Сан-Франсиско паром биноси, Эмбарcадеро ва тунда Бай ко'приги - буларнинг барчаси инфратузилманинг намуналари.

Инфратузилма (лотинча: инфра — „остида“) — ишлаб чиқариш ва товар муомаласи, шунингдек, инсон ҳаёт фаолияти учун зарур бўлган меъёрий шароитни таъминлашга хизмат килувчи турли-туман ёрдамчи хизмат кўрсатувчи соҳалар (ташкилот, корхона ва муассаса) мажмуи; номоддий ишлаб чиқариш сектори. Инфратузилма хизматлари моддий шаклга эга бўлмаган товарлар бўлиб, улар ҳаётий эҳтиёжларни қондиради. Инфратузилма зарурий шарт бўлганидан унинг ишлаб туришини таъминлашга иқтисодий ресурсларнинг бир қисми жалб этилади. Инфратузилма хизмат кўрсатиш соҳасига кўра ишлаб чиқариш инфратузилмаси (ишлаб чиқариш га хизмат кўрсатувчи соҳалар — юк ташиш транспорти, электр ва иссиқлик таъминоти, йўл хўжалиги, сув хўжалиги, омбор хужалиги, илмий конструкторлик хизмати, ахборот хизмати ва бошқалар) ва ижтимоий-маиший инфрату-зилма (аҳолига хизмат кўрсатиб, унинг эҳтиёжини қондирувчи соҳалар — маориф, соғлиқни сақлаш, жисмоний тарбия ва спорт, маиший хизмат ва бошқалар) га ажралади. Инфратузилма хизмати товар бўлганидан олди-сотди этилади. Унинг асосий вазифаси инсонга хизмат кўрсатиш, аммо бу иш пулли, бепул ва имтиёзли тарзда бажарилиши мумкин. Инфратузилма хизматларини ҳарактерига кўра гурухлаганда бозор инфратузилмаси ажралиб туради. Чунки унда бозор муносабатларини амалга оширувчи хизматлар кўрсатилади. Қайси даражада хизмат кўрсатилишига кўра, корхона, тармоқ ишлаб чиқариш мажмуалари ва ҳудудий инфратузилма ҳам мавжуд. Инфратузилма соҳасида яратилган хизматлар ишлаб чиқариш ва инсон учун наф келтиради. Инфратузилма хизмат кўрсатишини ташкил этиш учун маблағлар сарфланади. Шунинг учун уларни ҳисоблаш мумкин ва улар ялпи миллий маҳсулот таркибига киритилади. Инфратузилма ни яратувчи меҳнат ҳам унумли ҳисобланади. Инфратузилма нинг самарадорлиги кўрсатилган хизматларнинг сарф-ҳаражатларга нисбати орқали аниқланади[1].

Манбалар

  1. ↑ Ўлмасов, Аҳмаджон. Ўзбекистон миллий энсиклопедияси. Биринчи жилд. Тошкент, 2000-йил.