Имом ал-Бухорий ёдгорлик мажмуаси — Ўзбекистоннинг Самарқанд вилояти Паяриқ тумани Хартанг қишлоғида жойлашган. У ХХ аср охирига оид мемориал, диний ва маънавий-маърифий иншоотлар мажмуасидир. Мажмуа Ўзбекистон Республикаси биринчи президенти Ислом Каримов ташаббуси билан 1997–1998-йилларда Имом Абу Абдуллоҳ Муҳаммад ибн Исмоил ал-Бухорийнинг қадимий мозори устида, унинг ҳижрий тақвим бўйича таваллудининг 1225 йиллиги муносабати билан барпо этилган. У 2025-йилда сезиларли даражада кенгайтирилди.

Имом ал-Бухорий ёдгорлик мажмуаси
Умумий маълумот
Мақоми Тарихий мажмуа
Тури ёдгорлик
Жойлашуви Самарқанд вилояти, Хартанг қишлог'и
Мамлакат Ўзбекистон
Қурилиши бошланган 1997-йил
Қурилиши тугаган
  • 1998-йил
  • 2025-йилда реконструксия қилинди
Дизайн ва конструксия
Қурувчи Ўзбекистон Республикаси ҳукумати

Тарихи

Қурилиши

Имом Абу Абдуллоҳ Муҳаммад ибн Исмоил ибн Иброҳим ал-Жу’фий ал-Бухорий 870-йилда Самарқанд яқинидаги Хартанг қишлоғидаги қабристонда дафн этилган. Имом вафотидан сўнг унинг асосий асари — „Ал-жомеъ ас-саҳиҳ“ бутун ислом оламида кенг шуҳрат қозонади ва чоп этилганидан икки аср ўтиб сунний ҳадисларнинг олтита асосий тўпламидан бирига айланади. Ўша даврда Имом ал-Бухорий таълимоти кўплаб тарафдорлар орттиради, айниқса Мовароуннаҳрда унинг қабри томон зиёратчилар оқими кучаяди. ХВИ асрда Шайбонийлар сулоласи ҳукмронлиги даврида Хартанг қишлоғи четидаги қабристонда илк ёдгорлик мажмуаси қурилиб, у ерда ал-Бухорий қабри устида кичик мақбара ҳамда жума масжидидан иборат иншоотлар бунёд этилган. Шу даврда мақбара яқинида чинор дарахтлари экилган бўлиб, уларнинг маълум бир қисми ҳозирга қадар сақланиб қолган.

Собиқ Иттифоқ даври

Мажмуа кичик қўшимча ва қайта қуришлар билан ХХ аср бошларига қадар етиб келган. Марказий Осиёда Собиқ Иттифоқ ҳокимияти ўрнатилгач, мазкур ҳудуддаги масжидда ибодатлар тақиқланади. Қаровсиз қолган мақбара ва масжид тез орада харобага айланиб, 1950-йиллар ўрталарига келиб вайрона ҳолатга тушган. СССРга ислом мамлакатларининг қатор давлат ва диний арбоблари ташриф буюриб, Муҳаммад ал-Бухорий қабрини зиёрат қилиш истагини билдирганидан сўнг вазият ўзгаради. Мажмуа шошилинч равишда тартибга келтирилиб, тез орада Марказий Осиё ва Қозоғистон мусулмонлари диний бошқармаси (САДУМ) тасарруфига топширилган.

Реконструксия

1997-йилда мустақил Ўзбекистон ҳукумати Имом ал-Бухорий таваллудининг 1225 йиллиги муносабати билан унинг қабри ёнида янги ёдгорлик мажмуасини барпо этишга қарор қилади. 1998-йил октябрига қадар якунланган қурилиш ишларида Самарқанд, Тошкент, Бухоро, Хива, Шаҳрисабз, Андижон, Қўқон ва Наманган шаҳарларининг энг яхши халқ усталари иштирок этади. Натижада янги мажмуа Ўзбекистоннинг бир неча меъморий мактаблари анъаналарини ўзида мужассам этиб, замонавий Марказий Осиё санъатининг ёрқин намуналаридан бирига айланди.

