It

Ит (лотинча: Cанис фамилиарис) — бўрисимонлар оиласига мансуб уй ҳайвони. Ҳамма мамлакатларда тарқалган. Ёввойи аждоди бўри. Мезолит даврида (милоддан аввалги 15-10 минг йил) хонакилаштирилган. Итларнинг ҳид билиш, эшитиш ва кўриш органлари, шунингдек, мияси яхши ривожланган. Итларда 42 тиш бўлиб, қозиқ тиши ниҳоятда мустаҳкам. Урғочиси 7-8 ойда, эркаги 10-12 ойда жинсий вояга етади, эркак ит арлон деб аталади, қанжиклари (урғочилари) йилига икки марта кучуклайди. Бўғозлик даври 58-65 кун. 1-2 тадан 12-18 тагача туғади. Итнинг янги туғилган боласи кучук дейилади. Кучук болалар кўр, кар, тишсиз туғилади. Кўзи 10-14 кундан кейин очилади, 5-8 кундан кейин қулоқлари эшита бошлайди, сут тишлари 20-30 кунда чиқади. Онасини 1-1,5 ой эмади, сўнгра бошқа овқатларни ҳам еяверади. Итлар 12-15 йил, баъзи зотлари 17 йилгача яшайди. Итларнинг бўйи 16-18 см дан 100 см гача, вазни 600 г дан 90 кг гача боради. Уй итлари ёввойилашиши ҳам мумкин.Итларнинг ёввойи ҳолда яшайдиган ягона тури динго ити, асосан, Австралияда тарқалган (Курил оролларида ёввойилашган хонаки итлар учрайди). Жаҳонда итнинг 400 дан ортиқ зоти маълум. Ит 3 та асосий гуруҳга: хизмат итлари, овчи итлар, декоратив итларга бўлинади.
Хизмат итлари қўриқчилик ва махсус хизматлар (ҳарбий, қидирув, қоровуллик, юк ташиш)ни бажаради. Улар бойлоқ, бўш ёки алоҳида катакларда (хоналарда) боқилади. Уларнинг зотлари кўп. Масалан, овчаркалар, доберман-пинчер, боксёр, эрделер, қора терер, дог, сенбернар, нюфаунленд. Бу турдаги итлар бўйчан, шароитларга бардошли, одам буйрукларига ва машқларга тез ўрганади. Улар жанг майдонларида ярадорларни қидириб топиш ва олиб чиқиш, алоқа ишлари, миналарни, наркотик моддаларни топиш каби ноёб ишларни бажаришга қодир. Ўзбекистонда хизмат итларидан Шарқий Европа овчаркалари кенг тарқалган. Инсон учун энг яқин ёрдамчи итлар чўпон итлари ҳисобланади. Бундай итлардан бўрибосар, Кавказ, мўгул, шотланд овчаркалари чорва подаларини бўрилардан қўриқлаш, поданинг тарқалиб кетишига йўл қўймайдиган "подачилик" вазифаларини бажаради. Итлар чекка шимолда чанага қўшиб, транспорт воситаси сифатида ишлатилади (10-12 И. қўшилган чанада 400– 500 кг юкни бир суткада 80–100 км масофага етказиши мумкин).
Овчи итлар гуруҳига мансуб 100 дан ортиқ зот мавжуд, този, лайча, сеттер, пойнтер, лайка, исковуч ва бошқа. Булар ёввойи ҳайвон ва паррандаларни топиб, овчиларга ёрдамлашади. Овчи итлар билан спорт мусобақалари ҳам ўтказилади. Уйда асраладиган декоратив итлардан узун жунли бароқ итлар, жингалак жун бароқ итлар, балонка, пакана зотли терер, пудел, шпиц, пекин ва япон итлари, мопелар кенг тарқалган. Улар деярли хўжалик аҳамиятига эга эмас ва уларни фақат ит ишқибозлари урчитади ва боқади.
Итлар гижжа, гелминтозлар, қирма темиратки, қўтир, қутуриш каби юқумли касалликлар билан оғрийди. Бу касалликлар итдан одамларга юқиши ҳам мумкин. Шу сабабли, итлар ҳамиша ветеринария назоратида туради, ҳар йили улар профилактика мақсадларида қутуришга, кучуклар эса ўлатга қарши эмланиши лозим (яна қаранг Итчилик, Ицимонлар).
Рашид Ганиев.[1]
Яна қаранг.
Манбалар
Ҳаволалар
| Викииқтибосда Итга тегишли иқтибослар мавжуд. |
| Ушбу мақолада Ўзбекистон миллий энсиклопедияси (2000-2005) маълумотларидан фойдаланилган. |
| Ҳайвон ҳақидаги уşбу мақола çаладир. Сиз уни бойитиб, ЗиёСферага ёрдам бериşингиз мумкин. |