Муҳаммад, Муҳаммад ибн Абдуллоҳ (арабча: مُحَمَّد بنِ عَبْد ٱللَّٰه‎‎; тах. 570/571-йил, Макка — 8-июн 632-йил, Мадина)[2][3] — ислом дини ва биринчи мусулмонлар жамоаси асосчиси. Мусулмонлар эътиқодига кўра, Аллоҳнинг охирги пайғамбари ва унинг элчиси. Шу маънода уни „Расулуллоҳ“, „Расули Акрам“ деб аташ одат тусига кирган. Ислом таълимотига кўра, Муҳаммад номини айтган ёки эшитган киши „саллалоҳу алайҳи васаллам“ (с.а.в.) ёки „алайҳиссалом“ (а.с.) деб салавот айтиб қўйиш вожиб ҳисобланади. Мусулмонлар эътиқодига кўра, Муҳаммад орқали одамларга Қуръон нозил қилинган.

Муҳаммад
مُحَمَّد
Inscription proclaiming Muhammad as the messenger of God
„Муҳаммад Аллоҳнинг элчиси“
Мадинада жойлашган Ал-Масжид ан-Набавийнинг дарвозасига ўйиб ишланган ёзув
Унвони Ислом дини пайғамбари, Аллоҳнинг сўнгги пайғамбари, Аллоҳнинг элчиси
Шахсий маълумотлар
Таваллуди тах. 570 (ёки 571) БЕ (53 ҲЙ)[1]
Вафоти 8-июн 632-йил (11 ҲЙ) (61–62 ёшда)
Мадина, Ҳижоз, Арабистон

24°28′03″Н 39°36′41″Э / 24.46750°Н 39.61139°Э / 24.46750; 39.61139 (Греэн Доме)
Дини Ислом
Турмуш ўртоқ(лар)и Қаранг: Муҳаммаднинг аёллари
Фарзандлари • Қосим (598–601)
• Зайнаб (599–629)
• Руқайя (601–624)
• Умму Кулсум (603–630)
• Фотима (605–632)
• Абдуллоҳ (611–615)
• Иброҳим (630–632)
Қаранг: Муҳаммаднинг фарзандлари
Ота-онаси Абдуллоҳ ибн Абдулмутталиб (отаси)
Омина бинти Ваҳб (онаси)
Танилган соҳаси Ислом асосчиси
Бошқа номлари
  • Расūл Аллāҳ (Аллоҳнинг элчиси)
Тахаллуси Абу ал-Қосим, Абу ат-Тойиб
Касби Савдогарлик
Қариндошлар Муҳаммаднинг шажара дарахти, Аҳл ул-Байт
Имзоси

Қурайш қабиласининг ҳошимийлар уруғига мансуб, унча бой бўлмаган, лекин Макка зодагонларига яқин оилада туғилган. Муҳаммаднинг болалик ва ўсмирлик йиллари ҳақидаги маълумотлар жуда кам. Муҳаммад гўдаклигидаёқ етим қолган; туғилмасидан аввал отаси Абдуллоҳ, 6 ёшлигида эса — онаси Омина вафот этган. Муҳаммадни ўз тарбиясига олган бобоси Абдулмутталиб ҳам кўп ўтмай оламдан ўтади. Етим болани тарбия қилишни амакиси Абу Толиб ўз зиммасига олади. 12 ёшида Муҳаммад бир муддат Абу Толибнинг подасини боқади, кейин тижорат ишларига жалб қилинади. Абу Толиб Муҳаммадни 21 ёшида Ҳувайлид ибн Асъаднинг қизи, бадавлат бева аёл Хадича хонадонига дастёрликка беради. Хадичанинг савдо ишлари билан шуғулланган Муҳаммад Сурияга сафар қилади, хусусан, Ҳалаб ва Дамашқ шаҳарларига боради. Муҳаммад 25 ёшида (595-йил) 40 ёшларга бориб қолган Хадичага уйланади. Муҳаммад 3 ўғил (Қосим, Абдуллоҳ, Иброҳим) ва 4 қиз (Руқайя, Зайнаб, Умму Кулсум, Фотима) фарзанд кўрган. Жорияси Мариядан бўлган Иброҳим исмли ўғлидан бошқа барча фарзандлари Хадичадан эди. Ўғиллари гўдаклигидаёқ вафот этган. Қизларидан Фотимагина Муҳаммад наслини давом эттирган. Хадича вафотидан сўнг Муҳаммад бир неча бор уйланган (лекин, Ойшадан бошқа бокира хотин олмаган), бироқ улардан фарзанд кўрмаган.

