Fargʻona viloyati
Фарғона вилояти — Ўзбекистон Республикаси таркибидаги вилоят. 1938-йил 15-январда ташкил этилган. Республиканинг шарқида, Фарғона водийсининг жанубида жойлашган. Шимолдан Наманган, Андижон вилоятлари, жануб ва шарқдан Қирғизистон, ғарбдан Тожикистон Республикалари билан чегарадош. Майдони 6,8 минг км2 .Аҳолиси 2023-йил 1-апрел 3 994 800 киши. Таркибида 15 туман, 4 шаҳар (Марғилон, Фарғона, Қувасой, Қўқон), 5 туманга бўйсунувчи шаҳар (Бешариқ,Риштон,Яйпан,Қува,Ҳамза,25 дан ортиқ шаҳарча, 164 қишлоқ фуқаролари йиғини бор (2019). Маркази — Фарғона шаҳри.
| вилоят | |
|---|---|
| Маъмурий маркази | Фарғона |
| Йирик шаҳарлари | Фарғона, Қўқон, Марғилон, Қувасой |
| Асос солинган санаси | 1938-йил |
| Ҳоким | Хайрулла Бозоров |
| Расмий тиллар | ўзбекча |
| Аҳоли (2023(1-апрел)) | 3 994 800 (2-ўрин) |
| Зичлиги | 474,88 киши./км² |
| Динлар таркиби | мусулмонлар, христианлар |
| Майдони | 6 800 км² (10-ўрин) |
| Вақт минтақаси | УТC+5 |
| Код ИСО 3166-2 | УЗ-ФА |
| Автомобил рақами коди | 40 - 49 (2008-йилдан) |
| Расмий сайти | ҳттп://фергҳана.уз/ (ўзб.) |
| Харитада | |
|
| |
|
| |
Тарихи

Фарғона вилояти Ўзбекистоннинг қадимги маданият ўчоқларидан бири. Вилоят ҳудудида топилган тош даври манзилгоҳлари ва қоятошларига солинган суратлар водийда одамлар энг қадимги даврлардан бери яшаб келганликларидан дарак беради. Фарғона вилоятининг тош даври ёдгорликларини 1954-йил А. П. Окладников раҳбарлигидаги археология отряди ўрганган. Водийнинг шарқий қисмидаги Қайроққум, Хўжағор ва Учқўрғон маконларидан мусте даврига оид тош қуроллар топилди. Водийнинг ғарбий қисмидаги қадимги тош даври маданиятига оид манзилгоҳлар мусте давридаги Қалъача, Жарқўтон ва Қапчиғай тош қуроллар ишлаш устахоналари топилиб ўрганилди. 1958-йил биринчи марта Марказий Фарғонадан мезолит даврига оид микролит тош қуроллари топилди. Шунингдек, Марказий Фарғонадаги Узункўл ва Тайлоқкўл атрофларидан мезолит ва неолит даврларига оид 24 та манзилгоҳ борлиги аниқланди (1965). Сўх воҳасидаги 28 ғор ва унгурлар (Селунгур, Эшма, Обишир, Сур, Бел, Зим, Овикамбар, Боғишим ва бошқалар) рўйхатга олинди. Обишир ғорларидаги маданий қатлам яхши сақланган. Ғорларни қазиш жараёнида мезолит даврига оид тош қуроллар, ҳайвон суяклари топилган. Булар ўша давр турмушини ўрганиш имконини беради.
1967 ва 1969—70 йилларда Санкт-Петербургдаги Эрмитаж музейи ходимлари мезолит ва неолит даврларига оид 35 та манзилгоҳ топдилар. Фарғона вилоятининг археологик ёдгорликларини ўрганишда Катта Фарғона каналининг қазилиши муҳим аҳамиятга эга бўлди. Канални қазиш жараёнида жез даври, қулдорлик ва заминдорлик жамиятларига оид ёдгорликлар топилди ва текширилди. Қува ва Тошлоқ туманлари ўртасидаги Акбаробод қишлоғида жез даврига оид манзилгоҳ, Марғилонсойнинг чап соҳилида Оқтом қабристони бўлганлиги аниқланди. Фарғона вилоятининг Қува туманида қулдорлик даврига оид Тахёнтепа, Фарғона шаҳрида Симтепа (Чимтепа) каби ёдгорликлар топиб ўрганилган. Айниқса, Қува шаҳридаги милоддан аввалги В аср ва ўрта аср бошларига оид топилмалар яхши текширилган. Х—ХИ асрларга доир тарихий манбаларда бу шаҳар ободлиги ва катталиги жиҳатидан водийда Ахсикатдан сўнг энг йирик шаҳар деб қайд қилинган. Археологик материаллар Марғилон шаҳри Х асрда катта қишлоқ бўлиб, ХИ—ХИИ асрларда шаҳарга айланганлигини, Риштон эса Х асрда катта шаҳар бўлса ҳам, 11-12 асрларга келиб қишлоқ қиёфасига кириб қолганлигини исботлайди. Ўтроқ деҳқончилик, чорвачилик билан шуғулланган Чуст маданиятига оид манзилгоҳлардан топилган ёдгорликлар Фарғона водийсини ўрганишда муҳимдир. У ерда ишлаб чиқариш кучлари ва хўжаликнинг тараққиёти жез даврининг охирида деҳқончилик қабилаларининг ижтимоий тузумида ўзгариш юз беришига, натижада ибтидоий тартиблар тугаб, жамиятдаги табақаланишга олиб келган. Рўзғор анжомларида хусусий мулкчилик куртаклари кўзга ташланади. Археологик текширишлар натижаси Фарғона вилоятида қадимдан одамлар яшаб, овчилик, деҳқончилик, чорвачилик билан шуғулланганлигидан, кишилик жамиятининг кейинги босқичларида эса маданият ривожлана бошлаганлигидан далолат беради.
