Эпикур (милоддан аввалги 341-йил — милоддан аввалги 270-йил, Афина шаҳри Самос ороли) — юнон файласуфи.

Эпикур (Έπίκουρος)
Таваллуди милоддан аввалги 341, Афина шаҳри Самос ороли
Вафоти милоддан аввалги 270, Афина

Биографияси

Эпикурнинг ота-онаси Неокл ва Херестрат Афина фуқароси бўлган. Эпикурнинг ёшлик даври юнон классик даврининг сўнгги йилларига тўғри келади[1]. Афлотун Эпикур туғилишидан етти йил олдин вафот этган ва Эпикур Александр Македонский Эллеспонтдан Форсларнинг давлатига ўтганида етти ёшда эди[2].

Фаолияти

Милоддан аввалги 306-йилдан Афина шаҳрида яшаган, ўзининг исми билан аталган фалсафа мактабига асос солган. Эпикур 300 дан ортиқ асар муаллифи ҳисобланади. Лекин унинг бир нечта хати, афоризмлари ва эсдаликларигина сақланиб қолган. Эпикур фалсафани физика (табиат тўғрисидаги таълимот), каноника (билиш тўғрисидаги таълимот, унда сенсуализмга амал қилган) ва этика каби турларга бўлган. Эпикур физикада Демокритнинг атомистика таълимотига эргашади. Ушбу таълимот орқали сон-саноқсиз оламлар орасидаги фазоларда яшаётган бефарқ худоларни мавжуд деб билади, лекин уларнинг коинот ва одамларнинг ҳаётига аралашувини инкор этади. У Платоннинг „ғоялар дунёси“, Аристотелнинг „биринчи туртки“ ва бошқаларнинг ғайритабиий кучлар ҳақидаги ғояларига қўшилмайди, олам сон-саноқсиз, чексиз, доимий ҳаракатда ва ўзгаришда деб ҳисоблайди.

Эпикур каноникага доир қарашларида дунёни илмий томонлама билиш мумкинлигини эътироф этади. Эпикур канониканинг мақсади ҳақиқатни билиш, ҳақиқат мезонларини топиш ва аниқлашда деб тушунган. Эпикур этикасида адолат, дўстлик, донишмандлик тушунчалари муҳим ўрин эгаллайди. Адолат тушунчасини ўзгага зарар етказмаслик ва ундан зарар кўрмаслик деб билади. Эпикурнинг фикрича, дўстликнинг асосида инсоннинг шахсий эҳтиёжи ётади. Эпикурнинг шиори „Одамлардан йироқ бўлиб яша“ деган фикр бўлган. Эпикур азоб-уқубатларнинг бўлмаслиги, таннинг соғломлиги ва руҳнинг беташвишлиги (атараксия)ни ҳаётнинг мақсади деб билган. Эпикурнинг фикрича, оламни билиш қўрқувдан, ўлим даҳшатидан, ирим-сиримлар ва бошқа шунга ўхшаш нарсалардан халос қилади деб ўйлаган. Эпикурнинг ишлари ҳақида, асосан, шогирдлари, замондош файласуфлар ва асарлари ахборот беради.

Эпикур учун фалсафа соҳасининг вазифаси апониа деб аталмиш бахтли, сокин, оғриқ ва қўрқувдан холи ҳаётга эришишдир. Эпикурнинг фикрига кўра лаззат ва оғриқ орқали яхши-ёмонни аниқлаш мумкин.

Эпикур ўзининг физика ва космология ҳақидаги кўп маълумотларини Демокритдан (милоддан аввалги 460-370-йилларда) олган. Демокрит сингари, Эпикур ҳам коинот чексиз ва абадий эканлигини ва барча материя атомлар деб аталадиган жуда кичик, кўринмас зарралардан иборат эканлигини ўргатган. Табиатдаги барча ҳодисалар атомларнинг бўш фазода ҳаракатланиши ва ўзаро таъсири натижаси эканлигини таъкидлаган.

Милоддан аввалги 311-йилда Эпикур ўттиз ёшга тўлганида Митилинида дарс бера бошлайди[3][4]. Лекин Эпикур таълимоти Митилинида низоларни келтириб чиқаради ва у кетишга мажбур бўлади. Эпикур Афинага қайтишдан олдин Лампсакусда мактаб ташкил этди. Эпикур Милоддан аввалги 306-йилдан то ўлимигача шу ерда қолди[5]. Лампсакусда Эпикур ўзига тегишли бўлган жойда боғ номи билан аталган „Боғ“ (кῆπос) мактабига асос солди ва у жой мактабнинг йиғилиш жойи бўлиб хизмат қилди. Боғ шунчаки мактаб эмас эди. Мактаб „муайян ҳаёт тарзида ўхшаш фикрловчи ва интилувчан амалиётчилар жамоаси“ эди. Эпикурнинг мактаби қадимги юнон фалсафий мактаблари ичида аёлларни истисно тариқасида қабул қилмаган эмас, балки қонунан қабул қилган биринчи мактаб бўлган ва Эпикурнинг таржимаи ҳолида Диоген Лаэртиус, Леонтион ва Никидион каби қиз талабалар рўйхати келтирилиб қўйилган[6].

Манбалар

  1. ↑ ДеWитт 1954, сс. 8–9.
  2. ↑ ДеWитт 1954, с. 8.
  3. ↑ ДеWитт 1954, с. 11.
  4. ↑ Wассон 2016.
  5. ↑ Барнес 1986, с. 367.
  6. ↑ Диогенес Лаëртиус, Ливес оф тҳе Эминент Пҳилосопҳерс, Боок Х, Сеcтион 7

Ҳаволалар