Ҳулоку, Ҳулагу, Ҳулокухон, Ҳалокухон (1217, Мўғулистон — 1265.8.2, Мароға, Эрон) — Ҳулокуийлар давлати ва сулоласи асосчиси. Чингизхоннинг набираси, Тулихоннинг 4-ўғли. Мўғулистонда туғилган. Ёшлигидан ҳарбий юришларда қатнашган. Ҳ. Улуғ қурултойнинг қарори билан Амударёдан кечиб ўтиб (1256), қисқа вақт ичида ҳозирги Афғонистоннинг бир қисмини, Эрон, Ироқ, Закавказе, кичик Осиё ерларини босиб олган (1256— 58). 1256-йил ўзини мустақил ҳукмдор деб эълон қилган. Ҳ. номигагина улуғ қоонга бўйсунган, ундан элхон унвонини олган. Ҳ. шомонийликка эътиқод қилса-да, бошқа динларни таъқиб этмаган. Исмоилийлар давлатини (1256) ва Аббосийлар халифалигини (1258) бутунлай тор-мор қилган. Сўнгги халифа — Мустаъсимни қатл этган. 1260-йил мўғул қўшинлари Сурияга бостириб кирган, лекин Фаластинда бўлган жангда Миср қўшинлари (мамлуклар) тарафидан енгилган. 1262-йил Олтин Ўрда билан уруш олиб борган.