Вилоят Ўзбекистон ССР таркибида
Фарғона округи — Ўзбекистон ССР таркибида 1926-1930-йилларда мавжуд бўлган маъмурий-ҳудудий бирлик. 1926-йилда ташкил топиб, унинг маркази Қўқон шаҳри этиб белгиланган.
1929-йил ҳолатига кўра округ 9 округга бўлинган:
- Олтиариқ тумани (маркази — Олтиариқ шаҳри,
- Бағдод тумани (маркази — Бағдод қишлоғи),
- Бешариқ тумани (маркази — Бешариқ қишлоғи),
- Қўқон тумани (маркази — Қўқон шаҳри),
- Қува тумани (маркази — Қува шаҳри),
- Қудаш тумани (маркази — Қудаш қишлоғи),
- Марғилон тумани (маркази — Марғилон шаҳри),
- Риштон тумани (маркази — Риштон шаҳар типидаги аҳоли пункти),
- Фарғона тумани (маркази — Фарғона шаҳри).
Округ аҳолиси 1926-йилда 674,1 минг киши эди. Улардан ўзбеклар — 80,5%, тожиклар — 9,4%, руслар — 3,9%, қирғизлар — 1,9%.
СССРнинг аксарият округлари сингари 1930-йил 30-июлда Фарғона округи ҳам тугатилган. Унинг туманлари бевосита Ўзбекистон ССРга бўйсунишга ўтказилган.
1938-йил 15-январда маркази Фарғона шаҳри бўлган Фарғона вилояти (1938-йил 15-январ) ташкил этилган. Вилоят таркибига дастлаб 30 та туман (Ойим , Олтиариқ, Бағдод, Балиқчи, Ворошилов тумани, Жалақудуқ, Избоскан, Каганович, Косонсой, Киров, Қўқон, Куйбишев, Ленин, Марғилон, Марҳамат, Павлов, Наманган), Сталин, Тошлоқ, Тўрақўрғон, Уйчи, Учқўрғон, Фарғона, Хўжаобод, Чуст, Янгиқўрғон) ва вилоятга бўйсунувчи шаҳарлар (Фарғона, Қўқон, Марғилон, Наманган ва Чуст) кирган.
1939-йилда Олтинкўл, Қува ва Фрунзе туманлари ташкил этилган.
Бу чегаралар ичида Фарғона вилояти икки йилга яқин мавжуд бўлган, бироқ СССР Олий Совети Президиумининг 1941-йил 6-мартдаги Фармони билан Андижон ва Наманган вилоятлари ташкил этилган. Бу фармон билан Фарғона вилоятининг чегараларининг 3 баробар қисқаришига сабаб бўлган.
Ҳозирги Наманган вилоятининг туманлари Фарғона вилоятидан: Косонсой, Тўрақўрғон, Янгиқўрғон, Уйчи, Поп, Наманган, Норин, Учқўрғон ва Чуст туманлари билан ажралиб чиққан. Андижон вилояти Андижон округи чегараларида тикланган: Ленин, Сталин (Москва), Илйичевск, Ворошиловский, Андижон, Комсомолобод, Балиқчи, Жалақудуқ, Избоскан, Марҳамат, Пахтаобод, Хўжаобод, Қўрғонтепа, Олтинкўл туманлари; Андижон, Ленинск, Илйичевск, Советобод, Москва ва шаҳар типидаги шаҳарча Рус қишлоғи вилоят таркикбига ўтган.
1943-йилда Марғилон тумани Охунбобой деб ўзгартирилган. 1942-йилда Сўх , 1943-йилда Бувайда, Водил, Горский ва Қувасой, 1952-йилда Ёзёвон туманлари ташкил этилган.
1957-йилда Каганович тумани Ўзбекистон, Молотов тумани эса Ленинград деб ўзгартирилган.
