Furqat
Фурқат (тахаллуси; асл исм-шарифи Зокиржон Холмуҳаммад ўғли) (1859, Қўқон —1909, Ёркент) — миллий уйғониш даври ўзбек адабиётининг забардаст вакилларидан бири. У шоир ва адиб, адабиёцҳунос ва муаррих, элшунос ва мутаржим сифатида ўзидан бой маънавий мерос қолдирган. Шунингдек, Фурқат замонасининг машҳур хаттотларидан бири бўлган. Ёшлигиданоқ Муқимий, Муҳйи, Завқий, Нисбат, Муҳаййир каби шоирлар муҳитида қизғин ижодий фаолият билан машғул бўлган. Маҳалласидаги мактабда савод чиқарган, мударрис ва котиблардан хаттотлик, араб тилини ўрганган. 8 ёшида Фаридуддин Атторнинг „Мантиқ ут-тайр“ асарини ёд олади. 14 ёшида мадраса талабаси бўлади. Фурқат 1873—1876-йилларда мадрасада ўқиган. Алишер Навоий ижодини, форс адабиёти намояндалари меросини чуқур ўрганган, форс тилини мукаммал ўзлаштирган. 1876-йилда Янги Марғилон (ҳозирги Фарғона) шаҳридаги савдогар тоғасининг илтимосига кўра у ерга бориб, савдо ишларида унга ёрдамлашган, кейинчалик ўзи ҳам кичик дўкон очган. Айни пайтда билимдон зиёли сифатида кишиларнинг арз ва илтимосларини расмий маҳкамаларга аризалар шаклида битиб, мирзалик ҳам қилган.
| Зокиржон Холмуҳаммад ўғли Фурқат | |
|---|---|
| Таваллуди |
1859-йил Қўқон, Тошкент |
| Вафоти |
1909-йил Ёркент |
| Фуқаролиги | Қо'қон хонлиги |
| Миллати | Ўзбек |
| Соҳаси | Шоир, ёзувчи |
| Машҳур ишлари | „Илм хосияти“, „Гимназия“, „Виставка хусусида“, „Акт мажлиси хусусида“, „Суворов“, „Нуҳ манзар.“ |
| Дини | Ислом |
Ижодининг бошланиши
Фурқат Янги Марғилонда ижодкор сифатида тўла шаклланди, ўз ғазалларига „Фурқат“ тахаллусини қўйиб, шуҳрат қозона бошлади. Бу ерда ўтказилган йиллар Фурқатнинг халқчил дунёқараши, илғор адабий-эстетик тушунчаларининг шаклланишида ҳам муҳим бир босқич бўлди.
80-йилларнинг бошларида Фурқат Қўқонга қайтиб, оила қуради ва, асосан, ижодий иш билан шуғулланади. Муқимий ва Муҳйи етакчи бўлган Завқий, Нодим, Нисбат, Муҳаййир каби ижодкорлар гуруҳи билан бевосита мулоқотда бўлади, улар уюштириб турадиган адабий мажлислар, шеърият кечаларининг фаол иштирокчисига айланади.
Фурқатнинг Қўқондаги бу давр ижоди тур ва мавзу, мазмун ва шакл ранг-баранглиги жиҳатидан ҳам, сермаҳсуллиги жиҳатидан ҳам диққатга сазовор. У мумтоз шеърият анъаналари руҳида кўплаб ишқий ғазаллар, мухаммаслар яратган. Алишер Навоий асарларига гўзал назира ва тахмислар боғлаган, унинг шеърларида ижтимоий руҳ ва замонавийлик тобора кенг ўрин эгаллай бошлаган („Бўлди“ радифли мухаммаси ва бошқа шеърларида). Фурқат халқнинг сиёсий ҳуқуқсизлиги ва иқтисодий ночор аҳволидан қайғурган („Не журм ўттики биздин, бунчалик Фарғона танг бўлди?...“). Қўқон хонлигининг узил-кесил тугатилиб, батамом мустамлакага айлантирилиши воқеасига боғлиқ ҳолда яратилган: „Демиш хон бир куниким, давру давронлар қаён қолди?“ мисраси билан бошланувчи мухаммаси ҳам Фурқатнинг шу даврдаги ижоди маҳсулидир. Тож-у тахтдан, шаън-у шавкат ва аъёнлардан махрум бўлган Худоёрхон номидан битилган бу асар ҳам шоир ижодида замонавий ижтимоий мавзу кенг ўрин эгаллаганининг исботидир.