2025-йилда мажмуа сезиларли даражада кенгайтирилиб, қайта қурилди. Периметри бўйлаб баландлиги 75 метр бўлган тўртта минора қад ростлади. 10 минг кишига мўлжалланган янги масжид барпо этилиб, мавзули музей очилди. Шунингдек, мажмуа яқинида зиёратчилар учун учта меҳмонхона ва ўнлаб меҳмон уйлари ишга туширилди. Бу орқали мажмуанинг умумий майдони 44 гектарга етди[1][2].

Меъморчилиги

Имом ал-Бухорий ёдгорлик мажмуаси реконструксиясидан олдин тахминан 10 гектар майдонни эгаллаган. У кириш биноси, хонақоҳли масжид, маъмурий бино, Имом ал-Бухорий мақбараси ҳамда бироз четроқда жойлашган „Дорус Ҳадис“ таълим маркази биносидан иборат бўлган. Асосий меъморий унсурлар тўғри тўртбурчак, деярли квадрат шаклдаги ҳовли атрофида жойлаштирилган.

Мажмуа ҳудудига кириш пишиқ ғиштдан қурилган бир қаватли бино орқали амалга оширилган. Бу бино ҳовлига қараган равоқли хоналар орасига жойлаштирилган бўлиб, ўртасидан ўтувчи равоқли йўлакларга эга учта портал-гумбазли ҳажмдан ташкил топган. Ён қисмлар марказий қисмга нисбатан кичикроқ портал ва гумбазларга эга. Мажмуанинг қолган қисми эса айвон — текис томли, тош пойдеворли ёғоч устунларга таянган террасалар билан ўраб олинган. Устунлар безакли ўймакор нақшлар билан безатилган[3].

Киришнинг чап томонида айвон оралиғига хонақоҳли масжид жойлаштирилган. Беш қиррали гумбазли ушбу иншоотнинг майдони 786 квадрат метр бўлиб, унда бир вақтнинг ўзида 1500 нафаргача киши ибодат қилиши мумкин бўлган. Киришнинг ўнг томонида эса маъмурий бино жойлаштирилган, унда кутубхона ва музей мавжуд бўлган. Бу ерда ислом илоҳиёти бўйича ноёб қўлёзма ва литографик китоблар намойиш этилган.

Мажмуанинг шимоли-ғарбий қисмида айвон чуқур токча ҳосил қилган. Шу ерда беш поғонали тош платформа устида мажмуанинг асосий меъморий маркази — Имом ал-Бухорий мақбараси жойлашган. У силиндрсимон барабанга ўрнатилган икки қаватли гумбаз билан ёпилган чортоқ шаклида қурилган. Мақбара асосида 9×9 метр ўлчамга, баландлиги эса 17 метрга эга бўлган. Ташқи гумбази қиррали бўлиб, мовий плиткалар билан безатилган. Ички пол мармар плиталар билан қопланган бўлиб, уларнинг устига оч яшил ониксдан ишланган сағана ўрнатилган[4].

Мақбаранинг ўнг томонида алоҳида кириш мавжуд бўлган. У кичик гумбазли дафн хонасига олиб борган ва бу ерда дахма жойлашган[5]. Мажмуа безагида ўрта асрлар ислом меъморчилигига хос материаллар — мозаика, маёлика, ганч ва ўймакор мармардан фойдаланилган. Мажмуа ҳовлисида кичик ҳовуз мавжуд. Чинорлар орасида жойлашган булоқ суви эса шифобахш ҳисобланади.

Манбалар

  1. ↑ „Узбекистан возрождает наследие величайшего хадисоведа ислама“ (ру). эуронеwс (2025-йил 16-декабр). Қаралди: 2025-йил 19-декабр.
  2. ↑ „Комплекс имама Бухари станет центром науки, просвещения и воспитания“ (ру). пресидент.уз. Қаралди: 2025-йил 19-декабр.
  3. ↑ Чартак — в среднеазиацкой архитектуре четирёхстолпний куполний павилон
  4. ↑ Сагана — намогилний камен
  5. ↑ Дахма — платформа для установки надгробий

Адабиётлар

  • ЎзМЕ. Биринчи жилд. Тошкент, 2000-йил



‎