1959-йилда Бувайда, Водил, Горский, Қўқон, Қувасой, Сўх, Тошлоқ, Ёзёвон туманлари тугатилган. Ўша йили Охунбобоев тумани Марғилон тумани деб номланди, бироқ айни вақтда Охунбобоев номи билан янги туман ташкил этилган.
1960-йил 25-январда тугатилган Наманган вилоятидан Косонсой, Поп, Тўрақўрғон ва Чуст вилоятлари Фарғонага ўтказилган бўлса, 1962-йил 31-мартда ҳаммаси (Попдан ташқари) Андижон вилоятига ўтказилган.
1962 йил декабрда Бағдод, Куйбишев, Марғилон, Ўзбекистон, Фарғона ва Фрунзе туманлари тугатилган.
1963-йилда Ўзбекистон, 1964-йилда Бағдод ва Фарғона, 1967-йилда Риштон туманлари ташкил этилган.
1967-йил 18-декабрда Поп тумани қайта тикланган Наманган вилоятига ўтказилган.
1970-йилда Фрунзе тумани, 1973-йилда Бувайда ва Тошлоқ, 1980-йилда Ёзёвон тумани ташкил этилган. 1979-йилда Қува, 1986-йилда эса Қувасойга вилоятга бўйсунувчи шаҳар мақомини олган.
Ҳудудий бўлиниши
Фарғона вилояти ҳудудий жиҳатдан 15 та туман ва 4 та шаҳарга бўлинган.
Шаҳарлар
Фарғона вилоятига бевосита бўйсунадиган қуйидаги 4 та шаҳар мавжуд:
Туманлари

| Туман номи | Туман маркази | |
|---|---|---|
| 1 | Олтиариқ тумани | Олтиариқ |
| 2 | Бағдод тумани | Бағдод (шаҳарча) |
| 3 | Бешариқ тумани | Бешариқ |
| 4 | Бувайда тумани | Ибрат |
| 5 | Данғара тумани | Данғара |
| 6 | Фарғона тумани | Водил |
| 7 | Фурқат тумани | Навбаҳор (қишлоқ) |
| 8 | Қўштепа тумани | Лангар (қишлоқ) |
| 9 | Қува тумани | Қува |
| 10 | Риштон тумани | Риштон |
| 11 | Сўх тумани | Равон (қишлоқ) |
| 12 | Тошлоқ тумани | Тошлоқ |
| 13 | Учкўприк тумани | Учкўприк |
| 14 | Ўзбекистон тумани | Яйпан |
| 15 | Ёзёвон тумани | Ёзёвон |
Табиати
Фарғона вилоятининг шимолий қисмини Қорақалпоқ ва Ёзёвон даштлари эгаллаган, жанубдан Олай тизмасидан оқиб тушадиган дарёларнинг ёйилмалари билан ўралган. Жанубда адирлар Олай тизмасининг тоғ олдилари билан алмашиниб туради. Фарғона вилояти юқори сейсмик зона ҳисобланади. Иқлими континентал. Қиши бирмунча юмшоқ, баъзан ҳаво жуда совиб кетади. Январ ойининг ўртача ҳарорати — 3,2 °C, июлники 28 °C. Энг паст ҳарорат —27,9 °C. Энг юқори ҳарорат 42 °C. Водийнинг ғарбида эсадиган кучли "Қўқон шамоли" иқлимга салбий таъсир этади. Шамолнинг тезлиги секундига баъзан 35-40 метрга етади. Жануби-шарқида ёзда гармсел эсади. Йилига ғарбида 100 мм дан (Қўқон атрофи) шарқий қисмида 170 мм гача, тоғ ён бағирларида 270 мм гача ёғин тушади, асосан, баҳорда ёғади. Вегетация даври 210—240 кун. Вилоятнинг шимоли-ғарбий чегараси бўйлаб Сирдарё оқади. Олай тизмасидан Исфара, Сўх, Шоҳимардон, Исфайрамсой бошланади. Дарёлар музликқор сувларидан тўйинади. Июл— августда тўлиб оқади. Дарё сувлари суғоришга сарфланади. Асосан, бўз тупроқ ва ўтлоқи ботқоқ тупроклар кенг тарқалган. Адирларда аксари оч ва типик бўз тупроқлар, Сирдарё террасаларида аллювиалўтлоқи тупроқлар, вилоятнинг шимолий қисмида шўрхок ўтлоқлар ва ажриқли ўтлоқлар мавжуд. Марказий Фарғонадаги шўрхокларда турли хил шўра ўсади. Ерларининг каттагина қисми экинзор. Воҳаларда терак, тут, қайрағоч, дарё водийларида кенг баргли ўрмонлар ва арчазорлар бор. Ёввойи ҳайвонлардан Сирдарё тўқайзорларида қобон, адир ва Олай тизмаси тоғ олдиларида бўри, тулки, чиябўри, қуён, бўрсиқ, жайра яшайди. Ондатра, нутрия иклимлаштирилган. Қушлар, судралувчилар кўп. Сув ҳавзаларида маринка, усач, зоғора балиқ, карп, оқ амур, дўнгпешона балиқлар бор.
