Муҳаммад Дарвеш — (1500—1562) — аллома ва авлиё. Мавлоно Муҳаммад Дарвеш буюк авлиё, атоқли тарбиячи, аллома, адиб бўлиб, „Силсилайи шариф“даги йигирма биринчи ҳалқанинг пири муршиди сифатида Ғарбу Шарққа машҳур. У 1500-йилда Қашқадарё вилояти, Китоб туманининг Хожа Исфароз қишлоғида туғилиб, 1562-йил шу ерда вафот этган. Мавлоно Муҳаммад Дарвеш ўрта бўйли, буғдойранг, оқ соқолли, ғоят нуроний бўлиб, насаби Ҳазрат Умар р.а.га бориб тақалади. Муҳаммад Дарвеш зоҳирий ва ботиний илмларни пухта эгаллаганди. Ёшликдан бошлаб зуҳд ва риёзатни ҳаёти шиорига айлантириб, ўн беш йил муттасил нафс тарбияси билан шуғулланди. Касби деҳқончилик эди. „Туҳфат аз-зоирин“да ёзилишича, Муҳаммад Дарвеш тақводор, илмига амал этувчи, инсофу адлни ўзига касб этган, каромати зоҳир, ботин тасарруфига эга, шунингдек, гумномлик ила машҳур сатри ҳол (яъни ўз авлиёликларини ошкоро қилмас) эди. Нақл этадиларки, бир куни очликдан кўп риёзатлар чекиб осмонга қараб ёлвордилар. Шу онда Ҳизр алайҳиссалом келиб: „Сиз сабру қаноат илмини ўрганмоқ бўлсангиз Ҳазрат Мавлоно Муҳаммад Зоҳид ҳузурларига боринг. Ул зоти боборакот сизга таълим берурлар!“- дейдилар. Шу ишоратдан сўнг Муҳаммад Дарвеш ўз тоғаси Ҳазрат Муҳаммад Зоҳид ҳузурларига бориб, унинг хизматида бўлади, Қисқа муддатда тариқат илмини пухта ўрганиб, соҳибкаромат авлиё, пири муршид, улуғ тарбиячи бўлиб етишади[1]. Муҳаммад Дарвеш қуйидаги асарларни муаллифи ҳисобланади: „Рисола дар сулук“, „Рисолаи ҳуш дар дам“. Муҳаммад Дарвешнинг энг етук шогирдлари қуйидагилардир: Хожа Муҳаммад Амкинагий (бу зоти шариф Муҳаммад дарвешнинг ўғилларидир), Хожа Мирак Гунбази Сабзий, Хожа Муҳаммад Ризо, Мавлоно Шер Муҳаммад, Шайх Салотий ва бошқалар. У 1562-йилда вафот этган. Муҳаммад Дарвеш мозори Қашқадарё вилояти, Китоб тумани Хожа Исфароз қишлогида ва ушбу зиёратгоҳ таъмирталабдир[2].

Авлиё

Исм

Муҳаммад Дарвеш

Таваллуди

1500-йил

Вафоти

1562-йил

Фалсафа мактаби


Манбалар

  1. ↑ Насир ад-Дин ал-Ханафи ал-Хасани ал-Бухари. Тухфат аз-заирин («Подарок паломникам») Автор перевода с таджикско-персидского, предисловия и комментариев: Халим Тураев. Тошкент: Сплендид Идеа, 2021 — 204-бет. 
  2. ↑ Садриддин Салим Бухорий. Бухоронинг табаррук зиёратгоҳлари. Бухоро: Дурдона нашриёти, 2012 — 291-бет.