Муҳаммад 40 ёшга тўлганида ўзини бошқача сеза бошлайди. Ёлғизликни қўмсаб, Макка ёнидаги Ҳиро тоғида жойлашган ғорга бориб ибодат билан машғул бўлар, ўйга толарди. Тахминан 610-йилда Муҳаммад Маккада ўзининг Аллоҳдан ваҳий олаётганлигини эълон қилади. Буни биринчилардан бўлиб Хадича, Муҳаммаднинг амакиваччаси Али ибн Абу Толиб ҳамда асранди ўғли Зайд ибн Ҳориса эътироф этиб иймон келтиришган. Кўп ўтмай, Макканинг энг нуфузли савдогарларидан Абу Бакр, Зубайр, Талҳа, Саъд ибн Абу Ваққос,Усмон ибн Аффон ва кейинчалик Мадинанинг энг нуфузли савдогари бўладиган Абдураҳмон ибн Авф Муҳаммадни чин пайғамбар деб тан олишган. Муҳаммад издошлари жамоаси дастлабки пайтларда 50 кишидан ошмаган. Макканинг асосий аҳолиси, айниқса, нуфузли қурайшликлар эса Муҳаммад таълимотини очиқдан-очиқ душманлик билан қарши олган. Бунинг натижасида Муҳаммад тарафдорларидан 11 хонадон Ҳабашистон (ҳозирги Эфиопия) га кўчиб кетган. Муҳаммад жамоасига жасур жангчилар сифатида танилган Ҳамза ва Умар ибн Хаттобнинг қўшилиши жамоанинг мавқеини оширди. Айни вақтда қурайш зодагонларининг Муҳаммад ва унинг тарафдорларига душманлиги янада кучайди. 620-йилда Хадичанинг, сўнгра Абу Толибнинг вафотидан сўнг Маккада вазият ёмонлашади, Муҳаммад муайян хатар остида қолади. Ҳар йилги анъанавий Макка зиёратига келган ясриблик Авс ва Ҳазраж қабилаларининг вакиллари Муҳаммад билан учрашиб, содиқлик билдиришади ва ёрдам қилишга ваъда беришади, Муҳаммадни Ясрибга кўчиб боришга даъват қилишади. Аввал Муҳаммаднинг издошлари (асъҳоблар) ўз оилалари билан қурайш зодагонларидан махфий равишда гуруҳ-гуруҳ бўлиб кўчади. Охирида Муҳамаднинг ўзи Абу Бакр Сиддиқ билан жўнаб кетади. 622-йилдада юз берган бу кўчиш пайти (араб, ҳижрат)дан мусулмонлар эраси — ҳижрий йил ҳисоби бошланади. Ясриб эса Мадина ан-Набий („Пайғамбар шаҳри“) ёки қисқача, Мадина деб аталадиган бўлди.

