Immunitet
Иммунитет (лотинча: иммунитас — бирон нарсадан халос, озод қилиш, қутулиш) — тирик мавжудотларнинг ўз бутунлиги ва биологик ноёблигини бузувчи „ёт“ омиллардан ҳимояланиши, қаршилик кўрсатиши, резистентлиги. „Ёт“ омилларга бактериялар ва уларнинг токсинлари, [вируслар], [замбуруғлар], содда жониворлар, [гелминтлар], кўчириб ўтказилган аъзо ва тўқималар, организмнинг ўзгарган ўз хужайралари (масалан, ўсмасимон ҳужайралар) ва бошқалар киради. Бу омиллар организм учун ирсий бегона бўлган кимёвий агентлар — [антигенлар] тутади.
Организмни инфексион агентлар ва бошқа ёт моддалардан ҳимоя қилиш омиллари табиати бўйича учга бўлинади:
- Филогенетик иммунитет — анатомик ва физиологик белгилар билан таъминланиб, наслдан наслга ўтадиган номахсус ҳимоя омиллари ёки организмнинг номахсус резистентлиги. Бу омиллар патоген агентлар билан биринчи бўлиб алоқа қилади, шунинг учун уларнинг фаолияти ҳисобига одам организмининг кўпгина юқумли касаллик қўзғатувчиларига чидамлилиги таъминланади.
- Туғма иммунитет (турга хос, табиий) — бир биологик турнинг маълум бир патоген агентга нисбатан чидамлиги бўлиб, наслдан наслга ўтади. Масалан, ит, қорамол, товуқларнинг ўлат касаллиги қўзғатувчилари одамларга юқмайди, ўз навбатида одамлардаги захм, қизамиқ, вирусли гепатит, ОИТС қўзғатувчилари ҳайвонларда касаллик қўзғатмайди. Турга хос иммунитет узоқ йиллар давомида эволюсия натижасида макроорганизм билан патоген микроорганизмларнинг ўзаро муносабати оқибатида вужудга келган.
- Орттирилган иммунитет — ҳаёт давомида организм иммун системасининг ёт антигенлар билан таъсирлашуви ҳисобига юзага келадиган ҳимоя бўлиб, наслдан наслга ўтмайди.
Орттирилган иммунитет табиий ва сунъий бўлади. Табиий иммунитет ўз навбатида яна иккига бўлинади:
- табиий фаол иммунитет — юқумли касалликдан соғайгандан сўнг юзага келади;
- табиий суст иммунитет — онадан болага йўлдош ва сут орқали ўтади.
Сунъий иммунитет ҳам икки хил бўлади:
- сунъий фаол иммунитет ваксиналар билан эмлаганда ҳосил бўлади;
- сунъий суст иммунитет — зардоб, қон, иммуноглобулин ва плазмалар юборилгандан сўнг юзага келади. Орттирилган иммунитет микробга қарши (антибактериал иммунитет) ва унинг токсинларига қарши (антитоксик иммунитет) вужудга келади. Антибактериал иммунитет ўз навбатида стерил ва ностерил турларга булинади. Стерил иммунитетда касалликдан сўнг патоген микроб организмда сақланиб қолмайди (кўпгина юқумли касалликларга хос). Ностерил иммунитетда касаллик қўзғатувчиси организмда сақланиб қолиши мумкин (масалан, сил, ич терлама, шол, гепатит каби касалликларда), лекин одамда касаллик белгилари кузатилмайди, аммо иммунитет маълум бир сабабларга кўра сусайса, касаллик қайталаниши (рецидив) мумкин.
Адаптив иммунитет бир организм лимфоид ҳужайраларини иккинчи организмга кўчириб ўтказилганда, уларнинг фаоллиги ҳисобига юзага келади. Масалан, оқ қон касаллигида ўзгарган қон ҳужайралари ўлдирилиб, донор соғлом одамдан кўмик кўчириб ўтказилади. Тўқима ва аъзоларни донордан реципиентга кўчириб ўтказишда ривожланадиган қимоя трансплантацион иммунитет деб аталади. Бу ҳимоя кўчириб ўтказилган тўқима ва аъзоларнинг битиб кетмаслигига ва уларнинг некрозга учрашига сабаб бўлади.
Муайян тўқима ва аъзода маълум бир омилга қарши ривожланган ҳимоя маҳаллий иммунитет деб аталади. Бу ҳимоя сиртқи иммун система аъзоларининг фаоллиги ҳисобига юзага келади.
Организмда уни касаллик қўзғатувчи ҳар хил микроорганизмлар ва бошқа „ёт“ омиллардан ҳимоя қилувчи табиий воситалар мавжуд (организмнинг номахсус резистентлиги): тери ва шиллиқ қаватларнинг механик тўсиқлик вазифаси, лимфа тугунларидаги яллиғланиш, организм суюқликларининг (сўлак, кўз ёши, меъда-ичак, нафас ва сийдик-таносил йўлларининг шиллиқ моддалари, лимфа, қон зардоби таркибидаги лизоцим, интерферон, комплемент, пропердин каби омиллар) бактерицид ва нормал микрофлоранинг антагонистик таъсири, фагоцитоз қилувчи ҳужайралар ва табиий киллерлар фаоллиги, организмнинг физиологик реаксиялари ва бошқалар. Номахсус чидамлилик қудратли ҳимоя омили бўлиб, макроорганизмнинг ички муҳити барқарорлиги гомеостазини доимий равишда таъминлаб туради. Организм лимфоид тўқималарининг „ўзиникини бегонадан“ ажрата олиш қобилияти умуртқали организмларда иммун омиллар системаси сифатида шаклланган. Организмда, ирсий жиҳатдан бегона бўлган антигенларга қарши иммун жавоб қон лимфоид аъзоларда (иммун система) махсус антителолар ва лимфоцитлар ёрдамида амалга оширилади.
