Mirzo Ulugʻbek tumani
Мирзо Улуғбек тумани | |
|---|---|
| туман | |
|
| |
| Мамлакат | Ўзбекистон |
| шаҳар | Тошкент |
| Ҳукумат | |
| • Ҳоким | Баҳодир Ғойибназаров[2][3] |
| Асос солинган | 1929-йил |
| Майдон | 35.15 км2 (13.57 кв ми) |
| Аҳолиси (2023) |
323 100[1] |
Мирзо Улуғбек тумани (1935-йилгача Пролетар тумани, 1992-йилгача Куйбишев тумани; 1992-йил майдан Мирзо Улуғбек тумани) – Тошкентдаги маъмурий-ҳудудий жой. 1929-йилда ташкил қилинган. 1978-йилдан бери чегараси ўзгармаган. Тошкентнинг шимоли-шарқий қисмида жойлашган[4]. Тошкентнинг маркази (Амир Темур хиёбони)дан бошланиб, шимоли-шарқ томонга, Тошкент автомобил ҳалқа йўлигача чўзилган. 2012-йил ҳисобига кўра туман майдони – 3515 гектарни, аҳолиси – 245,5 минг кишини ташкил этган.
Тарихи
Туман 1929-йил 29-ноябрда Пролетарский номи билан ташкил топган бўлса, 1935-йилда В. В. Куйбишев хотирасига Куйбишевский номини олди. 1992-йил 8-майда Темурийлар ҳукмдори, ўрта асрларнинг атоқли олими Улуғбек шарафига Мирзо Улуғбек тумани деб номланди.
Жойлашуви ва чегараси
Ҳудуд Амир Темур майдонининг шарқий ва шимоли-шарқида жойлашган. Жануби-ғарбдан Яшнобод тумани, шимоли-ғарбдан Юнусобод тумани, шимоли-шарқдан ва жануби-шарқдан Тошкент вилоятининг Қибрай тумани билан чегарадош.
Яшнобод тумани билан чегараси Амир Темур майдони атрофидаги Тараққиёт кўчаси бўйлаб Ҳамидулла Орипов кўчасигача, Ҳамидулла Орипов кўчаси бўйлаб Салор каналигача, Кичик ҳалқа йўли бўйлаб Паркент кўчасигача, Паркент кўчаси бўйлаб Темур Малик кўчасигача, Темур Малик кўчаси бўйлаб шаҳар чегарасигача бўлган майдонни ташкил этади.
Мирзо Улуғбек туманининг Қибрай тумани билан чегараси Улуғбек қишлоғига олиб борадиган йўл бўйлаб Тошкент-Хожикент темир йўлигача, Тошкент-Ҳожикент темир йўл линияси бўйлаб тахминан Яланғоч стансиясигача ўтади. Чегара „Тракторсозлар шаҳарчаси“ массиви атрофи ва Тошкент трактор заводи ҳудудидан ва Кичкина-Қорасув канали бўйлаб Темур Малик кўчаси ёнигача чўзилган[5].
Транспорти
Мустақиллик шоҳ кўчаси (собиқ Пушкин кўчаси), Мирзо Улуғбек кўчаси, Буюк Ипак йўли кўчаси, Тараққиёт кўчаси, Абдуҳамид Қаюмов кўчаси, Хамидулла Орипов кўчаси, Оққўрғон кўчаси (собиқ Новомосковская), Зиёлилар кўчаси, Дўрмон кўчаси Йўли. (Дурмен йўли), Феруза кўчаси, Юзработ кўчаси, Гулсанам кўчаси, Паркент кўчаси (Паркенцкая), Темур Малик кўчаси, Кичик ҳалқа йўли кўчалари Мирзо Улуғбек туманининг асосий автомобил йўллари ҳисобланади.
Туман ҳудудида Чилонзор йўлининг "Амир Темур ҳиёбони" (баъзи чиқиш йўллари), "Ҳамид Олимжон", "Пушкин", "Буюк Ипак йўли" стансиялари, „Тошкент-Ҳожикент“ темир йўли стансиялари орқали ўтади.
