Китоб тумани — Ўзбекистон Республикасининг Қашқадарё вилоятидаги туман бўлиб вилоятнинг шимоли-шарқида жойлашган. 1926-йил сентабрда ташкил этилган. 1962-йил 24-декабрда Шаҳрисабз тумани билан бирлаштирилган. 1968-йил 25-декабрда қайта тузилди ва ҳозир вилоятнинг Чироқчи, Шаҳрисабз туманлари, Самарқанд вилояти ва Тожикистон Республикаси билан чегарадош. Майдони - 1,75 минг км². Аҳолиси - 287.7 минг киши (2025-йил ҳолатига кўра). Китоб туманида 1 шаҳар (Китоб), 13 та шаҳарча -Алақо'йлиқ, Бектемир, Бештерак, Рус қишлоқ, Бахтдарвозаси, Обиканда, Панжи, Сариосиё, Севаз, Хожи, Варганза, Яккатут, Янгиобод), 60 дан ортиқ (расмий маълумотларда) маҳалла ва 26 та маҳалла пунктлари бор (2025-йил ҳолатига кўра). Маркази — Китоб шаҳри. Туман ҳудудидан Катта Ўзбекистон тракти ўтган. Тахтақорача довони (баландлиги 1788 м) эса республика жанубини шимолий вилоятлар билан боғлайди.

Китоб тумани

Zarafshon tizmasi
Зарафшон тизмаси

туман
Таркибида Қашқадарё вилояти
Маъмурий маркази Китоб
Асос солинган санаси 1926-йил
ҳоким Ўктам Пардаев
Расмий тиллар Ўзбек
Аҳоли (01.01.2022) 271,2 минг киши
Динлар таркиби мусулмонлар
Майдони 1,75 минг км² км²
Вақт минтақаси УТC+5
Харитада
Kitob tumani xaritada

Табиати

Ҳудудининг катта қисмини шимолий ва шарқий чегаралар бўйлаб чўзилган баланд Ҳисор ва Зарафшон тоғлари (4000 м) эгаллаган. Баланд тоғлар туман ҳудудини совуқ ҳаво оқимидан тўсиб тургани учун туман иқлими вилоятда энг мўтадил. Ўртача ҳарорат январ да 0,8°, июлники 28°. Йилига ўртача 545 мм ёғин тушади. Ёғиннинг 85% баҳор ва қиш фаслларига тўғри келади. Туман ҳудудидан Қашқадарёнинг ирмоқлари — Кичикжар, Оқсув, Жиннидарё, Оқдарё оқиб ўтади. Тупроғи Шаҳрисабз-Китоб ботиғида типик бўз, дарё бўйида аллювиал бўз, тоғларда қўнғир тупроқ. Эфемер ўсимликлар ҳамма жойда учрайди. Сув бўйларида қамиш, юлғун ўсади. Тоғ ён бағирларида арча, бодом, дўлана, олма, тол, ёнғоқ, писта, заранг дарахтлари ва хилма-хил буталар ўрмон ҳосил қилган. Тоғ ён бағирлари чорва моллари учун ёзги яйлов. Тулки, бўри, чиябўри, бўрсиқ, айиқ, қобон, тоғ эчкиси, арҳар; судралувчилар; каклик, чил, булбул ва бошқа яшайди.

Kitob tumani tabiati
Китоб давлат геология қо'риқхонаси

Аҳолиси

Аҳолиси, асосан, ўзбеклар; тожик, рус, татар ва бошқа ҳам яшайди. Аҳолининг ўртача зичлиги 1 км² га 155 киши. Шаҳарликлар 101,1 минг киши, қишлоқ аҳолиси 170,1 минг киши (2022).

Китоб тумани 1-ДИМИ

Иқтисодиёти

Китоб тумани қадимдан муҳим савдо йўлларининг устида жойлашганлиги ва Самарқанд, Бухоро ҳамда Шаҳрисабзга яқинлиги учун деҳқончилик ва ҳунармандчилик ривожланган ҳудудларидан бири бўлган. Туман хўжалигининг асосини деҳқончилик ва чорвачилик ташкил қилади. Қишлоқ хўжалигида суғориладиган ерлар 8,3 минг га, шу жумладан, 3 минг га ерга дон экинлари, қолган ерларга сабзавот-полиз, картошка, ем-хашак экинлари экилади. 8.7 минг га яқин майдон боғ ва токзор. Чорвачиликда қорамол, қўй ва эчки боқилади. Пахта тозалаш ва вино заводлари фаолият кўрсатмоқда. Туманда 95 умумий таълим мактаби, 2 та давлат ихтисослаштирилга мактаб интернати, 3 касб-ҳунар мактаби, стадион ва теннис корт, сузиш ҳавзалари бор. Туман тиббиёт бирлашмаси, 6 та оилавий поликлиника, 6 та оилавий шифокорлик пункти, дорихоналар мавжуд бўлиб, 2.5 мингга яқин олий ва ўрта маълумотли тиббий ходим ишлайди (2022). 1935-йилдан „Китоб тонги“ туман газетаси чиқади (адади 1000). Туманда Китоб баландтоғ расадхоналар мажмуаси фаолият кўрсатади[1].

Манбалар

  1. ↑ ЎзМЕ. Биринчи жилд. Тошкент, 2000-йил