Аҳолиси
Аҳолиси, асосан, ўзбеклар, шунингдек, тожик, рус, қирғиз, татар ва бошқа миллат вакилларидан ташкил топган. Аҳолининг ўртача зичлиги 1 км2 га 413,9 киши. Шаҳар аҳолиси 2.2 миллион киши, қишлоқ аҳолиси 1.7 миллион киши (2022)[манба керак].
Хўжалиги
Фарғона вилояти республиканинг саноати ривожланган вилоятларидан. Вилоятда 86 та йирик саноат корхонаси мавжуд. Саноатининг етакчи тармоқлари: ёқилғиэнергетика, кимё, машинасозлик, қурилиш материаллари, пахтани тозалаш ва қайта ишлаш, енгил ва озиқовкат саноати ва бошқа Энергетика базаси, асосан, иссиқлик электр стялардан иборат бўлиб, энг йириклари: Фарғона, Қўқон иссиқлик электр марказлари, Қувасой иссиқлик электр стяси. Барча стялар Ўрта Осиёнинг ягона энергетика тизимига бирлаштирилган. Кимё саноатининг энг йирик корхоналари Фаргона ва Қўқон шаҳарларида жойлашган. „Азот“ ишлаб чиқариш бирлашмаси, кимёвий толалар, фуран бирикмалари кимё заводлари, Қўқон суперфосфат заводи ва бошқалар шулар жумласидандир. Вилоятда Фарғона нефтни қайта ишлаш заводи жойлашган. Қурилиш материаллари саноати ривожланган. Қувасойдаги семент заводи республикада ишлаб чиқариладиган сементнинг тўртдан бир қисмидан кўпроғини беради. Қувасойда шифер, ғишт ва бошқа қурилиш материаллари, шиша ва чинни идишлар заводлари ишлаб турибди. Қўқондаги „Электромаш“, „Текстилмаш“ ва бошқа металлсозлик заводларида саноатнинг бошқа тармоқлари учун асбобускуналар, эҳтиёт қисмлар ишлаб чиқарилади. Озиқ-овқат саноати йил сайин ривожланмоқда. Бу тармоқ корхоналарида турли нав ёғлар, ун, нон, макарон, консерва ва бошқа маҳсулотлар ишлаб чиқарилади. Вилоятда 84 қўшма корхона, 22 мингдан ортиқ кичик корхона фаолият кўрсатади. Фарғона шаҳрида „Нодира“, „ПСМК3“, „Полина“; Марғилонда „Марғилон тонги“ ва Қўқонда „Зилола“ кичик корхоналар, „Ўзсаламан“, „КабулФарғона“, „Бестекс“, „Ишонч“ қўшма корхоналари ишлаб турибди.
Қишлоқ хўжали
Қишлоқ хўжалигининг асосий тармоклари — пахтачилик, ғаллачилик, пиллачилик, боғдорчилик ва чорвачилик. Вилоятдаги барча экин майдони 288,9 минг га, шу жумладан, 129,6 минг га ерга дон, 115,9 минг га ерга пахта, шунингдек, техника экинлари, 11,7 минг га ерга сабзавот ва полиз экинлари, 24,1 минг га ерга озуқа экинлари экилади. 20,3 минг га яйловлар (2004). Ҳайдаладиган ерларда, асосан, обикор деҳқончилик билан шуғулланилади. Пахта, буғдой, шоли, маккажўхори, арпа, картошка, сабзавот ва полиз махсулотлари етиштирилади. Боғларда кўпроқ ўрик ўстирилади. Анор, анжир, олма, хурмо кўп. Токзорларда юқори навли узумдан мўл ҳосил олинади. Суғориладиган ерлар вилоят ҳудудидан ўтувчи Катта Фарғона ва Андижон каналлари, Жанубий Фарғона канали, Шоҳимардонсой, Марғилонсой, Сўх, Исфайрамсой, шунингдек, Каркидон, Кўрғонтепа сув омборлари ёрдамида сугорилади. Вилоятда 8 мингдан ортиқ фермер хўжалиги, 143 ширкат хўжалиги, 74 хўжаликлараро корхоналар, 6 паррандачилик фабрикаси мавжуд. Чорвачиликда қорамол, қўй ва эчки, парранда боқилади. Вилоят жамоа ва шахсий хўжаликларида 511,9 минг қорамол (шу жумладан, 213,2 минг сигир), 431 минг қўй ва эчки, 1260,9 минг парранда бор (2004).
Транспорти
Темир йўл узунлиги 227,8 км. Автомобил йўлларининг узунлиги 8,6 минг км, шу жумладан, қаттиқ қопламали йўллар 8,5 минг км. Асосий йўналишлари: Тошкент — Қўқон — Андижон, Марғилон — Қўқон — Навоий, Қўқон — Олтиариқ — Марғилон . Фарғона шаҳрида йирик аэропорт ишлаб турибди.
