Тошкентнинг Ҳамид Олимжон метро бекати ёнидаги кўприкда одамлар мотам кортежини кузатишмоқда.

Ўзбекистоннинг биринчи президенти Ислом Каримов 2016-йил 2-сентабрида Тошкент вақти билан соат 20:55 да Тошкент шаҳрида бош мияда қайта тикланмайдиган ўзгаришларга ва полиорган етишмовчилигига олиб келган мия қон айланишининг ўткир бузилиши (инсулт) оқибатида вафот этди.[1]

Тиббий хулоса

Соғлиқни сақлаш вазири Анвар Алимов ва бошқа тиббиёт мутахассислари тузган тиббий хулосага биноан, Каримов, 78 ёшда, 27-август куни эрталаб соат 09.00 да ҳушсиз ҳолатда зудлик билан Ўзбекистон Республикаси Соғлиқни сақлаш вазирлиги Тиббиёт-санитария бирлашмасининг Марказий клиник шифохонасига олиб келинди.[2] Тиббий кўрик Россия фанлар академияси академиклари: кардиожарроҳ Лео Бокерия ва нейрожарроҳ Александр Потапов; Ҳанновер халқаро нейрохирургия институтининг вице-президенти ва ижрочи директори, профессор Амир Самии, Монако кардиоторакал маркази директори, профессор Гиллес Дрейфус, Ҳейделберг университети кардиология бўлими раҳбари, профессор Ҳуго Катус, Ҳелсинки университети марказий госпиталининг нейрохирургия бўлими профессори Жуҳа Ҳернесниэми томонидан ўтказилди.[2] Даволаш режаси ўзбекистонлик мутахассислар билан ўтказилган консилиумда белгиланди. Тиббий хулосага биноан, беморнинг неврологик ҳолати аввал бошдан атоник кома сифатида қайд этилди. Неврологик статусда диффуз мушак атонияси, арефлексия кузатилди. Беморга уч маротаба динамик электроэнсефалографик текширув ўтказилиб, унда бош миянинг биоэлектрик фаоллигининг сусайиши аниқланди."[2] Тўлиқ ҳажмдаги диагностика-даволаш муолажалари ва интенсив терапия чора-тадбирлари ўтказилганига қарамасдан 2016-йил 2-сентабр куни соат 20:15 да юрак фаолияти тўхтади. Амалга оширилган интенсив реанимация тадбирлари натижа бермади ва беморда соат 20:55 да биологик ўлим ҳолати қайд этилди.[2]

Дафн маросими

2016-йил 2-сентабрда Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси Кенгаши, Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенати Кенгаши ва Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг қарори чиқди, унда Ислом Каримов хоҳиш-иродасига кўра Самарқандда дафн этилиши, 3-сентабрдан бошлаб уч кунлик мотам эълон қилиниши кўрсатилган.[3] Дафн маросимини ўтказиш комиссияси таркибида Шавкат Мирзиёев, Рустам Иноятов, Рустам Азимов, Адҳам Аҳмадбоев ва бошқа давлат ва жамоат арбоблари кўрсатилди.[3]

2016-йил 3-сентабр тонгида мотам кортежи Тошкент шаҳри бўйлаб аэропортга юрди, кортежни ўн минглаб одамлар кузатишди.[4][5] Аэропортдан дафн маросими Самарқандга учиб, Регистон майдонига келди.

Маросимда Туркманистон Президенти Гурбангули Бердимуҳамедов, Тожикистон Президенти Эмомали Раҳмон, Афғонистон Президенти Ашраф Ғани, Россия Бош вазири Дмитрий Медведев, Хитой Халқ Республикаси Давлат кенгаши Бош вазири ўринбосари Зҳанг Гаоли, Корея Республикаси Бош вазири ўринбосари Леэ Жонг-сеок, Беларус Бош вазири Андрей Кобяков, Қозоғистон Бош вазири Карим Масимов, Озарбайжон Республикаси Миллий Мажлиси Раиси Оқтай Əсəдов, Грузия Республикаси Бош вазири Гиорги Квирикашвили, Қирғизистон Бош вазири Сўронбой Жеэнбеков, Туркия Бош вазири ўринбосари Туğрул Тüркеş, Украина Бош вазирининг биринчи ўринбосари Степан Кубив, Бирлашган Араб Амирликлари давлат вазири Рашид ибн Аҳмад ибн Фаҳад, Арманистон Республикаси парламенти вице-спикери Эрмине Нагдалян, Япония парламент вазири Мотоме Такисаwа, Эрон Ислом Республикаси ташқи ишлар вазири Муҳаммад Жавад Зариф, МДҲ Ижроия қўмитаси раиси — Ижрочи котиби Сергей Лебедев ва бошқалар қатнашди.[4]

Халқаро реаксия

Ислом Каримов вафоти юзасидан дунё бўйлаб сиёсат ва жамоат арбоблари таъзияномалар йўллашди. Улар қаторида Бараcк Обама, Пан Ги Мун, Владимир Путин, Хи Жинпинг, Нурсултон Назарбоев, Алмазбек Атамбаев, İлҳам Əлиев, Александр Лукашенко, Петро Порошенко, Шинзō Абе, Пранаб Мукҳержеэ, Реcеп Таййип Эрдоğан ва бошқалар бор.[6]

2016-йил 4-сентабрида Куба давлат кенгаши 2016-йил 5-сентабрини Ислом Каримов вафоти мотами куни деб белгилади.[7]

Манбалар

  1. ↑ „Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси ва Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг ахбороти“. УзА (2016-йил 2-сентябр).
  2. ↑ 2,0 2,1 2,2 2,3 „Ислом Абдуғаниевич Каримовнинг касаллиги ва вафоти сабаблари тўғрисида тиббий хулоса“. Ўзбекистон Республикаси Президентининг матбуот хизмати (2016-йил 2-сентябр). 2016-йил 6-сентябрда асл нусхадан архивланган. Қаралди: 2016-йил 5-сентябр.
  3. ↑ 3,0 3,1 „Ўзбекистон Республикасининг Биринчи Президенти И.А.Каримовнинг дафн маросимини ўтказиш бўйича давлат комиссиясини ташкил этиш тўғрисида“. Ўзбекистон Республикаси ҳукумат портал (2016-йил 2-сентябр).
  4. ↑ 4,0 4,1 „Ўзбекистон Республикасининг Биринчи Президенти Ислом Каримов билан видолашув“. УзА (2016-йил 4-сентябр).
  5. ↑ „Прощание с Первым Президентом“. Газета.уз (2016-йил 3-сентябр).
  6. ↑ „Таъзияномалар“. УзА (2016-йил 4-сентябр).
  7. ↑ „Деcрета эл Cонсежо де Эстадо де Cуба дуэло офиcиал пор фаллеcимиэнто де Пресиденте узбеко“. cубадебате.cу (2016-йил 4-сентябр).