |