Badiuzzamon
Бадиуззамон (1458, Ҳирот — 1515, Истанбул) — Хуросон ҳукмдори (1506—1507). Ҳусайн Бойқаронинг тўнғич ўғли, онаси — Марв ҳокими Санжар Мирзонинг қизи Бека Султон бегим (1488-йил вафот этган). Бадиуззамон 1473-йилдан Сеистон, кейинчалик Мозандарон ҳокими бўлган. Астробод ҳокими амир Мўғул хиёнатидан сўнг, Ҳусайн Бойқаро уни Астрободга ҳоким қилиб тайинлаган (1493-йилдан). Сўнг, у 1496-1506-йилларда Балх ҳокими бўлган.
Бобурнинг ёзишича, "Султон Ҳусайн Мирзо Балхга келганида Мовароуннаҳр фойдасини кўзлаб Балхни Бадиуззамонга беради, унинг мулки — Астрободни эса Музаффар Ҳусайн Мирзога топширади. Бадиуззамон шу туфайли аразлагани айтилади. Узоқ йиллар давом этган душманлик ва исён сабаби айни шу ҳолат бўлган. Бадиуззамон Астрободни укасига беришга кўнмаган, чунки Ҳусайн Бойқаро Астрободни унинг ўғли Муҳаммад Мўмин Мирзога суннат тўйини қилаётганда инъом қилиб юборган. Охир-оқибат, ота-ўғил ўртасидаги можаро урушга айланади. 1497-йил Бадиуззамон Пули Чироғ дарасидаги жангда мағлубиятга учрайди. Худди шу куни Музаффар Ҳусайн Мирзо Астробод ёнида Муҳаммад Мўмин Мирзони енгади. Ҳусайн Бойқаро Балхни ўғилларидан Иброҳим Ҳусайн Мирзога беради. Енгилган Бадиуззамон қолган-қутган лашкари билан Қундузга қочади, сўнг Хусравшоҳ ҳузуридан паноҳ топади. Хусравшоҳ Бадиуззамонга қўшин, қурол-яроғ билан ёрдам бергач, у Қандаҳор ва Заминдаворга боради. 1505-йил Бадиуззамон отаси билан ярашиб, унинг хизматига киради. Отаси вафот этгач, укаси Музаффар Ҳусайн Мирзо билан биргаликда тахтга ўтиради.
1506-йил Шайбонийхон Балхни қамал қилганда унга қарши Бадиуззамон Музаффар Мирзо билан отланиб бошқа укаларини ҳам ёрдамга чақиради. Бодхизда Бадиуззамон қўшинига Абулмуҳсин Мирзо ва Ибн Ҳусайн Мирзо келиб қўшилади. Заҳириддин Муҳаммад Бобур ҳам уларга ёрдамга келади, аммо улар тўплангунга қадар орадан 3-4 ой ўтади, бу орада Шайбонийхон Балхни эгаллаб, Бадиуззамон қўшин тўплаётганидан хабар топгач, кеч кузда Самарқандга қайтиб кетади. Шайбонийхон 1507-йил Самарқанддан Хуросонга қўшин тортади. Бадиуззамон укаси билан Ҳиротни ташлаб қочади, сўнг Эронга, Исмоил Сафавий ҳузурига боради. 1514-йил Бадиуззамонни турк султони Салим И Истанбулга олиб кетади, у ўша ерда вабога чалиниб вафот этади.
Бадиуззамон Ҳусайн Бойқаронинг ўғиллари орасида энг оқили ва тадбиркори бўлиб, тақводор, адолатпеша ҳамда илм-у маърифат ва ҳунар аҳлига мурувватли ҳукмдор эди. У ўз саройида олим, шоир, санъаткор ва бошқаларни йиғиб анжуманлар ўтказиб турарди. Шунинг билан бирга, у ўзи ҳам гўзал ғазаллар битган, мамлакатда қурилиш-ободончилик ишларига катта эътибор берган. Алишер Навоий Бадиуззамонни қуйидагича таърифлаган: „Султон Бадиуззамон Мирзо ҳусни сурат ва ҳусни сийрат била ораста ва жамоли зоҳирий ва камоли ботиний била пийроста йигитдур. Разм атворидин отар-тутарда дилписанд ва базм асбобидан ичмак ва бағишламақда бемонанд. Табъи ҳам назм услубида мулойим тушубтур…“.
|
Темурийлар сулоласи | ||
| ||
Адабиётлар
- Файзиев Т., Ҳусайн Бойқаронинг сирли ўлими, Т., 1995[1].
| Ушбу мақолада Ўзбекистон миллий энсиклопедияси (2000-2005) маълумотларидан фойдаланилган. |