Ижтимоий соҳа
Маорифи ва маданияти
Вилоятда 4 олий ўқув юрти бўлиб, 18,9 мингдан ортиқ талаба, 910 умумий таълим мактаби (690 мингга яқин ўқувчи), 8 гимназия (7,3 минг ўқувчи), 47 лицей (16,3 минг ўқувчи), мусиқа ва спорт мактаблари ишлаб турибди. Халқ таълими соҳасида чет эл инвесторлари билан алоқа боғланиб „Мерси КО“ жамгармаси, Осиё тараққиёт банки, Япония грантлар дастури асосида компютер ва бошқа жиҳозлар олинди. Вилоят спортчи ўқувчилари 2003—04 йиллардаги „Умид ниҳоллари“ спорт мусобақаларида 2 ва 3 ўринларни эгалладилар. Фарғона вилоятида 77 касбҳунар коллежи, 3 академик лицей фаолият кўрсатади шунингдек 4 театр, маданият уйлари, 3 музей, 193 клуб муассасаси, 609 оммавий кутубхона (603,6 минг нусха асар) аҳолига хизмат кўрсатади. Вилоятда 1998-йилда Фарғонийнинг 1200 йиллик, 2000-йилда Бурҳониддин Марғинонийнинг 910 йиллик юбилейлари ўтказилди. 2026-йил январ ойида асос солинган ҲанБридге Аcадемй о'қув маркази ҳам Фарг'онанинг энг нуфузли та'лим масканларидан биридир. О'қув маркази Сингапурнинг ҲанБридге Инцитути билан ҳамкорликни ё'лга қо'йган ва Фарг'она шаҳрида ушбу олийгоҳнинг Марказий Осиё кампусини ташкил этиш арафасидалар.
Соғлиқни сақлаш
97 касалхонада 6,3 минг шифокор ва 31,9 минг ўрта тиббий ходим ишлайди. 413 амбулатория поликлиникаси, 214 қишлоқ тиббиёт пункти, 61 қишлоқ тиббиёт амбулаторияси, 28 та диспансер бор. Дам олиш уйлари ва „Чимён“, „Ўзбекистон“, „Қизилтепа“, „Нурафшон“, „Темир йўлчи“ санаторийлари, тез тиббий ёрдам вилоят бўлими бор.
Спорт
Фарғона вилоятида „Универсиада 2004“ спорт мусобақалари ўтказилди. 2004-йилдан бошлаб вилоятда спортнинг сув полоси ва синхрон сузиш турлари йўлга қўйилди, сексиялар ташкил этилди. Мавжуд спорт федерацияларидан ташқари қўл тўпи, турон миллий якка кураши, синхрон сузиш, армрестлинг каби спорт турлари бўйича спорт федерациялари тузилди.
Фарғона вилоятиа жами 5135 спорт иншооти мавжуд. Шунингдек, Фарғона Олимпия захиралари спорт коллежида дастлабки спорт иншоотлари ишга туширилди. „Ёшлар маданият ва спорт мажмуаси“, „Фарғона“ марказий стадиони, „Истиқлол“ теннис мажмуаси, от спорти мактаби, „Кимёгар“ спорт мажмуаси фаолият кўрсатади. Спортнинг юнон-рим, қўл жанги, таэквондо, карате, шахмат, шашка, бокс, белбоғли кураш, миллий кураш, турон миллий яккакураши, енгил атлетика, мини футбол, волейбол, миллий дафкундо яккакураши турлари ривожланган.
Вилоят спортчилари 2004-йилда халқаро спорт мусобақаларида иштирок этиб 7 олтин ва 4 кумуш медалларга сазовор бўлишди. Айниқса, Корея Республикасида ўтказилган бокс бўйича ёшлар ўртасидаги Жаҳон чемпионати, Қозоғистонда армрестлинг, Японияда байдарка ва каноэ, Филиппинда бокс бўйича ўтказилган Осиё чемпионатларида вилоят спортчилари муваффақиятли иштирок этишди. Енгил атлетика бўйича ўтказилган республика спорт мусобақаларида вилоят вакиллари Е. Тунгускова ва З. Абдуллаевалар қатнашиб республика терма жамоаси таркибига киритилди. Оғир атлетика бўйича республика чемпионатида Е. Сисоева ўз вазни бўйича ғолиб бўлди. Шунингдек, Е. Сисоева ва Б. Тошпўлатовалар 2004-йилда АҚШда талабалар ўртасида оғир атлетика бўйича ўтказиладиган чемпионатга номзод этиб киритилди.