Ижодий мероси
Фурқатнинг ижодий меросида анъанавий шеърий турлар, ўзбек мумтоз адабиётидаги асосий мавзулар етакчи ўрин эгаллайди. Унинг ғазал ва мухаммаслари, боғлаган тахмислари ўзининг ҳаётийлиги, мусиқийлиги, ниҳоятда самимийлиги билан ўқувчини мафтун этади. Фурқат шеърларида она юрт табиати ва баҳор гўзаллиги, жўшқин севги-муҳаббат ва чин инсоний фазилатлар, ҳаёт шодликларидан қувониш ва турмуш ташвишларидан шикоят қилиш, умуман, одам ва олам, кишиларнинг маънавий дунёси, меҳри ва қаҳри яққол тасвирланган. Масалан, „Баҳор айёмида гулгашт этарга бир чаман бўлса“, „Умр хуш ўтмас баҳор айёми саҳро бўлмаса“, „Сурмадин кўзлар қаро, қўллар хинодин лоларанг“, „Жаннатнинг гулларидан гулзорингиз чиройлик“, „Кўнгул дардиға топмай бораман ҳаргиз даво истаб“, „Фасли навбаҳор ўлди кетубон зимистонлар“ каби мисралар билан бошланувчи ғазаллари, „Этти фалак“, „Бири“, „Истар кўнгул“, „Дўст“, „Кокулунг“ радифли мухаммаслари, Навоий ғазалларига тахмислари давр шеъриятининг ҳам ғоявий, ҳам бадиий жиҳатдан етук намуналари ҳисобланади.
Фурқат шеъриятида мустамлака тузумининг иллатларини қоралаш, жорий адолацизлик ва зўравонликдан, ҳуқуқсизлик ва ночор ҳаётдан, нодонларнинг замонада эътибор топиб, доноларнинг хор-зор этилишидан норозилик эсда қоларли бадиий бўёқларда тасвирланган.
„Чарх кажрафторнинг бир шевасидан доғмен: Айшни нодон суруб, кулфатни доно тортадур“ каби баркамол мисралар шоир ижодидаги ижтимоий йўналишни акс эттиради. „Бормасмиз“ радифли шеърида эса ўзбек миллий руҳияти бадиий ифодаланган. Машҳур „Сайдинг қўябер, сайёд...“ мусаддасида эса шоир шахснинг эркин яшаш ҳуқуқини ҳимоя қилади, зулм ва истибдодни қатъий қоралайди.
Фурқат худди шу йилларда „Хаммоми хаёл“ рисоласини ёзади. „Чор дарвеш“ ҳикоятини форсчадан таржима қилади. „Нуҳ манзар“ номли шеърий китоб яратади. „Булардин бўлак ҳар хил ғазалиётим Фарғона музофотиға (яъни, ён атроф қишлоқ-шаҳарларига) ва дигар мамлакатларга мунташир (машҳур) бўлди“, деб ёзади шоир. Худди шу йилларда Фурқат илк бор шеърларини тўплаб, мажмуа ҳолига ҳам келтирган. Афсуски, шоирнинг ўзи қайд этган рисола, манзума ва таржималари каби бу мажмуа ҳам шу кунга қадар топилган эмас.
Тошкентдаги ҳаёти
Фурқат тахминан 1886—1887-йилларда Марғилонга бориб, у ердаги Масжиди жоме ҳужрасида истиқомат қилган. О'зининг ёр-у биродарлари кўмагида кичик дўкон очган бўлса-да, асосан, шеърият билан шуғулланган. Шаҳарнинг зиёлилари, жумладан, Хўжажон Рожий, Мулла Тошболту Ройиқ каби ижодкорлар билан танишиб, адабий суҳбатлар қурган. Фурқат илк бор газета билан танишиб, унинг „Тошкент шаҳрида босма бўлғон“ лигини шу ерда билади. Янгиликка чанқоқ, тараққийпарвар шоирда ижтимоий ҳаётда юз берган ўзгаришларга, секин-аста ёйила бораётган фан ва техника намуналарига қизиқиш уйғонади, янгиликлар билан бевосита танишиш, ўз кўзи билан кўриш иштиёқи зўраяди. 1889-йил бошларида Тошкент сафарига чиқади, Хўжандда тўхтаб, Тошхўжа Асирий бошлиқ шоирлар, адабиёт мухлислари билан учрашади, адабий кечаларда иштирок этади. Ниҳоят, 1889-йилнинг июнида Тошкентга келади. Тошкентдаги Кўкалдош мадрасаси ҳужраларидан бирида яшайди. Кўзга кўринган олим, фозиллар билан танишади. Шарифхўжа эшон тавсияси билан маълум муддат „Фарҳат“ (шодлик, хурсандлик) тахаллусида шеърлар ёзади, лекин кўп ўтмай, эски тахаллусига қайтади.
