Chiyal
Чиял — Қашқадарё вилоятининг Кўкдала туманидаги ҳудуд. Шўролар даврида „Пайшами“ („Пайшанба“) бозори ва яхна деб номланадиган таоми билан машҳур бўлган.
Умумий маълумотлар
Қораевнинг „Ўзбекистон топонимияси“ номли асарида Чияли номи чия — „ёввойи олча“дан олинган деб ҳисоблайди.[1] Аммо тарихчи олим Шамсуддин Камолиддиновнинг фикрича, Чиял бу туркий уруғлардан бирининг номи.[2] „Чиял“ қадимги турк уруғи чигиллар номидан олинган бўлиши мумкин. Халқ орасида тарқалган ривоятларга кўра ушбу қишлоқ жойлашган қир-адирларда қадимда чия бўрилар жуда кўп бўлган ва халқ шундан келиб чиқиб қишлоқни Чиялисой (чиябўрилар юрадиган сой)деб атаган, кейинчалик сой қўшимчаси тушиб, Чияли тарзида айтилган.
Худди шу номда (тўғрироғи Чияли тарзида) Бошқирдистонда қишлоқ мавжуд.
Чиял жамоа хўжалиги иқтисоди асосан қишлоқ хўжалигига асосланган: пахта, ғалла, кунжут етиштирилади. Чиял жамоа хўжалигида паррандачилик фабрикаси ҳам мавжуд. Ундан ташқари аҳоли ўртасида ўз жувозларига эга бўлганлар ҳам анчагина. Жувоздан олинган ёғни чиялликлар Самарқанд вилоятига олиб бориб сотишади. Чияли қишлоғи 16-17 та алоҳида-алоҳида кичик қишлоқ-овулларга бўлинади(Қозоқ, Тоқчи, Тўқмор, Чувиллоқ, Аннарўз, Дурсун, Зум,Шов, Қилбурун,Жинни ва б.), ўз навбатида овуллар ҳам яна бир қанча кичик-кичик ҳудудларга (Шевада „тупор“ дейилади.)бўлинади. Байрамлар, халқ сайлларини тупор-тупорга бўлиниб нишонлашади. Чияли қишлоқларида наврўз байрами ўзига хос тарзда нишонланади, аҳоли кенг қир-адирларга чиқиб халқ сайлини ташкил этади. Наврўзни бир йилда туғилган, ишлаб, уй-жой қилган синфдошлар ўзаро пул йиғиб нишонлайдилар, бутун халққа текин ош тарқатилади, дорбозлар, пойтахтдан чақирилган хонандалар, кураш, кўпкари мусобақалари байрамга ўзига хос руҳ бағишлайди. Чиял ҳудудидан Қумдарё оқиб отади. Бу дарёнинг ўзига хос хусусияти — фақат баҳорда сувга эга бўлишидир. Бошқа фаслларда бу дарё қуриб қолади. Қуриган пайтда тагидаги қумларни кўриш мумкинлиги учун шу ном берилган бўлса керак.
Чиял бозори
Чироқчиликлар бу бозорни „Пайшами бозор“ деб аташади. „Пайшами“ („Пайшанба“) деб аталишига қарамасдан, якшанба куни бўладиган бу бозор шўролар даврида камёб товарларнинг мўл-кўллиги билан машҳур эди. Магазинларда топилмайдиган, „пештахта ости“дан сотиладиган совет ва импорт товарларни шу бозордан топиш мумкин эди. Шунинг учун бу ерга вилоятнинг турли бурчакларидан ўзига тўқ одамлар келишган.
Чиялликлар савдогарликлари билан машҳур бўлишган. Бозор ҳақида эл орасида афсоналар юради. Шулардан бир нечтаси: бозорда қурол сотиб олишингиз мумкин, ўғрилик йўқ, чунки ўғри тутилиб қолса, уни тошбўрон қилишади ёки дўппослашади ва ҳоказо.
Бу бозор номи ҳатто адабий асарга ҳам киришга муваффақ бўлган. Таниқли ёзувчи Ўткир Ҳошимов ўзининг "Икки карра икки беш" номли асарида Чияли бозори ҳақида ёзган. Асар қаҳрамони Қўшоқвой ёшлигида Чияли бозорига боради ва бир қанча қизиқ ҳангомаларга дуч келади.
Ҳозирда бу бозорнинг мавқеи бироз пасайган, шўролар давридаги ва мустақилликнинг дастлабки йилларидаги аҳамиятини йўқотган. Бунга сабаб „пештахта ости“ деган тушунчанинг йўқолгани ва рақобатчи бозорларнинг кўпайиб кетганлиги бўлиши мумкин.
Ҳаволалар
Яна қаранг
Манбалар
- ↑ Қораев, „Ўзбекистон топонимияси (ижтимоий аспект)“[сайт ишламайди], Тошкент, 1991
- ↑ „Сўғд ва Тоҳаристоннинг тарихий жўғрофияси“, Тошкент, 1996