Бугун профилактика юқумли касалликларнинг пайдо бўлиши ва тарқалишини олдини олишдан огоҳ этувчи энг самарали чора-тадбирлардан ҳисобланади. Махсус профилактика (вакцинация) — бу аҳоли ўзига профилактик эмланиш йўли билан у ёки бу инфексияга нисбатан қаршилик кўрсатиш демакдир. Охирги 40 йилда профилактик эмланиш қизамиқ, дифтерия, кўк йўтал, полиомиэлит, эпидемик паротит, “В” гипатети, қизилча, сил, грипп, эпидемик паротит ва қоқшол каби юқумли касалликлар билан курашишда муҳим аҳамият касб этди.
Махсус профилактика усулларини қўллаш туфайли асосий юқумли касалликлар ер юзидан мутлақо камайтирилди, ҳатто тугатилди ҳам. Бунинг ҳаммаси ваксинани қўллаш эвазига амалга оширилди. Чинчечак изсиз йўқотилди, шол (полиомиэлит), қизамиқ, кўкйўтал, дифтерия, тепки каби касалликлар эса минимал даражага туширилди. Дарҳақиқат, ҳар қандай юқумли касалликларнинг олдини олиш, яъни йўлини қирқишда ваксина, иммунзардоб ва иммуноглобулинлар муҳим аҳамиятга эга. Булар ичида энг салмоқлиси ваксинадир.
Одам ва ҳайвоннинг юқумли касалликлариги қарши иммунопрофилактика ва иммунотерапия мақсадида фаол иммунитет ҳосил қилиши учун ишлатиладиган биологик моддалар “ваксиналар” дейилади. Ваксиналар бир нечта муҳим талабларга жавоб бериши, чунончи организм учун зарарсиз, унга юборилганда тана ҳароратини оширмаслиги (апироген), юқори даражада иммуноген, осон йўл билан олинадиган, узоқ вақтгача сифати бузилмай ва эмлашга қулай бўлиши керак. Ваксиналар махсус танлаб олинган вирусларнинг ёки микроорганизмларнинг штаммларидан тайёрланади. Бундай штаммлар ваксина штаммлари дейилади. Улар бошқа шу турдаги штаммлардан авирулентлиги (заҳари паст) ва юқор даражада иммунитетлиги (кучли иммунитет чақиради) билан фарқ қилади.
Тирик ваксиналарнинг камчилиги ҳам мавжуд: дарҳақиқат организм учун мутлақо ирсий жиҳатдан бегона бўлган нуклеин кислота (оқсил) киритилади. Организмдаги авирулент штаммлар патогенлик (заҳарга таъсир этувчи) томонга ўзгариши ва ваксина таркибидаги штаммлари ўстирилаётган, экмалардаги бегона микроорганизмлар билан мослашиши мумкин. Тирик ваксиналарни сақлаш муддати жуда қисқа. Ундан ташқари иммунтанқислиги бор одамларда турли хил нохуш асоратлар қолдириши хавфлидир.
Ўлдирилган вакциналар юқори даражада иммунитет чақирадиган заҳарли штаммлардан тайёрланади. Бунинг учун абурулент штаммлар танлаб олиниб, физиологик эритмада суспензия тайёрланади ва физик (қиздирилади ёки кимёвий омиллар ёрдамида ундан ўлдирилиб, ундан ваксина тайёрланади. Ўлдирилган ваксиналар тирик ваксиналардан қуйидаги хусусияти билан устун туради. Турғунлиги, хавфсизлиги, тез ва оддий услубда тайёрланиши, арзонлиги, узоқ вақт сақланиши ҳамда бир неча антигенларни қўшиш мумкинлигидир. Салбий томонлари: микроорганизмларнинг тўлиқ ўлдирилганлигини назорат қилиш қисқа ва кучсиз иммунитет чақириши, шунинг учун қайта риваксинация қилиш парентериал йўл билан киритилгани боис маҳаллий иммунитетнинг ривожланмаслиги, иммунозаиф организмга киритилганида аллергик реаксиялар бериши мумкин
Эмлаш ёшига ва эпидемиологик ҳолатга кўра ўтказилади. Тана ҳарорати кўтарилганда, оғир юқумли касалликлардан сўнг, оғир кечадиган сурункали инфексияларда, юрак етишмовчилиги ва баъзи аъзолар фаолияти бузилганда, ҳомиладорлик вақтида, кўкрак сути билан эмизаётган пайтда, аллергик ҳолатларда, организмда иммунитет танқислиги кузатилганида, стресс пайтида эмлаш ман этилади.
Ваксиналарга қарши кучли иммунитет ҳосил бўлиши организмнинг иммун тизимига ваксинанинг таркиби ва сифатига, тўғри ва етарли миқдорда юбрилганига, ваксинация ва реаваксинация қилиш орасидаги вақтга ҳам боғлиқ.
| Ушбу мақола çаладир. Сиз уни бойитиб, ЗиёСферага ёрдам бериşингиз мумкин. Бу андозани аниқроғига алмаштириш керак. |