Муҳаммад Солиҳ (1949-йил 20-декабрда туғилган) – „Эрк“ партияси асосчиси, муҳолифатчи, шоир ва сиёсатчи. У 1991-йилги Ўзбекистон президентлик сайловларида мухолифат номзод ўлароқ қатнашган[1]. Сайловда 12,7 фоиз овоз тўплаган.

Муҳаммад Солиҳ
Шахсий маълумотлари
Таваллуди
Салай Мадаминов

1949-йил 20-декабр (1949-12-20) (76 ёш)
Гурлан тумани, Хоразм вилояти, Ўзбекистон ССР, Совет Иттифоқи
Миллати ўзбек
Сиёсий партияси Бирлик (1988–1990)
Эрк демократик партияси (1990–ҳозиргача)
Истиқомат жой(лар)и Туркия
Алма матер Тошкент давлат университети
Касби Сиёсатчи, журналист, шоир
Солиҳ 2006-йилда

Ҳаёти

У 1949-йил 20-декабрда Ўзбекистоннинг Хоразм вилояти Янгибозор туманида туғилган. У кейинчалик исмини Муҳаммад Солиҳга ўзгартиради. 1966-йилда Хоразмда ўрта мактабни тамомлаган.

1968-йилда Солиҳ армияга чақирилган. 1968-йил августда у Совет Армиясининг Чехословакияга бостириб киришида иштирок этган. Демобилизациядан сўнг, 1970-йилда Солиҳ Тошкент давлат университетининг журналистика факултетига ўқишга киради. 1975-йилда ўқишни тамомлаган. Илк шеърий машқларини талабалик йилларида қила бошлаган.

Сиёсатдаги фаоллиги

Муҳаммад Солиҳ ҳамкасблари ва раҳбарларининг кўп илтимосларига қарамай, Ўзбекистон ССР Коммунистик партиясига (КПСС республика бўлими) қўшилмаган ва ҳеч қачон аъзо бўлмаган. 1980-йилларнинг ўрталарида Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмасида ислоҳот фаолиятини бошлаб, 1984-йилда Коммунистик партиянинг миллий адабиёт, ўзбек тили ва Ўзбекистон тарихига оид сиёсатига қарши қаратилган биринчи сиёсий манифестини ёзди. Манифестга 53 нафар ёш ўзбек шоирлари имзо чекди. „Қайта қуриш“ сиёсати даврида 1988-йил ноябр ойида Тошкентда Муҳаммад Солиҳ бевосита иштирок этган "Бирлик" миллий демократик халқ ҳаракати ташкил топди ва унинг асосчиларидан бирига айланди. Ҳаракат ўзбек халқининг миллий ўзлигини англашини тиклаш, ўзбек тилига давлат тили мақоми бериш, инсон ҳуқуқ, эркинликларини, сўз ва митинглар эркинлигини таъминлашни ўз олдига мақсад қилиб қўйди.

1989-йилда "Эрк/Озодлик"[2] партиясини тузди.

1990-йилда Ўзбекистон Олий Кенгаши депутати бўлди. 1990-йил 20-июнда „Эрк“ партияси ташаббуси билан Олий Кенгаш Ўзбекистоннинг Мустақиллик Декларациясини қабул қилди.

1991-йил декабрида Ўзбекистонда бўлиб ўтган президентлик сайловларида Солиҳ Ислом Каримовнинг ягона рақиби эди. Овоз бериш натижаларига кўра, Солиҳ: расмий маълумотларга кўра – 12,7%; Ўзбекистон радиосида аввал эълон қилинган маълумотларга кўра – 33% овоз тўплаган. Сайловдан кейин Солиҳ тарафдорларининг талабалар намойиши отиб ташланди, мухолифат газеталари ёпилди, мухолифат етакчиларига қарши жиноий ишлар очилди, партия котиби Отаназар Арифов ҳибсга олинди.

1992-йил 2-июлда Солиҳ репрессияга қарши норозилик қилгани учун депутатликдан кетди. Декабрда уни Миллий Мажлисни ташкил этишда айблашди, 1993-йил апрелда эса ҳибсга олиниб, „давлатга хиёнат“да айбланди, лекин жаҳон ҳамжамиятининг босими остида у тез орада Тошкентни тарк этмаслик шарти билан ҳибсдан озод қилинди. Аммо у аввал Бокуга, у ердан Туркияга қочишга муваффақ бўлди.

