Калиф — Амударё бўйидаги[1] қадимий шаҳар ва кечув номи. Амударёнинг энг тор ерида қурилган. Археологик маълумотларга кўра, К. милоднинг бошларида бунёд этилган бўлсада, у Александр (Искандар Мақдуний) давридаёқ мавжуд бўлгани эҳтимоли бор. Тарихчиларнинг фикрига кўра юнон-македон қўшини айнан шу ердан Амударёни кечиб ўтган. Х асрда шаҳар дарёнинг ҳар икки қирғоғини эгаллаган. Шаҳарнинг асосий қисми дарёнинг сўл қирғоғида бўлиб, унда Зулқарнайн работи, жоме масжиди жойлашган. Унинг қаршисида, дарёнинг ўнг қирғоғида Зулкифл работи бўлган. Ибн ал Асирнинг ёзишича, Амударёга қурилган дастлабки сузувчи кўприк (понтон) ХИ асрда Маҳмуд Ғазнавий томонидан қурилган. Султон Маҳмуд қорахонийлар хоқони Арслонхоннинг даъватига биноан, Қодирхонга қарши чиққанда шу ердан ўтган. Дарёнинг бу ердаги кенглиги 3 минг қадамга яқин бўлган. Маҳаллий ривоятларга кўра, К. яқинида Зулқарнайн, яъни Искандар бутун бойликлари, олтинлари билан дафн қилинган. Ҳофизи Абрунинг ёзишича, Искандар К.да хазинасини кўмиб қуйган, кейинчалик уни сосонийлар шоҳи Ануширвон излаб топа олмаган. В. В. Бартолднинг фикрича, исломдан аввал К. да маҳаллий динга оид бош саждагоҳ бўлган, кейинчалик уни Искандар билан боғлашган.

Ўрта асрларда К. шаҳрининг аҳамияти шу қадар ошганки, ҳатто Амударё "Калиф дарёси" деб ҳам атала бошлаган. ХИИ асрда К. мустаҳкам қалъа бўлган. Амир Темур ва темурийлар даврида ҳам К. муҳим кечув ери саналган. ХВИИ аср К. шаҳри фақат дарёнинг сўл қирғоғини эгаллаган. Унинг мудофаа деворлари бу даврда вайрон қилинган бўлиб, унда фақат кемачи ҳунармандлар ва хирож тўпловчи амалдорлар яшаган. ХВИИ аср охирида сўл қирғоқдаги К. узил-кесил таназзулга учрайди, бу Амударёдан чиқарилган Фохир каналининг қуриб қолиши билан боғлиқ эди. Шу даврдан бошлаб К. ҳозиргача ўнг қирғоқда ривожланиб келмоқда.

Адабиёт

  • Камалиддинов Ш. С, Историческая география Южного Согда и Тоҳаристана по арабоязичним источникам ИХ - начала ХИИИ вв., Т., 1996.[2]

Манбалар

  1. ↑ Зоҳид Мадраҳимов. Тарихий топонимика (ўзбекча). „Наврўз“ нашриёти, 2007 — 24-бет. 
  2. ↑ ЎзМЕ. Биринчи жилд. Тошкент, 2000-йил