Gneys
Гнейс (немисча: Гнеис) — гранитоид таркибли кристалли сланес. Чўкинди ва магматик жинсларнинг метаморфизмга учрашидан ҳосил бўлади. Ранги оқиш, кулранг , яшилсимон. Ички тузилиши гранобласт ва порфирбласт, ташқи тузилиши йўл-йўл ("гнейссимон") массив кўринишида. Таркибида кварс, дала шпати, биотит, мусковит, амфибол, баъзан авгит бўлади. Бундан ташқари сланесда гранат, силлиманит, аксессор минераллардан апатит, сиркон, сфен ҳамда рудали минераллар учрайди. Таркибидаги минералларга қараб Г.лар биотитли, амфиболли, пироксенли, гранатли деб аталади. Г.ни пайдо бўлишига кўра немис геологи К.Г.Розенбуш (1891) ортогнейс ва парагнейсга ажратган. Чўкинди жинсларнинг метаморфланишидан парагнейс, магматик тоғ жинсларининг метаморфланишидан ортогнейс ҳосил бўлади. Г. Ўзбекистонда Ҳисор тоғларининг жануби-шарқида, Султонувайс, Овминза тоғларида бор. РФ (Кола ярим орол), Украина, Кавказ, Марказий Осиё ва б. жойларда кўп тарқалган. Токембрий даври жинсларида эса айниқса кўп. Шағал тайёрлашда, йўлка плиталарида ва бино пойдеворларини безашда кўп ишлатилади.
...ГНОЗИЙА (юн. гносис — таълимот, фан) — қўшма сўз таркибий қисми бўлиб, "билим" сўзи маъноси ифодасини беради (мас, фармакогнозия).
Адабиётлар
- ЎзМЕ. Биринчи жилд. Тошкент, 2000-йил
| Ушбу мақола çаладир. Сиз уни бойитиб, ЗиёСферага ёрдам бериşингиз мумкин. Бу андозани аниқроғига алмаштириш керак. |