Темур Малик кўчасида (собиқ Красновосточная) Тошкентнинг 1-трамвай ва троллейбус депоси бўлган (ҳозир Тошкент шаҳрида трамвай ва троллейбуслар ҳаракати тўхтатилган).
Таълими ва маданияти
Феруза мавзеси, Тошкент трактор заводи, Улуғбек шаҳарчаси ҳам туман ҳудудига киради. Майдони 3,2 минг км², шу жумладан, кўкаламзорлаштирилган ҳудуд – 0,579 минг гектарни ташкил этади. Аҳолиси 2004-йил ҳисоби бўйича 247,6 минг кишини ташкил этади. Туман ҳудудида тарихий ва маданий ёдгорликлардан Кирха (1892) сақланган. Кўчалар сони 532 та. Асосий магистраллари: Пушкин, Паркент, Темур Малик, Оққўрғон кўчалари, Буюк ипак йўли шоҳкўчаси, Ҳабиб Абдуллаев кўчаси, Кичик ҳалқа йўли ва бошқалар. Мирзо Улуғбек тумани ҳудудида 49 та маҳалла, 377 йирик корхона, шундан 28 саноат корхонаси (шу жумладан, „Тошкенткабел“, трактор заводлари, „Ўзбекистон пахтачилик машинасозлиги“, лакбўёқ заводлари), 3119 кичик ва ўрта бизнес субъектлари бор. Бундан ташқари, 27 илмий тадқиқот институти, 10 лойиҳа институти, 4 олий ўқув юрти (Маданият институти, Жаҳон иқтисодиёти ва дипломатия университети ва бошқалар) хамда умумқўшин қўмондонлик билим юрти, ҳарбий академия, Ички ишлар вазирлиги академияси, Тошкент врачлар малакасини ошириш институти, ёзувчилар, композиторлар, меъморлар ижодий уюшмалари ва театр жамияти, 33 умумий таълим мактаби, 12 касб-ҳунар коллежи, 4 болалар мусиқа мактаби ва санъат мактаби, 10 касалхона ва диспансер, „Она ва бола“ маркази, 11 оилавий поликлиника ҳамда 2 тиббийсанитария мавжуд.
Аҳолига 176 озиқ-овқат дўкони, 244 саноат моллари дўкони, 304 умумий овқатланиш жойлари, 517 маиший хизмат кўрсатиш шаҳобчаси хизмат қилади. Туманда Мухтор Ашрафий, Сергей Есенин уй-музейлари, 28 жамоат кутубхонаси, 3 маданият уйи ва саройи, 3 маданият ва истироҳат боғи ва ҳайвонот боғи жойлашган. Турар жой фондининг умумий фойдаланиш майдони 2579 минг кв. км.ни ташкил этади.
Галереяси
Манбалар
- ↑ „Аҳоли сони энг кўп бўлган туманлар – ТОП-10“ (уз). стат.уз (2023-йил 31-январ). Қаралди: 26.09.24.
- ↑ „Баҳодир Ғойибназаров ҳокимликка қайтди“. кун.уз (2024-йил 25-сентябр). Қаралди: 2024-йил 25-сентябр.
- ↑ „Мирзо Улуғбек туманига янги ҳоким тайинланди“ (уз). газета.уз. Қаралди: 26.09.24.
- ↑ „Тошкент.уз — Мирзо-Улугбекский район“ (деадлинк). 2014-йил 29-ноябрда асл нусхадан архивланган. Қаралди: 2013-йил 2-август.
- ↑ Атлас „Ташкент“ малий / Чернявская Т. Б. – Ташкент: Госкомгеодезкадастр, 2007. – 122 с. – ИСБН 978-9943-15-128-4
| Ушбу мақолада Ўзбекистон миллий энсиклопедияси (2000-2005) маълумотларидан фойдаланилган. |