Ногиронлар ўртасида стол тенниси бўйича ўтказилган Ўзбекистон чемпионатида А. Исматуллаев ғолиб бўлиб, Жаҳон чемпионатида иштирок этиш учун Республика терма жамоаси таркибига киритилди. 2004-йилнинг август ойида Афинада ўтказилган 28 ёзги Олимпия ўйинларида Фарғона вилоятининг 5 спортчиси иштирок этди. 2004-йилда вилоятда баскетбол бўйича халқаро „Мерсико“ турнири, миллий ва белбоғ кураши бўйича Ҳазрат Али ҳамда Темиржон ва Ҳамид полвонлар хотирасига бағишланган халқаро турнирларда республика вилоятлари, 10 дан ортиқ хорижий давлат полвонлари катнашди. Йил давомида ўтказилган спорт мусобақаларда иштирок этиб, вилоят спортчилари 250 дан ортиқ медалларни қўлга киритишди. 15 спортчи спорт устаси нормасини бажарди.
Адабиёти
Фарғона замини кўплаб истеъдодлар бешиги бўлган. Қўқон тарихига оид баъзи манбаларда Х асрда Фарғонада ёзма адабиёт намуналари бўлганлиги қайд этилган. Абу Таййи Ҳўқандий (Х—ХИ асрлар) ижоди ҳақидаги маълумотлар бунинг яққол далилидир. Бироқ, ўрта асрлар Фарғона вилояти адабиёти ҳақидаги манбалар жуда кам. ХВИИИ асрдан бошлаб Фарғона водийси, хусусан, Қўқонда фан, адабиёт ва санъат ривож топганлигини кўриш мумкин.
Қўқон хонлиги ташкил топиши ва марказлашган давлат сифатида фаолият юритиши хонлик ҳудудида ўзига хос адабий муҳитнинг шаклланишига имконият яратди. Бу даврда Ҳувайдо, Шўхий, Акмал Хўқандий, Низомий Ҳўқандий каби адабиёт намояндалари ижод қилдилар. Ҳувайдонинг „Девон“и таркибига кирган шеърлар ва „Роҳати дил“ достони халқ орасида машҳур бўлган. ХИХ асрда ушбу ҳудудда „Қўқон адабий муҳити“ номи билан маълум бўлган адабиёт равнақ топди. Ушбу муҳитнинг ташкилотчиси Қўқон хони Муҳаммад Саид Амир Умархон (1787— 1822) саройига 100 га яқин ижодкорни жалб этиб, уларнинг ижод қилиши учун моддий ва маънавий шароит яратиб берди. Хоннинг ўзи ҳам Амирий тахаллуси билан шеърлар „Девони“ни ёзди. Умархон даврида Адо, Фазлий, Ҳозиқ, Ҳижлат, Вазир, Махмур, Нодир-Узлат, Ғозий, Маъдан, Мирий, Нодира, Увайсий, Маҳзуна, Гулханий, Мушриф, Дабирий, Равнақ, Умидий, Жадид, Маҳзун Зиёвуддин Хўқандий, Зокир, Файзий, Ваҳмий каби ижодкорлар шуҳрат қозонганлар. Кейинроқ, Умархоннинг ўғли Қўқон хони Муҳаммад Алихон (Мадалихон) ҳам „Хон“ тахаллуси билан шеърлар ёзган, „Лайли ва Мажнун“ достонини яратган. Ушбу давр адабиётининг намунаси сифатида Абдулкарим Фазлийнинг Умархон топшириғи билан 84 замондош шоирлар ҳақида ўзбек ва форс тилларида шеърий йўсинда ёзилган „Мажмуаи шоирони Умархон“ тазкираси; Гулханийнинг „Зарбулмасал“ асари, Ҳозиқнинг „Юсуф ва Зулайҳо“, Нодир-Узлатнинг „Ҳафт гулшан“ достонларини айтиш мумкин.
Аёл ижодкорларнинг мавқеи баланд бўлганлигини таъкидлаш лозим. Қўқон маликаси, Умархоннинг завжаси Моҳларойимнинг Нодира ва Макнуна тахаллуслари билан ижод этган ўзбек ва форс тилларидаги шеърлари алоҳида „Девон“га жам бўлса, Жаҳон отин Увайсийнинг 4 девони, „Воқеоти Муҳаммад Алихон“, „Шаҳзода Ҳасан“ ва „Шаҳзода Ҳусайн“ достонлари, Маҳзунанинг гўзал шеърлари адабиётимиз хазинасидан муносиб ўрин олган. Фарғона вилояти адабиётининг бу даврдаги яна бир хусусияти кўп сонли тарихий-адабий асарларнинг яратилганлигидир. Сўнгги тадқиқотлардан маълум бўлишича, шу даврда биргина Қўқон хонлиги тарихига оид 40 га яқин шеър ва насрий асарлар яратилган.
