Bibixonim

Бибихоним (асл исми Сароймулкхоним) (1341 — 1408) — Амир Темурнинг катта хотини, Чиғатой улуси хони — Қозонхоннинг қизи. Дастлаб Амир Қазағоннинг набираси — Хусайн ибн Мусаллабга (1355), кейин (Хусайн қатл этилгач) Амир Темурга никоҳланган (1370). Шу билан Амир Темур Кўрагон унвонига мушарраф бўлади. Зотан хон авлодига мансуб Сароймулкхоним ҳарамдаги барча маликалардан улуғ ҳисобланиб, „Катта хоним“ ёхуд „Бибихоним“ деган унвонга ноил бўлади.
Тарихий манбаларнинг гувоҳлик беришича, Бибихоним ўз замонасининг юксак идрокли, фаросатли, тадбиркор, маслаҳатдош ва етук ақл-заковат соҳибаси, шунингдек, ҳусн-латофат бобида ҳам беназир эди. Бибихоним инсонпарвар, ватанпарвар, мамлакатнинг сиёсий, ижтимоий, иқтисодий ва маданий ҳаётидан яхшигина хабардор бўлган, салтанат ишларида доно маслаҳатлари билан қатнашиб турган аёл эди. Айниқса, илм-маърифатга алоҳида эътибор берар, толиби илмларга ҳомийлик қиларди. Соҳибқирон Амир Темурнинг ҳарбий юришларида кўпинча ҳамроҳлик қилган. Бибихоним салтанатни бошқаришда вужудга келган айрим муаммоларни ҳал қилишда ўзининг оқилона маслаҳатлари билан фаол қатнашган. Амир Темур Бибихонимга ошкора бўйсунмаса-да, бироқ унинг оқилона маслаҳатларига ўзида қандайдир эҳтиёж сезиб турган.
Бибихоним ўз жамғармаси ҳисобидан Самарқандда улкан Мадраса (қаранг Бибихоним мадрасаси) қурдирган.
Бибихоним фарзанд кўрмаган бўлсада, Соҳибқирон ўз набиралари — Муҳаммад Султон, Халил Султон, Улуғбек ва бошқа мирзоларни бевосита зукко Бибихоним тарбиясига топширган эди.
Самарқандда Амир Темур Бибихонимга атаб қурдирган Бибихоним жоме масжиди мавжуд. Бибихоним ҳақида халқ орасида кўплаб ривоятлар сақланиб қолган.
Турғун Файзиев.
Сароймулкхонимнинг ҳаёти
Сарой мулк хоним Чиғатой улусига мансуб хонлардан бири, Қозонхоннинг қизи бўлиб, 1341-йилда таваллуд топган. Балоғатга етгач, Мовароуннахр ҳукмдори Амир Қозоғоннинг набираси Амир Ҳусайнга турмушга чиқади. 1370-йилда, Амир Ҳусайнинг Балх жанги вафотидан сўнг 29 ёшли Сароймулкхонимни Амир Темур никоҳига олади. Юксак инсоний фазилатларига эгалиги туфайли Сароймулкхоним, Амир Темур аҳли аёллари -маликаларининг улуғига айланади ҳамда „каттахоним“ ёхуд „Бибихоним“ мавқеи берилди. У ўз замонасининг юксак идрокли, фаросатли, тадбиркор аёли ва ақл-заковат соҳибаси бўлган. Шунингдек, ҳусн-латофат бобида ҳам беназир бўлган. Сарой мулк хоним сиёсатдон, инсонпарвар, саҳоватли малика сифатида салтанатни бошқаришда фаол иштирок этган. Мамлакатнинг ижтимоий ва маданий қурилиш ишларига, айниқса, толиби илмларни ҳар тарафлама қўллаб қувватлаш борасида ном қозонган.
Айтишларича, Самарқанддаги хозирги жомеъ масжиднинг кун чиқар томонидан мадраса қурдиради. Мадраса ниҳоятда маҳобатли бўлиб, Амир Темур қурдирган жомеъ масжидига туташ бўлган. Бироқ турли сабабларга кўра вайрон этилган.