Мадинада биринчи масжид қурилди, ислом арконлари ишлаб чиқила бошланди, Каъба қибла қилиб белгиланди. Жамоани жипслаштириш ва уни кенгайтириш учун маккалик мушрикларга қарши курашиш зарур эди. Маккаликларга қарши уюштирилган иқтисодий уруш улар фаровонлигининг асосий манбаи бўлган савдо карвонлари ишини чиппакка чиқарди. 624-йилда Бадр қудуқлари олдида Бадр жанги, 625-йилда Уҳуд тоғи этагида Уҳуд жанглари бўлди. 626-йилда маккаликлар мадиналикларга узил-кесил зарба бериш мақсадида йирик ҳарбий сафарга отланишди. Муҳаммад Мадинани узоқ қамал шароитига тайёрлади, шаҳар атрофига чуқур хандақлар қазилди ва у ерларга камончи ўқчилар жойлаштирилди. Кутилмагандаги изғирин, кучли шамоллар қамал қилувчиларни толиқтирди, улар орасида низолар бошланди. Натижада Мадина қамали бекор қилинди, бу ғалаба Мадина жамоасини янада жипслаштириш билан бирга, унга янги-янги бадавий қабилаларнинг қўшилишига олиб келди. Ҳижратнинг 6-йилида маккалик қурайш зодагонлари мавжуд муаммоларни келишувчилик йўли билан бартараф этиш учун Муҳаммад билан тенгма-тенг музокара олиб боришга мажбур бўлишди. Мадинага қарши курашнинг етакчиларидан бири бўлган Абу Суфён Муҳаммад тарафига ўтди. 630-йилда Макка Муҳаммадга жангсиз таслим бўлди, маккаликлар Муҳаммад жамоаларига қўшилди. 631-йилда кўп қабилалар Муҳаммадга бўйсунди ва исломни қабул қилди. Ҳижратнинг 10-йили (632-йил мартида) Муҳаммад ўз оила аъзоларини олиб, Мадина атрофларидаги 100 мингдан ортиқ киши билан Маккага биринчи ва охирги марта зиёрат (ҳаж)га борди. Бу видолашув ҳажи бўлган. Мана шу зиёрат Макканинг ислом дини маркази сифатидаги мавқеини узил-кесил ҳал этди. Ўшандан буён ўтган барча асрлар давомида мусулмонлар бу шаҳарни зиёрат қилади. Ҳаж сафаридан 81 кун кейин узоқ давом этмаган касалликдан сўнг Муҳаммад Мадинада вафот этди. Муҳаммадни ўз ҳужрасига дафн қилишган, мақбараси кейинчалик у ерда қурилган катта масжид ичида қолган, мусулмонларнинг зиёратгоҳига айлантирилган.

Муҳаммаднинг ҳаёти ва таржимаи ҳоли сийратда, унинг сўзлари ва қилган ишлари ҳақидаги ривоятлар ҳадисларда баён этилган. Ислом таълимотида Муҳаммад комил инсон сифатида таърифланади. Суннат Муҳаммаднинг ҳаёти барча мусулмонлар учун намуна бўлиши кераклиги таъкидланади. Ислом анъанасида Муҳаммад ҳеч қандай ғайритабиий, илоҳий хусусиятга эга эмаслиги, балки ҳамма каби оддий одам, лекин Аллоҳнинг чин ва охирги пайғамбари эканлиги қайд этилади.

Муҳаммаднинг шакл-у шамойиллари, сийрат-у сифатлари, инсоний фазилатлари, бошқа пайғамбарлардан фарқ этадиган хусусиятлари тўғрисида у билан бирга юрган, суҳбатларидан баҳраманд бўлган саҳобалар ҳамда никоҳида бўлган аёллари томонидан нақл қилинган ривоятлар асосида кўплаб асарлар битилган. Улардан Абу Исо Термизийнинг „Шамоили набавия“, Муҳаммад Бусирийнинг „Қасидаи бурда“, Абу Жаъфар Барзанжийнинг „Мавлидин-Набий“, Муҳаммад ибн Солиҳнинг „Муҳаммадия“, Мавлоно Муъиннинг „Сияри шариф“, Акбарободийнинг "Нодирул-меърож“, Саййид Маҳмуд Тарозийнинг „Ширин калом“, „Нурул калом“, „Нурулбасар“, Алихонтўра Соғунийнинг „Тарихи Муҳаммадий“ ва бошқа кўплаб муаллифларнинг асарларини мисол қилиб келтириш мумкин.

