Mahmud Torobiy qoʻzgʻoloni
Маҳмуд Торобий қўзғолони — Бухорода мўғуллар зулмига қарши кўтарилган халқ ҳаракати (1238). Ҳарбий раҳбари — Маҳмуд Торобий, ғоявий мафкурачиси — Шамсуддин Маҳбубий.
Чиғатой улусида мўғуллар истибдоди остида эзилган ва зулмидан тўйган маҳаллий аҳоли қўзғолон кўтаришга бир неча марта ҳаракат қилган. Бухородан 20 км ғарбдаги Тороб қишлоғи (ҳозир Бухоро вилояти Жондор тумани ҳудуди) да бошланган қўзғолон бу курашнинг чўққиси ҳисобланади. Тороб қишлоғи ва унинг атрофидаги деҳқонлар ва ҳунармандлар мажлисларида ўзаро кенгашиб, мўғуллар зулмига қарши очиқ кураш бошлашга қарор қилганлар.
Қўзғолончилар Маҳмуд Торобий бошчилигида Бухорога юришди ва шаҳардаги Малик Санжар қасри (1206-йилда Бухорода кўтарилган қўзғолон раҳбари қурдирган) ни эгаллаб, уни ўзларига қароргоҳ қилиб олишди. Улар сафига кўплаб тарафдорлар ва маслакдошлар келиб қўшилган. Торобийнинг опаси ҳам қўзғолоннинг фаол иштирокчиларидан бири бўлиб, бу табиб ва дуохон аёл ўз мардлиги, куч-ғайрати, жасорати ва душманга нафрати билан қўзғолончилар орасида алоҳида ажралиб турган.
Жувайнийнинг ёзишича, йирик тасаввуф шайхи ва ақоид уламоси Шамсуддин Маҳбубий қўзғолончиларнинг ғоявий раҳнамоси сифатида қўшин ва халқ ўртасида катта ташвиқот ишларини олиб борган. Улар мўғул босқинчилари ва улар хизматига ўтган маҳаллий маъмурларни ўлдириб, мол-мулкини бева-бечораларга тақсимлаб беришган. Бухоро бутунлай қўзғолончилар қўлига ўтган. Маҳмуд Торобий Робиа саройига жойлашиб, султон қилиб кўтарилган, бош садр Бурҳониддин унинг талаби билан Шамсуддин Маҳбубийни шаҳар садри этиб тайинлаган.
Мўғул қўшинлари ва босқинчилари бу пайтда Карманага қочиб, шошилинч куч тўплай бошлаганлар. Қўзғолонни бостириш учун Карманадан юборилган мўғул қўшинлари Бухоро атрофида тормор келтирилган; жангда 10 минг мўғул аскари ўлдирилган. Қўзғолончилар мўғулларни қувиб, Карманагача борганлар. Бироқ бу жангда Маҳмуд Торобий ва Шамсуддин Маҳбубий ҳам ҳалок бўлишган. Қўзғолонга Маҳмуд Торобийнинг 2 укаси: Муҳаммад ва Али раҳбарлик қилганлар. Мўғуллар уларга қарши Элдиз Нўён ва Чекан Қурчи бошлиқ янги кучларни ташлашган. Кармана яқинидаги Работи Малик (ҳозирги Навоий тумани маркази Малик работ)да бўлган шиддатли жангда қўзғолончилар мағлубиятга учраган, улардан 20 минг киши, жумладан, Муҳаммад ҳамда Али ҳам ҳалок бўлган. Қўзғолон шафқацизларча бостирилган. Мўғуллар Бухорога кириб, шаҳар ва унинг атрофидаги кишиларни талашга ва ўлдиришга киришган. Хўжандда турган Махмуд Ялавочнинг бу ерга келиши билан Бухородаги қирғин тўхтатилган. У таланган ва вайрон этилган шаҳардан ҳеч қандай солиқ йиғиб бўлмаслигига Чиғатойнн ишонтира олган.
Маҳмуд Торобий қўзғолони мағлубиятга учраса ҳам, у изсиз кетмаган. Мўғул маъмурлари эндиликда маҳаллий аҳоли билан эҳтиёткорона муносабатда бўлиб, ўлпон ва солиқларни камайтиришган. Маълум муддат турли ўзбошимчаликларга чек қўйилган. Чиғатой улусини мўғул хоқон (қоон)лари номидан бошқарган Маҳмуд Ялавоч ва унинг ўғли Масъуд Ялавоч бу пайтда ҳам хоқонлар манфаатини кўзлайдиган, ҳам маҳаллий халққа хайрихоҳ нозик сиёсатни юритишган.
Адабиёт
- Бухоро Шарқ дурдонаси, Т., 1997;
- Татаромонголи в Азии и Европе, М., 1970[1]
Манбалар
| Ушбу мақолада Ўзбекистон миллий энсиклопедияси (2000-2005) маълумотларидан фойдаланилган. |