Hayot
Ҳаёт — метаболизм, ўсиш, кўпайиш билан характерланувчи материя ҳолати Ҳаёт ҳолатдаги жисмлар ҳаёт шакллари ёки организмлар дейилади. Кўп ҳаёт шакллари атроф-муҳитга ўзларининг ички жараёнларини ўзгартириб мослаша олади. Ҳаётнинг физик характеристикаси тескари энтропиядир[1][2].
Ҳаёт, тириклик, тирик организмлар — материянинг энг юксак шакли. Замонавий қарашларга биноан,ҳаёт ташқи муҳитдан олинадиган энергия ҳисобига ўз-ўзидан бошқариладиган ва ўз-ўзини бунёд этиш хоссасига эга бўлган ўзига хос структуралардан иборат. Молекуляр биология, биофизика, биокибернетика (қаранг Кибернетика) ва бошқа фанлар соҳасида олиб борилган тадқиқотлар натижасида Ҳаётнинг моддий асослари биополкмерлар эканлиги аниқланди. Улардан оқсиллар ва нуклеин кислоталар барча тирикликнинг доимий таркибий қисми ҳисобланади. Биополимерлар Ҳаёт намоён бўлишининг молекуляр жараёнларида иштирок этади. Ҳаётий жараёнларда оқсилларнинг аҳамияти улар кимёвий тузилиши ва биологик функсиясининг хилма-хиллиги билан белгиланади. Ҳар қандай генетик информация оқсил молекуласида аминокислоталарнинг кетма-кет жойланиши орқали намоён бўлади. Генетик информацияни нуклеин кислоталар (ДНК ёки РНК) ўзида сақлайди ва ирсиятга ўтказади. Оқсиллар биосинтезида (қаранг Биосинтез) бу информация ҳужайранинг генетик аппарати (геном)лан ситоплазмага ўтиб, оқсил молекуласига аминокис юталар қолдиқлари кетма-кетлигидан иборат узун занжир шаклида ёзиб олинади, Оқсиллар синтезининг амалга оширлиши орқали нуклеин кислоталар ҳужайрада кечадиган моддалар алма-шинуви тавсифини белгилаб беради. Моддалар алмашинуви эса ўзаро мувофиқлашган ва динамик боғланган ассимиляция (пластик алмашинув) ва диссимиляция (энергия алмашинуви) жараёнлари яхлит системасидан иборат. Бу жараёнлар туфайли тирик организмлар ҳаётий функсияларининг бажарилиши учун зарур бўлган шарт-шароит вужудга келади, яъни улар таркибининг ўз ўзидан янгиланиши содир бўлади ва бу таркибнинг нисбий турғунлиги сақланиб қолади. Ҳаёт қадрининг ижобий кўриниши-яхшиликдир.
Умумий маънода Ҳаёт ўзига хос структураларнинг ташқи муҳитдан олинган энергия сарфи орқали ўз-ўзини бошқариш ва бунёд этиши тариқасида талқин қилинади. Бу тавсифдан моддалар ва энергия алмашинуви орқали организм билан ташқи муҳит ўртасида доимий боғланиш бўлиб туриши тўгрисидаги тушунча келиб чиқади. Организмда моддалар алмашинуви ассимиляция жараёнлари мажмуидан иборат. Ассимиляция ҳужайра молекуляр компонентларининг, жумладан тур учун хос бўлган моддалар (оқсил, нуклеин кислоталар) синтези ва диссимиляциясини, яъни ишлатиб бўлинган моддаларнинг парчаланиши ва организмдан чиқарилишини ўз ичига олади. Мазкур жараён энергиянинг қайта тақсимланиши орқали содир бўлади. Бу жараёнда автотроф фотосинтезловчи организмлар (яшил ўсимликлар, фототроф бактериялар) қуёш энергиясини ўзлаштириб, уни кимёвий боғлар энергиясига айлантиради (мас, АТФ синтези, фосфорланиш). Хемосинтезловчи автотроф (темир ва олтингугурт бактериялари) кам оксидланган анорганик бирикмалар энергиясидан, гетеротрофлар (кўпчилик бактериялар, ҳайвонлар, замбуруғлар) эса автотрофлар ёки бошқа гетеротрофлар синтезлаган органик моддаларнинг парчаланиши натижасида ҳосил бўлган энергиядан фойдаланади. Метаболитик ўзгаришлар давомида энергиянинг кўп қисми иссиқлик шаклида йўқотилиши натижасида организм — муҳит системаси энтропияси ошади.