Имом Термизийнинг „Шамоили Муҳаммадийя“ китоби улар ичида қадимийлиги ва ривоятларининг саҳиҳлиги билан ажралиб туради. Унда Муҳаммаднинг жисмоний ва ахлоқий хусусиятларига батафсил таъриф берилган. Маслан, икки кифтлари ўртасида „Муҳаммадун расулуллоҳ“ дея битилган муҳри нубувватлари бўлгани, соч-соқолларининг оқу-қораси нечта бўлганидан тортиб, кийим-кечаклари, оёқ кийимлари, таққан узуклари, қилич-қалқонлари, салла-чопонлари, еган ва ёқтирган таомлари, овқатдан олдин ва кейин ўқиган дуолари, сув ичишлари, хушбўй нарсаларни истеъмол қилишлари, сўзлашиш одоблари, хулқ-одоблари, кулиш ва ҳазил-мутойибалари, мусиқа ва шеъриятга муносабатлари, ибодат ва риёзатлари, тиловат ва муножотлари, ётиш-туришлари, тиббиётга муносабатлари, кундалик тирикчиликлари, ному лақаблари, умрларининг миқдори, хасталик ва вафотлари, қолдирган мерослари ва бошқа сифатлари тўғрисида алоҳида-алоҳида боб ва фасллар орқали баён этилган. Жисмоний тузилишлари тўғрисида жумладан шундай нақл қилинади:

„Ул зотнинг бўйлари унчалик новча ҳам, паст ҳам эмас, бош, қўл, оёқ ва кифтлари йўғон, юзлари қизғиш, кўзлари катта, оқи жуда оқ, қораси ўта қора, ўткир, сочлари қулоқларининг юмшоқларигача ёпиб, елкаларига тегиб-тегмай турар, бўйинлари сочлари орасидан товланиб, гўё кумуш кўздек кўриниб турар, терласалар, маржондек терларидан муаттар ҳид таралар, бирор кишига қайрилиб қарамоқчи бўлсалар бошларинигина буриб қарамай, балки бутун гавдалари билан ўгирилиб қарар эдилар. Олд томонларини қандай кўрсалар, орқа томонларини ҳам шундай кўрар эдилар“.

Манбалар

  1. ↑ Cонрад 1987.
  2. ↑
  3. ↑ Элизабетҳ Голдман (1995), п. 63, гивес 8 Жуне 632 CЕ, тҳе доминант Исламиc традитион. Манй эарлиэр (примарилй нон-Исламиc) традитионс рефер то ҳим ас стилл аливе ат тҳе тиме оф тҳе Муслим cонқуэст оф Палестине. Сеэ Степҳен Ж. Шоэмакер,Тҳе Деатҳ оф а Пропҳет: Тҳе Энд оф Муҳаммад’с Лифе анд тҳе Бегиннингс оф Ислам, паге 248, Университй оф Пеннсйлваниа Пресс, 2011.

Адабиётлар

  • Ҳадис (Ал-Жомиъ ассаҳиҳ), 1—4-ж.лар (2-нашри), Т., 1997;
  • Имом атТермизий, Шамоили Муҳаммадийя, Т., 1991;
  • Алихонтўра Соғуний, Тарихи Муҳаммадий (1—2-китоб), Т., 1997; Ҳазрати пайғамбар ҳаёти (2нашри), Т., 1997;
  • Ҳасанов А., Қадимги Арабистон ва илк ислом (1китоб: Жоқилия асри). Т., 2001.;
  • Лутфий Аҳмад, Саодат асри қиссалари [1-китоб. Интизор кутилган тонг], Т., 2003.
  • Мансур, Абдулазиз. ЎзМЕ. Биринчи жилд. Тошкент, 2000-йил
  • Али, Тариқ, „Wингед Wордс“ (ревиэw оф Махиме Родинсон, Муҳаммад, таржимон — Анне Cартер, НЙРБ, Марч 2021, 373 с., ИСБН 978 1 68137 492 5), Лондон Ревиэw оф Боокс, вол. 43, но. 12 (17 Жуне 2021), с. 11-14.

Ҳаволалар