2017-йил сентабр ойи бошида Интерпол Муҳаммад Солиҳни қидирувдагилар рўйхатидан олиб ташлади[3][4].

Танқид

Бир қатор манбалар Муҳаммад Солиҳнинг турли мамлакатлардаги қуролли гуруҳлар билан ҳамкорлик қилганини таъкидлашган ва эълон қилишган. Муҳаммад Солиҳнинг 1995-йил май ойида Грознийга яширин сафари ва у ерда президент Жоҳар Дудаев билан Ўзбекистонда Ислом Каримов бошчилигидаги ҳукуматни ағдаришда кейинчалик иштирок этиши керак бўлган жангариларни тайёрлаш бўйича музокаралар олиб боргани ҳақида тасдиқланмаган маълумотлар эълон қилинган[3][5].

Айрим маълумотларга кўра, 1997-йилнинг баҳор ва ёз ойларида Истанбулда Муҳаммад Солиҳ ва Ўзбекистон Исломий ҳаракати етакчиларидан бири Тоҳир Йўлдош билан ҳамкорликда Ўзбекистонда давлат тўнтариши режаси тайёрланган. Худди шу маълумотларга кўра, Муҳаммад Солиҳ дастлаб Ўзбекистон Исломий ҳаракати билан ҳамкорлик қилишни истамаган, бироқ кейинчалик Ислом Каримовни ағдариш мақсадларига эришиш учун чекланган тарзда ҳамкорлик қилишга қарор қилган, чунки Ўзбекистон Исломий ҳаракатидаги Тоҳир Йўлдошнинг ортида яхши ўқитилган ва тайёрланган жангарилар турган. Айнан шу маълумотларга кўра, Муҳаммад Солиҳ, агар воқеалар муваффақиятли кечса ва Ислом Каримов ҳокимияти ағдарилса, унинг ўзи Ўзбекистон президенти бўлиши талабини қўйган. Муҳаммад Солиҳ ўз ўғли ва унга содиқ бўлган бошқа одамларни Покистон ва Афғонистондаги жангариларни тайёрлаш лагерига юборгани ҳақида тасдиқланмаган маълумотлар мавжуд. Баъзи маълумотларга кўра, 90-йилларда Муҳаммад Солиҳ халқаро терроризмнинг яширин ташкилотларидан 1,5 миллион доллар олган[3][5].

Айримлар унинг Норвегиядан сиёсий бошпана ва фуқароликни олган бўлса-да, Истанбулда яшагани учун Ўзбекистон ва Туркия ўртасидаги муносабатларнинг ёмонлашишида айблашган. Ўзбекистон 90-йилларнинг бошидан Ислом Каримов вафотигача Туркияга Муҳаммад Солиҳни чиқариб юбориши учун босим ўтказган, Норвегияда қонуний бошпанага эга бўлса-да, Муҳаммад Солиҳ бу келишмовчиликлар ва икки қардош давлатлар ўртасидаги муносабатларнинг ёмонлашганини билган ҳолда Истанбулда яшайни давом эттириб келмоқда[5].

Китоблари

Манбалар

  1. ↑ Путз, Cатҳерине. „Узбекистан: Оппоситион Эрк Партй Wанц ин он Оcтобер Пресидентиал Элеcтион“. Тҳе Дипломат (6-апрел 2021-йил). Қаралди: 3-август 2021-йил.
  2. ↑ „Узбекские силовики и члены Бирлика пытались сорвать 5-й съезд партии Эрк“ (деадлинк). 2011-йил 18-июлда асл нусхадан архивланган. Қаралди: 2010-йил 29-май.
  3. ↑ 3,0 3,1 3,2 „Имя узбекского оппозиционера Мухаммада Салиха удалено из списка разыскиваемых Интерполом за причастность к террористической деятельности“. «Антитеррор Тодай». 2020-йил 20-апрелда асл нусхадан архивланган. Қаралди: 2020-йил 28-июн.
  4. ↑ „Муҳаммад Солиҳ номи Интерпол қидирувидан олиб ташланди“. ББC Узбек. 2020-йил 20-июлда асл нусхадан архивланган. Қаралди: 2020-йил 28-июн.
  5. ↑ 5,0 5,1 5,2 „Н. Омуралиев и А. Элебаева: «Баткенские события в Кыргызстане»“. 2020-йил 30-июнда асл нусхадан архивланган. Қаралди: 2020-йил 28-июн.

Ҳаволалар