Ҳаётга моддалар алмашинуви жараёни сифатида қараш ўз аҳамиятини йўқотмаган, лекин бу қарашлар янги маълумотлар билан бойиб бормоқда.
Моддалар алмашинуви — ҳаёт учун зарур бўлган тузилмаларнинг сақланиб туриши ва ҳосил бўлишининг зурур шарти сифатида ҳар бир организм тури учун ўзига хос бўлади. Ҳаётнинг замонавий тавсифига кўра, унинг асосий хоссаларига моддалар алмашинуви билан бир қаторда ўз-ўзини яратиш (репродуксия), ирсийланиш ва ўзгарувчанлик намоён қилиш, ўсиш ва ривожланиш, таъсирланиш ва таъсирга жавоб бериш, ўз-ўзидан бошқарилиш, ритмлилик, энергияга муҳтожлик ва бошқа хусусиятлар ҳам киради. Муайян тузилган структураларнинг бузилиши билан Ҳаёт ҳам тўхтайди. Структураларнинг ўзига хос хусусиятлари матрица усулида кўпаядиган генетик программада мавжуд бўлган ахборот билан боғлиқ. Матрица синтези жараёнида генетик программадан хато нусха олиниши (мутация) мумкин. Бунинг натижасида олинган программа нусхалар ўртасида фарқ (конвариант репликация) пайдо бўлади. Мутацияларнинг асосий қисми эволюциянинг дастлабки даврларида содир бўладиган репарация механизмлари орқали йўқотилади, лекин сақланиб қолган ирсий ўзгаришларнинг ўзи организмларнинг хилма-хил бўлиши ва уларда ташқи муҳит шароитига ҳар хил мосланишлар вужудга келиши учун етарли бўлади. Организмлар белгиларининг хилма-хиллиги табиий танланиш учун шарт-шароит яратади; бу эса, ўз навбатида. яшаш шароитига қараб организмларнинг мукаммаллашуви (прогресс) га ёки улар тузилишининг соддалашуви (рефесс)га олиб келади. Шундай қилиб, Ҳаёт ўз моҳиятига кўра ўз-ўзини яратадиган жараён сифатида эволюциянинг шарт-шароитларини белгилаб беради. Ер юзасида Ҳаёт молекуляр, ҳужайра, организм, популяция, тур, биогеоценез (экосистема) ва биосфера даражаларида намоён бўлади. Биология фанларининг ХХ асрда эришган ютуқлари асосида ишлаб чиқилган Ҳаётнинг замонавий тавсифлари уни табиатан моддий эмаслиги тўғрисидаги ғайритабиий назарияларга ўрин қолдирмайди. Шунинг билан бирга бу тавсифлар Ҳаётни фақат физик-кимёвий қонуниятлар билан бог'лаб қўйишга имкон бермайди. Моддалар алмашинуви асосида амалга ошириладиган матриса синтези ва ундан келиб чиқадиган биологик эволюция нотирик табиат учун хос бўлмайди. Моҳиятига кўра ҳаёт нотирик табиатга нисбатан материя ҳаракатининг анча юксак даражадаги шакли ҳисобланади.
Манбалар
Яна қаранг
Ҳаволалар
| Викииқтибосда Ҳаётга тегишли иқтибослар мавжуд. |
| Ушбу мақолада Ўзбекистон миллий энсиклопедияси (2000-2005) маълумотларидан фойдаланилган. |
| Ушбу мақола çаладир. Сиз уни бойитиб, ЗиёСферага ёрдам бериşингиз мумкин. Бу андозани аниқроғига алмаштириш керак. |