Фурқат Тошкентда рус зиёлилари, европача ҳаёт тарзи билан танишди. Чор маъмурлари шоирнинг театр, гимназияга, турли консертларга киритишни уюштирдилар, кўргазмаларга олиб бордилар. Янги тарихий шароит туфайли юз берган ўзгаришларни мушоҳада этиш натижасида Фурқат дунёқарашида жиддий ўзгариш бўлади ва бу ҳол унинг ижодида ўз бадиий ифодасини топади — маърифатпарварлик, европача илм-маданият, фан-техникага хайрихоҳлик шоир шеърларининг етакчи ғоясига айлана боради. Бу эса Фурқатнинг кўп асрли ўзбек адабиётига янги мавзулар, янги ғоялар олиб киришига замин бўлди. Тошкентда очилган эрлар гимназияси, маориф муассасалари, маданият ва санъат ўчоқларини, тобора кўпроқ кириб келаётган фан-техника янгиликларини кузатиш оқибатида унинг „Илм хосияти“, „Гимназия“, „Виставка хусусида“, „Акт мажлиси хусусида“, „Тошкент шаҳрида бўлғон нағма базми хусусида“, „Суворов“ ва бошқа асарлари майдонга келди. Уларнинг барчаси 1890-йилларда Туркистон вилоятининг газетасида чоп этилди.
Бу туркум асарларида Фурқат янгилик ва тараққиётнинг, илм-фан ва европача маориф-маданиятнинг тарғиботчиси сифатида намоён бўлади; ўз ватандошларини замонавий билимларни пухта эгаллашга ва илғор халқлар қаторидан ўрин олишга даъват этади. Бироқ Фурқат айрим замондошлари сингари рус истилочилик сиёсатининг асл моҳиятини бирданига англай олмади. Рус, Европа маданиятпарварлиги орқасида маҳаллий руслаштириш сиёсати пинҳон эканлигини сўнгроқ тушуниб етди. Худди шу йилларда яратилган „Шоир аҳволи ва шеър муболағаси хусусида“ асарида Фурқат ижодкор ва бадиий адабиёт хусусида ран очиб, шеъриятда реалистик тасвир масаласини кўтарди.
Публицист сифатидаги фаолияти
Фурқат ҳақли равишда ўзбек публицистикасининг асосчиларидан бири ҳисобланади. Фурқатнинг публицист сифатидаги фаолияти 1890-йилдан бошланди. „Туркистон вилоятининг газети“ га расман ишга кирди, газетани тайёрлашда бевосита қатнашди. Бир йилдан кўпроқ вақт мобайнида Сатторхон каби илғор маърифатпарварлар билан ҳамкорликда ишлаб, газета саҳифаларида ўз мақолаларини эълон қилди. Масалан, 1891-йил 1-ярмида „Хўқандлик шоир Зокиржон Фурқатнинг аҳволоти, ўзи ёзгони“ публицистик асарини ёзиб, шу газетада эълон қилди. 1891-йил майда Самарқандга борди, осори атиқалар билан танишди, газетага хабарлар йўллади, кейин Бухорода бўлди. Июлда эса чет эл саёҳатига чиқди. Унинг чет элга саёҳати ҳақида турли тахминлар бор. Айрим маълумотларга қараганда, у атайин қайтиб келмайдиган қилиб ўз юртидан чиқариб юборилган. Хуллас, 1891-йилнинг июлида Марв — Ашхобод — Боку — Батуми орқали Истанбулга борди. Дўстларига ёзган мактубларида, воқеаларни олдиндан билгандек, ватанидан бир умр ажралиб қоладиган одамнинг кайфиятини акс эттирди. Масалан, Истанбулдан ёзган „Сабоға хитоб“ шеърий мактубида ватан иштиёқи, дўстлар соғинчи, ғурбат азоблари ва ёлғизлик мотивлари биринчи ўринга чиққан.
