Диффузор — 1) қувур ёки каналнинг ҳаво, газ ёки суюқлик оқими секинлашадиган ва босими ошадиган қисми. Ҳаво ўтказиш қувурларида, газ, нефт тозалаш ва ҳайдаш ускуналарида, ўлчаш асбобларида диффузор бўлади. Автомобил двигателлари карбюраторларида диффузор силиндрларга юбориладиган ёнилғи аралашмасининг ҳосил бўлиш шароитларини (тўла буғланиши ва чангишини) яхшилайди, ҳаво тезлигини оширади; 2) электротехникада — радиокарнай механик тебранувчи тизимининг бир қисми; ҳавода товуш тўлқинлари ҳосил қилиш учун мўлжалланган; 3) фототехн икада — контрасти камайтирилган (юмшоқ) расмнинг фотографик тасвирини олиш учун мўлжалланган мослама; 4) алюминий олишда — майдаланган боксит бўлаклари ишқор эритмасида ишланадиган аппарат. Одатда, 12—14 та шундай аппаратни кетма-кет бириктириб, батарея ҳосил қилинади. Батареянинг бир томонидан иссиқ сув берилиб, иккинчи учидан консентрланган натрий алюминат эритмаси олинади.

Адабиётлар

  • ЎзМЕ. Биринчи жилд. Тошкент, 2000-йил.