Бухорий, Имом ал-Бухорий (арабча: الإمام البخاري‎‎; асл исми Абу Абдуллоҳ Муҳаммад ибн Исмоил ал-Бухорий; арабча: أبو عبد الله محمد بن إسماعيل بن إبرهيم الجعفي البخاري‎‎; 810-йил 21-июл, Бухоро – 870-йил 31-август, Самарқанд яқинидаги Ҳартанг қишлоғи) – ислом оламининг йирик мутафаккири, буюк муҳаддис. Муҳаддислар имоми, ҳадис илмининг султони деб ҳам юритилади.

Ҳадис

Исм

Абу Абдуллоҳ Муҳаммад ибн Исмоил ибн Иброҳим ал Бухорий

Таваллуди

21-июл 810-йил, Бухоро

Вафоти

1-сентябр 870-йил(870-09-01)
(60 ёшда), Самарқанд

Фалсафа мактаби


Имом ал-Бухорий мақбараси, Самарқанд вилояти Паяриқ туманида жойлашган.

Ҳаёти

Насл-насаби ва ёшлик даври

Отаси Исмоил ўз даврининг етук муҳаддисларидан, Молик ибн Аласнинг шогирди ва яқинларидан бири бўлиб, тижорат ишлари билан шуғулланган. Онаси тақводор, диёнатли, оқила аёл эди. Отаси вафот этгач, унинг тарбияси волидаси зиммасига тушган. У 5—6 ёшидан исломий илмларни, Муҳаммад пайғамбарнинг ҳадисларини ўрганишга ва ёдлашга киришади. Таниқли муҳаддислар – ал-Дохилий, Муҳаммад ибн Салом ал-Пойкандий, Муҳаммад ибн Юсуф ал-Пойкандий, Абдуллоҳ ибн Муҳаммад ал-Маснадий ва бошқалардан сабоқ олган.

Сафарлар ва таълим

Азалдан муҳаддислар сафарга чиқишдан олдин ўз юртидаги ровийлардан бирорта ҳам ҳадис қолдирмасдан ёзиб олган бўлиши ва шундан кейингина бошқа шаҳар ёки мамлакатга сафарга отланиши мумкин эди. Бухорий 16 ёшга етгунча, ўз юртидаги машойихлардан ҳадис эшитиб, ёзиб олиб, халифаликнинг турли вилоятлари томон йўл олади. 825-йил Бухорий онаси ва акаси Аҳмад билан Маккага келиб, ҳаж ибодатини адо этади. Онаси ва акасини Бухорога қайтариб, ўзи Маккада қолади. Бу ерда фаолият кўрсатаётган машойихларнинг илмий йиғинида қатнашади. 827-йил Мадинага боради. Мадинадаги машҳур уламолардан Иброҳим ибн ал-Мунзир, Мутриф ибн Абдуллоҳ, Иброҳим ибн Ҳамза ва бошқалар билан мулоқотда бўлиб, улардан ҳадислар бўйича сабоқ олади. Бу вақтда Муҳаммад пайғамбарнинг саҳобалари, саҳобаларнинг издошлари турли мамлакатга тарқаб кетган эдилар. Шундай шароитда Муҳаммад пайғамбарнинг ҳадисларини тўплаш турли шаҳар ва мамлакатларга боришни тақозо қилар эди. Бир неча тарихчиларнинг таъкидлашича, Бухорий Ҳижоз, Макка, Мадина, Тоиф, Жиддага қилган риҳлати 6 йил давом этган. Сўнг Басра, Куфа ва Бағдодга сафар қилади. Шом ва Мисрга ўтади. Бундан ташқари Хуросон, Марв, Балх, Ҳирот, Нишопур, Рай, Жибол каби шаҳарларда бўлиб, бу шаҳарлардаги олимлардан сабоқ олди ва ҳадислар тўплади.

Асарлари

Хорижий юртлардаги сафардан кейин Бухорога қайтгач, ҳадис илмини тарғиб этишга киришади. Ул зотнинг бу саъю кўшишлари бу вақтда Бухорода исботланади. Бу асар Ҳиндистон ва Қоҳирада чоп этилган. Бухорий яратган „Китоб ал-Фавоид“ („Фойдали ашёлар ҳақида китоб“), „Ал-Жоми’ ал-кабийр“ („Катта таянч“), „Халқ аф’ол алибод“, („Аллоҳ бандалари ишларининг табиати“), „Ал-Муснад ал-кабийр“ („Катта таянч“), „Ат-Тафсир ал-кабийр“ („Катта тафсир“), „Китоб ал-хиба“ („Хайреҳсон ҳақида китоб“) ва бошқалар асарларнинг баъзилари бизгача етиб келмаган, баъзилари жаҳоннинг турли мамлакатлари кутубхоналарида сақланаётганлиги ҳақида маълумотлар бор. Бухорийнинг бошқа асарлари орасида „Тафсир ал-Қур’он“ („Қур’он тафсири“) китобини ҳам алоҳида таъкидлаш керак. Бухорий асарлари мусулмон дунёсининг барча мадраса ва дорилфунунларида Муҳаммад пайғамбар суннатлари бўйича асосий дарслик, қўлланма ҳисобланади. Жамоат арбоблари, олим-у уламолар ва дин пешволари Бухорий асарларига таяниб иш тутадилар.

Ўзбекистонда Бухорийнинг хотираси муносиб тарзда абадийлаштирилган. Аллома абадий қўним топган Челак туманидаги Ҳартанг қишлоғида улкан ёдгорлик мажмуи очилди (қаранг Бухорий ёдгорлик мажмуи). Тошкент ислом институтига Бухорий номи берилган. Бухорийнинг ҳаёти ва ижодига бағишлаб бир неча тилларда китоб-албом, 2 қисмли филм (1995), „Ҳадис илмининг султони“ номли 4 қисмли киноқисса (1998) яратилган.[1]

Асарлар рўйхати

  • Ал-Адаб ал-Муфрад (Адаб дурдоналари), Тошкент, 1990. 
  • Ҳадис, 1—4 жилдлар (2-нашри), Тошкент, 1997. 

Манбалар

  1. ↑ Файл:Натионал Энcйcлопедиа оф Узбекистан лого.пнг „Имом ал-Бухорий“, Ўзбекистон миллий энсиклопедияси. (Б-ҳарфи). Тошкент: „Ўзбекистон миллий энсиклопедияси“ Давлат илмий нашриёти, 2000–2006-йиллар.

Адабиётлар

  • Мозийдан таралган зиё. Имом ал-Бухорий, Тошкент, 1998. 
  • Уватов У. Имом ал-Бухорий, Тошкент, 1998. 
  • Мадаминов С. Имом Бухорий та’рифи, Тошкент, 1996. 
  • Имом ал-Бухорий — муҳаддислар султони, [нашрга тайёрловчилар Усмонҳожи Темурхон ўғли, Бахтиёр Набихон угли], Тошкент, 1998. 
  • Душан Файзий Зарафшоний. Имом ал-Бухорий, Тошкент, 1998. 
  • Бабаханов Ш.З.. Великие мухаддиси о мире и дружбе между народами, Тошкент, 1998. 
  • Ма’навият юлдузлари, [2-нашри], Тошкент. 

Ҳаволалар