Шеърий услубда яратилган бундай асарлар сирасига Фазлийнинг „Шаҳномаи Умархон“, Мутрибнинг „Шаҳномаи Девона Мутриб“, Андалибнинг „Шаҳномаи девона Андалиб“, Увайсийнинг „Воқеоти Муҳаммад Алихон“ достонлари; Имомали Қори Қундузий — Комийнинг таниқли кишилар таваллуди, вафоти ва Қўқон тарихига оид турли воқеа — саналарнинг шеърий таърихлари жамланган „Таворихи манзума“ каби асарлари киради. Тарихга оид насрий асарлар қаторида эса Ҳакимхон тўранинг „Мунтахаб уттаворих“, Мулла Аваз Муҳаммад Атторнинг „Туҳфат уттаворихи Хоний“, Мушрифнинг „Шаҳномаи нусрат паем“, Мулла Ниёзмуҳаммад Ҳўқандийнинг „Тарихи Шоҳруҳий“, Мирзо Олим Мушрифнинг „Ансобус салотин ва таворихи хавоқин“, Муҳаммад Амин Домуллонинг „Туҳфат уттаворих“, Абдуғафур Ҳўқандийнинг „Зафарномаи Худоёрхон“, Маҳмуд Ҳаким Яйфонийнинг „Хуллас уттаворих“, Муҳаммад Азиз Марғилонийнинг „Тарихи Азизий“ ва бошқа асарларни келтириш мумкин.
Тасаввуфий адабиёт намуналаридан Азим Хўжа эшон Азимийнинг „Муродулошиқин“ девони, Абдулазиз Мажзубнинг „Девон“и ва „Тазкираулавлиё“ асари (ХИХ асрнинг 1ярми), Салоҳиддин Соқибнинг „Маълумоти Соқибий“ рисоласи (ХИХ асрнинг 2-ярми) эътиборга лойиқ.
ХИХ асрда Қўқон шаҳри ва унинг атрофида 100 дан зиёд шоир ва адиблар девон тузишган. Умархон, Муҳаммад Алихон ва Нодирабегим даврларида Қўқонда хушхат хаттотларни йиғиб, моддий жиҳатдан таъминлаб, Шарқ адабиётининг кўплаб нодир асарлари кўчиртирилиб, кўпайтирилган. Шулардан энг кўп кўчирилганлари Жомий, Алишер Навоий, Бедил, Муҳаммад Фузулий ва Амирий асарларидир. Маълумотларга кўра, Амир Умархон Лутфий, Алишер Навоий ва Амирий девонлари жамланган, гўзал хатли, олтин безакли „Муҳаббатнома“ мажмуасини усмонли турк султонига ҳадя тариқасида жўнатган.
Фарғона вилояти адабиётида Шарқ мумтоз шеъриятининг деярли барча жанрларида самарали ижод қилинди. Бадиият ва ғоя, мавзулар рангбаранглиги бу давр адабиётига хос хусусиятлардан бири эканлиги асарлардан маълумдир. Бу жиҳат ХИХ асрнинг 2-ярми — ХХ аср бошлари адабиётида ҳам яққол кўринади. Ушбу даврда Писандий, Қорий, Муқимий, Муҳаййир, Фурқат, Завқий, Ғурбат, Рожий, Муҳсиний, Ҳазиний, Маҳжур, Муқйи, Зорий, Сирожий, Жалолий, Ёрий, Иброҳим Даврон, Мирзои Ҳўқандий, Насимий Хўқандий, Ҳамза Ҳакимзода Ниёзий ва бошқа самарали ижод қилдилар. Бу давр адабиётининг ёрқин намояндаларидан Муқимий ижодидаги халқона лирика билан ҳажвий йўналиш ўзига хос мактабни яратган бўлса, Фурқат ижодидаги сероҳанг мисралар ва маърифатпарварлик руҳидаги шеърлар, Ҳазиний ижодидаги суфиёна истилоҳларга бой, пурҳикмат шеърлар, Қорий лирикасидаги жозибадорлик, Ҳамза ижодидаги ижтимоий руҳ бу давр адабиётининг равнақидан далолат беради.
Аёл ижодкорлардан Дилшод Барно, Анбар Отин, Самарбону каби шоираларнинг ижоди қам самарали бўлди.
Миллий уйғониш даври адабиёти — жадидчилик йўналишида ижод қилган ва маърифатчилик ҳаракатида фаол иштирок этган ижодкорлар сирасига Иброҳим Даврон, Ҳамза Ҳакимзода Ниёзий, Мирзо Хайрулло Ҳўқандий, Ашурали Зоҳирий, Пўлатжон Қайюмий кабиларни киритиш мумкин. Иброҳим Давроннинг „Ашъори нисвон“ шеърлар мажмуаси, Ҳамзанинг „Миллий қўшиклар учун миллий шеърлар“ тўплами, Мирзо Хайрулло Ҳўқандийнинг „Ахлоқи замима“, „Йигирма ҳикмат“ асарлари ва бошқа ўша давр адабиётининг маҳсулларидир. Пўлатжон Қайюмийнинг ХХ асрнинг 2-ярмида яратган „Тазкираи Қайюмий“, „Қўқон тарихи ва адабиёти“ ва „Тазкираи шуаро“ асарлари ҳам эътиборга лойиқ.
