Судан дарвиш 1920 йил

Дарвиш (форсча: درویش‎‎ — туркча дервиš — камбағал) қаландар -қашшоқ, - ўзини Аллоҳ йўлида хизмат қилишга бағишлаган ва ўзини ўзи камолотга етиштириш йўлига кирган инсон. „Со’фий“ сўзига синоним. Дарвишлик таълимотининг асосини зикр тушиш орқали худо билан „яқинлашиш“ ва, ҳатто, у билан „қўшилиб кетиш“ мумкин, деган ғоя ташкил қилади. Эрон, Ўрта Осиё, Туркияда Дарвиш сўзи тор маънода — шахсий мулки бўлмаган камбағал, дайди зоҳидни (16-аср бошигача -"қаландар" атамасининг синоними) англатган. Дарвишнинг бошланғич маъносини билдирган „камбағал“ сўзи сўфийликнинг ихтиёрий камбағаллик, оз нарсага қаноат қилиш ҳақидаги таълимотидан келиб чиққан. Дарвишлар муайян маслак (сулук)ка бирлашган ва унинг гояларини тарғиб қилган. Дарвишликнинг машҳур сулуклари: нақшбандийлик, яссавийлик, кубровийлик ва билан таълимоти, амалиёти, одати ва кийимларидан қатъий назар, Дарвишлар икки гуруҳ — дайди, доимо дарбадарлик қилиб юрувчиларга ва шайх, пирлар раҳбарлигида муқим яшовчиларга бўлинган.

Дарвишларнинг биринчи гуруҳи эрта баҳорда дунё бўйлаб сафарга отланганлар. Шунинг учун уларни „дарбадар“, эшикма-эшик юрувчи деб ҳам атайди. Иккинчи гуруҳи ҳунармандлар, савдогарлар, турли даражадаги амалдорлар ва бошқалардан иборат бўлиб, уйда яшаб, ўз ишлари билан шуғулланган. Улар ҳар кунги ибодатни бажарган, ҳафта ёки ойнинг аниқ белгиланган куни умумий зикр тушишга қатнашганлар. Инқилобдан олдин Ўрта Осиёда ҳам Дарвишлик кенг ёйилган, Дарвишларнинг фаолияти билан боғлиқ қаландархоналар ва хонақохлар мавжуд бўлган. Дарвишлик сулукларининг таъсири Покистон, Ҳиндистон, Индонезия, Эрон ва Африканинг айрим мамлакатларида ҳозир ҳам мавжуд.

Галерея

Манбалар

Адабиётлар

Ислом энсиклопедияси — Тошкент 2004

Ҳаволалар