Соҳибқирон фармонига биноан, 1399-1404-йилларда жомеъ масжид қуриб битказилди. Баъзи ривоятларда Амир Темур масжидини доно ва оқила хотини Сароймулкхонимга туҳфа қилган, дейишади. Шунинг учун бўлса керак Амир Темур жомеъ масжиди ҳам Бибихоним номи билан шуҳрат топгандир. Темурийзодалар тарбияси бевосита Бибихоним билан боғлиқ. У Шоҳруҳ Мирзо, Мирзо Улуғбек, Муҳаммад Султон, Халил Султонларнинг илм-маърифатни англашида раҳнамолик қилган. Айниқса, Мирзо Улуғбек соғлом ўсиши, диний ва дунёвий билимларни мукаммал эгаллашида, Бибихонимнинг меҳнати беқиёсдир.
Соҳибқирон Темурнинг ўлимидан сўнг, Самарқанд тахти, унинг набираси Халил Султонга ўтди шу даврда Бибихоним анча қийинчиликларга дуч келади. 1409-йилда Самарқанд тахтини Шоҳруҳ Мирзонинг тўнғич ўғли Мирзо Улуғбек эгаллаганда севикли бувиси Бибихоним ҳаётдан кўз юмган эди.
Сарой Мулк хоним қабрининг очилиши

1927-йилда Бибихоним мақбарасидаги Сарай Мулк хоним сағанаси нома’лум шахслар томонидан талон-торож қилиш мақсадида очилган. Тахминларга кўра, шу пайтда маликанинг узуги ўғирлаб кетилган. Дафн жойини текширган Халқ маорифи халқ комиссарлиги ҳамда Қадимий ёдгорликлар ва сан’атни муҳофаза қилиш қўмитаси (Узкомстарис) вакилларидан иборат комиссия нафақат қабр бузилганини қайд этди, балки қимматли илмий ма’лумотларни ҳам аниқлади. Хусусан, жасад қолдиқларининг, жумладан мушак тўқималари ва терининг айрим қисмларининг нисбатан яхши сақлангани, кийим қолдиқлари ҳамда балзамлаш (мумиёлаш) аломатлари мавжудлиги қайд этилди. 1941-йил 21-июнда сағана яна бир бор очилди. Шундан сўнг Сарай Мулк хонимнинг жасад қолдиқлари кейинги илмий тадқиқотлар ва сақлаш мақсадида Тошкентдаги музейга олиб кетилди. 1947-йилда Ўзбекистон ССР Вазирлар Кенгашининг қарорига мувофиқ, ушбу қолдиқлар Самарқанддаги Ўзбек халқи маданияти Республика музейига топширилди ва ўша йилнинг июн ойида музейга келтирилди. Кейинчалик Ўзбекистон ССР ҳукумати музейга Сарай Мулк хонимнинг жасад қолдиқларини ўзининг тарихий дафн жойига қайтаришни топширди. Бу қарор 1950-йил 10-июнда ижро этилиб, қолдиқлар яна ўз сағанасига қайта дафн қилинди.[1]
Адабиётлар
- ЎзМЕ. Биринчи жилд. Тошкент, 2000-йил
- Самарқанд давлат музей-қўриқхонаси — САМАРҚАНДНИНГ ТАРИХИЙ ОБИДАЛАРИ ВА МУЗЕЙЛАРИ БЎЙИЧА ЭКСКУРСИЯ МАТНЛАРИ, 2010
| Ушбу мақолада Ўзбекистон миллий энсиклопедияси (2000-2005) маълумотларидан фойдаланилган. |
| Ушбу мақола çаладир. Сиз уни бойитиб, ЗиёСферага ёрдам бериşингиз мумкин. Бу андозани аниқроғига алмаштириш керак. |
- ↑ Рубен НАЗАРЬЯН. «А мумию женщины вернуть в саркофаг…» // Восток Свыше № 4 (32). Октябрь-декабрь 2013 г. С.25-28