Бронза, биринж 1) техникада — миснинг қалай, алюминий, кремний, бериллий, қўрғошин ва бошқа элементлар билан қотишмаси. Масалан, мис билан қалай қотишмаси қалайли бронза деб аталади. Қалайли бронза ишқаланишга яхши чидайди, сув ва буғда деярли зангламайди, қолипга яхши қуйилади, қуйилганда 1% дан ҳам кам киришади. Ишқаланадиган деталлар, жўмраклар, уч йўллик (тройник)лар ва бошқа тайёрлаш учун ишлатилади. бронзанинг механик хоссалари таркибидаги қалай миқдорига боғлиқ бўлади: қалай 20% дан сал ошгунча мустаҳкамлиги ортиб бориб, сўнгра тез пасаяди, қалай тахминан 5% дан ортгач, пластиклик хоссаси пасая боради. Қалайли бронзаларга легирловчи элементлар сифатида рух, қўрғошин, никел ва бошқа баъзи элементлар қўшилади. Алюминийли бронза механик хоссаси, кимёвий таъсирларга чидамлилиги, суюқ ҳолатда оқувчанлиги ва бошқа баъзи хоссалари жиҳатидан қалайли бронзадан устун туради. Термик ишлов бериб, уларнинг механик хоссаларини яхшилаш мумкин. Булар хилма-хил втулкалар, шестернялар, йўналтирувчилар ва бошқа муҳим деталлар тайёрлаш учун ишлатилади. Таркибида 3—4% кремний бўлган бронзанинг механик хоссалари қалайли бронзаларникидан яхши бўлади, аммо қолипга қуйилганда кўпроқ киришади. Кремнийли бронзаларнинг қолипга қуйилиш ва кесиб ишланиш хоссаларини яхшилаш учун уларга рух ёки қўрғошин қўшилади. Бериллийли бронза 2% бериллий билан 98% мисдан иборат қотишма. Олдин тобланиб, сўнгра бўшатилса, қаттиқ ва мустаҳкам бўлиб қолади. У пухта, пластик, яхши пайвандланувчан, осон кесиб ишланадиган ва коррозияга чидамли бўлгани учун ундан пружиналар, мембраналар, зарб билан ишлайдиган асбоб ва бошқа тайёрланади. Қўрғошинли бронзанингмашинасозликда антифриксион материал сифатида энг кўп ишлатиладигани 30% қўрғошин ва 70% мисдан иборат; 2) санъатда — қадимдан амалий безак ва ҳайкалтарошлик асарлари хом ашёси (қалайли бронза қўнғироқлар, ўрта асрларда Хитойда бронза идишлар қуйишда кумуш ҳам қўшилган). Бронза кукуни ва юпқа тахтаси (сохта тилла) ёғоч, суяк, металл, гипс ва ҳоказодан ишланган буюмларни ҳаллаш, қоплашда ишлатилади. бронзанинг қолипга қуйилиш хусусияти яхшилиги туфайли (ишкаланишга яхши чидайди, деярли зангламайди ва бошқалар) ҳайкалтарошликнинг майда қисмларигача яратиш имконини беради; қайишқоклиги, нафислиги, окувчанлиги, ортикча меҳнат талаб килмайди; бўртиб чиққан ҳажмли мужассамот ғовак, нисбатан енгил қуйма олиш имконини беради. Бронза оксидланиб турғун рангга (кўкдан тўқ жигарранг ва қорагача) эга бўлади, бундан ташқари кимёвий пардозга, ҳаллаш, сайқаллаш, тоблаш, зарблаш, чизишга осон берилувчан, бу эса буюмнинг ранги ва сифатини рангбаранг қилишга ёрдам беради.

Милоддан аввалги 3-минг йиллик ўрталарида Месопотамияда, 2-минг йилликдан Мисрда содда, очиқ қолип (тош, қум, ёғоч ва бошқалар) усулидан сўнг табақали ёпиқ қолип (лой қолип)да қуйиш пайдо бўдди. Уларда қуйилган мукаммал ҳайкал ва идишлар қисмлари қалайлаб бирлаштирилган, чоклари кандакорлик билан силлиқданган бўртма деталлар билан ишланган. Кандакорлик баъзан чизмакори усули билан тўлдирилган (Ниневиядан топилган бронза бош, милоддан аввалги 23 аср, Ироқ музейи, Бағдод). Қалин деворли, диний идишларда кандакорлик билан бўртма тасвирлар яратилган (Осиё ва Закавказе мамлакатларида). Милодий 1-минг йиллик охирларида бронза буюмлар ўта майда бўртма тасвир (нақш, мураккаб ёзувлар, маиший ва ов лавҳалари) ва мис, кумуш, баъзан тилла қадамалар билан безатилган (Яқин Шарқ).