Сафардаги ҳаёти
Фурқат Истанбулдан Булғория ва Юнонистонга ўтди. Болқон ярим оролининг қатор шаҳарларида бўлди. 1892-йилнинг мартида Истанбулдан Ўрта денгиз орқали Арабистонга — Макка, Жидда, Мадина шаҳарларига борди. Маккадаги ҳаж зиёрати муносабати билан „Ҳажнома“ асарини ёзди. Сўнг Мумбайга борди, Ҳиндистоннинг қатор вилоятларига саёҳат қилди. Унинг бу даврда ёзган насрий ва назмий мактубларида тушкунлик, она юрт соғинчи ва изтироблари акс этган. „Адашганман“ радифли ҳамда „Кашмирда“, „Булбул“ деб номланувчи лирик шеърлар туркуми шу жиҳатдан ўзига хос ҳижронномадир. 1893-йил мартида Фурқат Кашмир ва Тибет орқали Шарқий Туркистонга бориб, Ёркентда турғун яшаб қолди, оила қурди. Табибликдан хабардор бўлган шоир доривор ўсимликлар билан савдо қилувчи дўкон очди, ижодий иш ва хаттотлик билан шуғулланди. Фурқат доимо Ватанига қайтиш умиди билан яшади. Аввал бошлаган „Саёҳатнома“ асари устидаги ишни Ёркентда давом эттирди. Лекин бу асар ҳануз топилгани йўқ. У ердан Тошкентга публицистик асарлар, турли мавзудаги хат-мақолалар, Фарғона ва Тошкентдаги ёр-дўстларига мактублар йўллаб турган. Фурқат ўзбек матбуоти тарихида фелетон жанрини бошлаб берди („Ҳинд найрангбози Ёркендда“, 1905).
Баркамол лирикаси, жозибали насри ва публицистикаси билан ХИХ аср охири ва ХХ аср бошларидаги миллий адабиётимиз ривожига улкан ҳисса қўшган Фурқат, она ватанидан узоқда вафот этди. Унинг жасади Ёркентнинг Донгдор қабристонига кўмилган. 1990-йил шоир қабри устига мақбара қурилган.
Хотира
Фурқатнинг шеърлари китоб ҳолида дастлаб 1913-йилда Муқимий шеърлари билан бирга баёз ҳолида тошбосмада босилган эди, 50–80-йилларда кўп бор нашр этилди. Шоир ҳаёти ва ижоди ҳақида қатор илмий асарлар ёзилди, диссертациялар ёқланди, опера либреттоси, киноссенарий ва бошқалар ёзилди. Ўзбекистондаги бир қатор қишлоқ, туман, мактаб, кўча, хиёбонлар ва боғлар унинг номи билан аталади.
Адабиётлар
- Фурқат ва Муқимий ҳақида мақолалар, Т., 1958;
- Абдуғафуров А., Зокиржон Фурқат. Т., 1977.
- Расул Холид, Фурқат: Танқидий биографик очерк. Т., 1959.
- Юсупов Ш. Фуқат йўлларида, Т.: Адабиёт ва санъат, 1984.
- Юсупов Ш. Ўзбек маърифатрарварлик адабиёти ва Фурқат. Т., 1992.
- Юсупов Ш. Худоёрхон ва Фурқат, Т.: Шарқ, 1997.
- Н.Жабборов. „Жаҳон басти кушоди илм бирла…“, Жаҳон адабиёти, 2001, 8-сон, 122–129-бетлар.
- Н.Жабборов. Ёшлик, 2001, 5-6 сон. 39–41-бетлар.
- Н.Жабборов, Шарқ юлдузи. 2001, Иккинчи фасл, 121–127-бетлар.
- Н.Жабборов, Фурқат шеъриятида Қур’они карим оятларининг талқини, Имом ал-Бухорий сабоқлари, 2000, 2-сон, 138–139 бетлар.
- Н. Жабборов, Фурқат „Танланма асарлар“нинг Шинжонг нашри хусусида. Ўзбек тили ва адабиёти, 2001, 5-сон,61–64-бетлар.
- Н. Жабборов, Ватан иштиёқин тортарам. Тафаккур, 2002, 1-сон, 48–57-бетлар.
- Н. Жабборов, Тирамоҳда баҳор орзуси. Ёшлик, 2002, 3-сон.
- Н. Жабборов, "Фурқат истилочини мақтаганмиди?" Ўзбекистон адабиёти ва санъати, 2002-йил 22-феврал.
Манбалар
- Фурқат. Танланган асарлар. Тошкент, 1959.
- Фурқат. Танланган асарлар. Тошкент, 1980.
- Фурқат. Асарлар мажмуаси. Икки жилдлик (араб имлосида). Тошкент, 1990.
- Саёҳати Фурқат. Ўзбекистон адабиёти ва санъати, 1990-йил 14-декабр.
- Фурқат. Қавоиди Чин ва умуроти сиёсий. Шарқ юлдузи, 2001, Иккинчи фасл.
- Танланган асарлар, 2 ж.ли, Т., 1959; Асарлар мажмуаси [2 ж.ли], Т., 1991.
| Ушбу мақолада Ўзбекистон миллий энсиклопедияси (2000-2005) маълумотларидан фойдаланилган. |