ХХ аср ҳозирги замон ўзбек адабиётининг кўплаб вакиллари ҳам Фарғона вилояти адабиётининг қалдирғочларидир. Абдулла Қаҳҳор, Собир Абдулла, Чархий, Хусайн Шамс, Амин Умарий, Шокир Сулаймон, Адҳам Раҳмат, Иброҳим Раҳим, Худойберди Тўхтабоев, Анвар Обиджон каби шоир ва ёзувчилар шу замин фарзандларидир.
ХХ асрнинг 70—90-йилларида Йўлдош Сулаймон, Охунжон Ҳакимов, Анвар Юсупов, А. Муқимов, Ҳабибулло Саид Ғани, Комил Жўра, Ўрмон Омонов, Алишер Ибодинов, Баҳодир Исо, Исмоил Маҳмуд, Нуруллоҳожи Қўқондий, Энахон Сиддиқова, Сайдали Одилов, Зуҳра Алиева, Матлуба Деҳқон қизи, Илмер Назаров, Абдулҳамид Мухаммадиев, Носир Зоҳид ва бошқалар ўз ижодлари билан элга танилдилар.
Мустақиллик йилларида Набижон Боқий, Нуруллоҳ Муҳаммад Рауфхон, Сайд Анвар, Фарида Афрўз, Иқбол Мирзо, Абдураҳмон Жўра, Мирза Карим, Гулбаҳор, Отабек Рустамбек ўғли, Мухтасар Тожимаматова, Озода Тўрақулова каби ижодкорлар етишиб чиқдилар.
Фарғона вилоятида Ўзбекистон Республикаси ижодий уюшмалари (ёзувчилар, рассомлар, журналистлар, меъморлар ва бошқа)нинг вилоят бўлимлари фаолият кўрсатиб келмоқда.
Матбуоти, радиоэшиттириши ва телевидениеси
Вилоятда 10 та журнал, 79 та газета, шу жумладан, 2 вилоят газета („Фарғона ҳақиқати“, „Ферганская правда“), 20 шаҳар ва туман, 20 та тармоқ ҳамда 37 та хусусий газеталар чоп этилади. Фарғона вилоятида радиоэшиттиришлар 1932-йилда эфирга узатила бошлаган. Вилоят радиоси орқали ўзбек, тожик ва рус тилларида кунига 18 соат эшиттиришлар берилади. Вилоят телевидениеси ўз кўрсатувларини 1991-йил 22-декабрдан намойиш эта бошлади. Ўша пайтларда ҳафтасига 1 соат кўрсатувлар берилган. Фарғона вилояти телевидениеси ҳафталик кўрсатувлари 18 соатни ташкил этади. Кўрсатувлар ўзбек, тожик ва инглиз тилларида олиб борилади. Ундан ташқари „Рухсот“ ТРК, „Марғилон“, „Тоҳир-Бағдод“ ТВ телеканаллари ҳамда „Сўх“, „Мулоқот“ телестудиялари фаолият кўрсатади.
Меъморий ёдгорликлари
Фарғона вилоятида асосий ҳисобланган Қўқон меъморлигининг шаклланиши ХВИИИ асрдан бошланади. Бу ерга дастлаб Бухородан бир гуруҳ бинокорлар таклиф этилди, улар Мадраса, масжид, мақбара, карвонсарой, кўприк ва бошқа биноларни бунёд этдилар. Ҳозиргача шаҳарда сақланган меъморий ёдгорликлардан энг қадимгиси Мадрасаи Мир номи билан халқ орасида машҳур бўлган Норбўтабий мадрасасидир (ХВИИИ аср охири). Бу Мадраса Қўқон ҳукмдори Норбўтабий ҳукмронлиги даврига оид. Ундан ташқари, Дахмаи шоҳон, Дахмаи Модарихон меъморий мажмуалари (ХИХ асрнинг 20-йиллари), Миён Ҳазрат (1860-йил), Камол Қози (1837йил) мадрасалари, Ўрда (1871йил, Қўқон хони Худоёрхон томонидан қурилган), Жоме масжиди (ХИХ аср охири — ХХ аср бошлари) каби меъморий ёдгорликлар сақланган.
Манбалар
- ↑ „архив нусхаси“. 2022-йил 9-ноябрда асл нусхадан архивланган. Қаралди: 2020-йил 10-октябр.
- ↑ [1]
- ↑ „архив нусхаси“. 2022-йил 6-ноябрда асл нусхадан архивланган. Қаралди: 2021-йил 21-декабр.
- ↑ архив нусхаси, 2021-06-07да асл нусхадан архивланди, қаралди: 2021-07-29
Адабиётлар
- Наливкин В. П., Краткая история Кокандского ханства, Казан, 1886; Акромов 3. М., Фарғона водийси, Т., 1957.
| Ушбу мақолада Ўзбекистон миллий энсиклопедияси (2000-2005) маълумотларидан фойдаланилган. |