Милоддан аввалги В—ИВ асрларда Юнонистонда йирик бронза ҳайкаллари қуйилган (Поликлет, Мирон, Лисипп ва бошқалар) ва улар мум қуймаси усулида ишланган. бронза имкониятлари туфайли ҳайкал яратишда инсон танасининг барча хусусиятлари акс эттирилган. Қадимги Римда портрет бюстлари ва бошқа йирик бўлакларда қуйилган, сайқалланган мужассамотларнинг шаклан аниқ ва ишонарлилигига эришилган.

Ўрта Осиёда милоддан аввалги 2-минг йилликнинг 2-ярмида бронза металлургияси яхши ривожланди. Бронзанинг кашф этилиши деҳқончилик ва чорвачиликнинг тез ривожланишига олиб келди. бронзадан куроллар, идишлар, безаклар ишлана бошлади. бронзадан ясалган зебзийнат, уйрўзғор буюмлари, яроғаслаҳа ва ҳайкалтарошлик асарлари, бронза буюмларига ишланган нақш, расмлар дастлаб Ғарбий Осиё, Қадимги Миср, Ўрта Осиёда ўрганилган. Ўзбекистон ҳудудидан қад. даврга оид кўпгина бронза санъати намуналари топилган. Мае, Ҳақ (Фарғона вилояти) қишлоғидан топилган Т шаклидаги бронза тўғноғичнинг (милоддан аввалги 3—2-минг йиллик) тепа қисмида бузоғига суйкалиб турган сигир ва уни соғаётган аёл тасвирланган. Обираҳмат (Тошкент вилояти) қишлоғидан топилган бронза билагузукларнинг сиртига ўсимлик новдалари шакли чизилган. Ўзбекистоннинг турли ерларидан топилган (милоддан аввалги 1-минг йиллик ўрталари) сак, массагет қабилаларининг бронза санъати буюмлари — пичоқ, ханжар, қилич, болта, дубулға ва қозонларнинг безак услуби бир хил. Ўзбекистон халклари тарихи музейи тўпламида бир қулоқли, чўлоқ, яланғоч киши; бўрига миниб олдига болани ўтқазиб олган одамнинг бронза ҳайкалчалари бор. ХИ—ХИИИ асрларга оид санъат асарлари орасида бронзадан ясалган қуш, ҳайвон ва одамларнинг ҳайкалчалари мавжуд. Аҳмад Яссавий мақбараси (Туркистон шаҳри) учун Амир Темур бронзадан қуйдирган улкан қозон ва шамдон (ХИВ аср охири) ўша даврнинг етук бронза санъати асарларидан. Қозон сатҳидаги ислимий услубдаги нақшлар орасига сулс ва куфий хати билан ёзувлар битилган. Шамдон (баландлиги 87 см) сатҳига олтин ва кумуш нақшлар ўйиб ишланган, ислимий безаклар билан бир қаторда сулс хати билан ҳам безатилган. Хивадаги Паҳлавон Маҳмуд мақбараси шипидаги қандил ва унинг занжирлари бронзадан ясалган.

Бронза ҳайкалтарошлик, амалий санъат ва бошқаларда кенг ишлатилади, ундан ҳайкаллар, бадиий буюмлар, безаклар каби санъат асарлари яратилмоклд (жумладан, Амир Темур, Алишер Навоий, Беруний, Фарғоний ва бошқаларнинг ҳайкаллари).

Европада ўрта асрлар ва роман услубидаги черков, собор бронза эшиклари, мақбаралар, турли шаклдаги йирик идишлар, диний маросим буюмлари ва бошқа йиғма бўлган. Улардаги текис, юза тасвир ва нақшларда бронзанинг салмоғи сезилади.

Уйғониш даврида яна мум қуймаларидан фойдаланилган, бунда қисмларга бўлиб қуйиш кенг тарқалган, йиғилганда ҳосил бўлган чоклар кандакори усулида йўқотилган. ХВИИ—ХВИИИ асрлар текис юза ва бўртма тасвирда рангбарангликка эришилди, бронза сарой ва боғлар безагининг элементларига айлантирилди. Тилла ҳалнинг турли тусларини қўллаш, бўғиқ ва панжарали қуйишни қўшиб қўллаш бронза имкониятларини чексиз қилиб қўйди.

ХИХ аср ўрталаридан бадиий бронза ишлаб чиқариш инқирозга учради, арзон буюмларга талабнинг ортиши, дастгоҳли ҳайкалтарошликнинг ўсиши бронза имкониятларига қизиқишни пасайтирди. Янги юксалиш даври ХИХ аср охири ва ХХ асрдан импрессионистлар (О. Роден, П. Трубеский) ҳамда ҳайкалтарошлар (А. Бурдел, Ш. Деспо, Ж. Мансу ва бошқалар) ижодида кўзга ташланди.

Адабиётлар

  • ЎзМЕ. Биринчи жилд. Тошкент, 2000-йил