Oʻzbekiston Respublikasi Prezidenti
| Ўзбекистон Республикаси Президенти | |
|---|---|
|
| |
|
Амалдаги лавозим эгаси Шавкат Мирзияев | |
| Қароргоҳ | Кўксарой қароргоҳи, Тошкент |
| Тайинловчи | умумхалқ сайловда сайланади |
| Лавозим муддати | 7 йил |
| Таъсис этилган санаси | 1990-йил 24-март |
| Илк лавозим эгаси | Ислом Каримов |
| Вебсайт | пресидент.уз |
Ўзбекистон Республикаси Президенти — Ўзбекистон Республикасида давлат ва ижро этувчи ҳокимият бошлиғи. Ўзбекистонда президентлик лавозим сифатида 1990-йил 24-мартда таъсис этилган. Ўзбекистон Республикаси Конституциясининг 106-моддасига биноан, Ўзбекистон Республикаси Президенти лавозимига 35 ёшдан кичик бўлмаган, давлат тилини яхши биладиган, бевосита сайловгача камида 10 йил Ўзбекистон ҳудудида муқим яшаётган Ўзбекистон Республикаси фуқароси сайланиши мумкин. Ўзбекистон Республикаси Президенти сайлови мамлакатнинг 18 ёшга тўлган фуқаролари умумий, тенг ва тўғридан тўғри сайлов ҳуқуқи асосида яширин овоз бериши йўли билан ўтказилади. Ўзбекистон Республикаси Президенти 7 йил муддатга сайланади. Президентни сайлаш тартиби „Ўзбекистон Республикаси Президенти сайлови тўғрисида“ги қонун (1991-йил 18-ноябр) ва унинг янги таҳририда (2004-йил 3-декабр) қабул қилинган тегишли моддаларида белгиланган.
Номзодларни сайлаш тартиби
Ўзбекистон Республикаси Президентлигига номзод кўрсатиш ҳуқуқига сиёсий партиялар ва бевосита фуқаролар эгадирлар. Сайлаш ҳуқуқига эга бўлган фуқаро ёки фуқаролар гуруҳи Ўзбекистон Республикаси Президентлигига номзод кўрсатиш учун камида 300 нафар сайловчидан иборат сайловчилар ташаббускор гуруҳини тузиши керак. Президентликка номзодлар кўрсатиш сайловга 65 кун қолганда бошланади ва 45 кун қолганда тугайди. Номзодлар кўрсатиш сиёсий партияларнинг юқори органлари, шунингдек, сайловчилар ташаббускор гуруҳи йиғилиши томонидан амалга оширилади. Президент сайловида 2 та номзод иштирок этган тақдирда, овоз беришда иштирок этган сайловчиларнинг нисбий кўпчилик овозини олган номзод сайланган деб ҳисобланади. Ўзбекистон Республикаси Президенти сайловида 2 тадан ортиқ номзод иштирок этган тақдирда, агар номзодларнинг ҳеч бири овоз беришда иштирок этган сайловчилар ярмидан кўпининг овозини ололмаган бўлса, сайловчиларнинг овозини энг кўп олган 2 номзод иштирокида такрорий овоз бериш ўтказилади. Ўзбекистон Республикаси Президенти сайлови якунлари тўғрисидаги ахборот сайловдан кейин 10 кундан кечиктирмай Марказий сайлов комиссияси томонидан эълон қилинади. Сайланган Президент Ўзбекистон Республикаси Марказий Сайлов комиссияси томонидан Ўзбекистон Республикаси Президенти сайлови натижалари расмий тарзда эълон қилинган кундан эътиборан кечи билан 2 ой ичида Олий Мажлис йиғилишида қасамёд қилган пайтдан бошлаб ўз лавозимига киришади. Президент қуйидагича қасамёд қилади:
"Ўзбекистон халқига садоқат билан хизмат қилишга, республиканинг Конституцияси ва қонунларига қатъий риоя этишга, фуқароларнинг ҳуқуқлари ва эркинликларига кафолат беришга, Ўзбекистон Республикаси Президенти зиммасига юклатилган вазифаларни виждонан бажаришга тантанали қасамёд қиламан"
.
Ваколатлари
Ўзбекистон Республикасининг Президентига, Конституцияга мувофиқ кенг ва хилма-хил ваколатлар берилган. Бу ваколатлар давлат ҳаётининг деярли барча соҳаларига тааллуқли бўлиб, мамлакат иқтисодиёти ва умуман жамият ривожланишига жуда катта таъсир ўтказади[1].
Ўзбекистон Республикасининг Президенти:
1) фуқароларнинг ҳуқуқлари ва эркинликларига, Ўзбекистон Республикасининг Конституцияси ва қонунларига риоя этилишининг кафилидир;
2) Ўзбекистон Республикасининг суверенитети, хавфсизлиги ва ҳудудий яхлитлигини муҳофаза этиш, миллий-давлат тузилиши масалаларига доир қарорларни амалга ошириш юзасидан зарур чора-тадбирлар кўради;
3) мамлакат ичкарисида ва халқаро муносабатларда Ўзбекистон Республикаси номидан иш кўради;
4) музокаралар олиб боради ҳамда Ўзбекистон Республикасининг шартнома ва битимларини имзолайди, республика томонидан тузилган шартномаларга, битимларга ва унинг қабул қилинган мажбуриятларига риоя этилишини таъминлайди;
5) ўз ҳузурида аккредитациядан ўтган дипломатик ҳамда бошқа вакилларнинг ишонч ва чақирув ёрлиқларини қабул қилади;
6) Ўзбекистон Республикасининг чет давлатлардаги дипломатик ва бошқа вакилларини тайинлаш учун номзодларни Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисининг Сенатига тақдим этади;
7) Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисига мамлакат ички ва ташқи сиёсатини амалга оширишнинг энг муҳим масалалари юзасидан мурожаат қилиш ҳуқуқига эга;
8) республика олий ҳокимият ва бошқарув органларининг баҳамжиҳат ишлашини таъминлайди; вазирликлар, давлат қўмиталари ҳамда давлат бошқарувининг бошқа органларини Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг тақдимига биноан тузади ва тугатади, шу масалаларга доир фармонларни кейинчалик Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисининг палаталари тасдиғига киритади;
9) Сенат Раиси лавозимига сайлаш учун номзодни Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисининг Сенатига тақдим этади;
10) Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисининг палаталари кўриб чиқиши ва тасдиқлаши учун Ўзбекистон Республикаси Бош вазири номзодини тақдим этади ҳамда уни истеъфога чиққанда, Бош вазирга нисбатан билдирилган ишончсизлик вотуми Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисининг палаталари томонидан қабул қилинганда ёхуд қонунда назарда тутилган бошқа ҳолларда лавозимидан озод қилади;
11) Ўзбекистон Республикаси Бош вазирининг тақдимига биноан Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси аъзоларини тасдиқлайди ва лавозимларидан озод қилади;
12) Ўзбекистон Республикаси Бош прокурори ва Ҳисоб палатаси раисини тайинлайди ва уларни лавозимидан озод қилади, кейинчалик бу масалаларни Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисининг Сенати тасдиғига киритади;
13) Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисининг Сенатига Конституциявий суд раиси ва судялари, Олий суд раиси ва судялари, Олий хўжалик суди раиси ва судялари, Ўзбекистон Республикаси Марказий банки Бошқарувининг раиси, Ўзбекистон Республикаси Табиатни муҳофаза қилиш давлат қўмитасининг раиси лавозимларига номзодларни тақдим этади;
14) вилоят, туманлараро, туман, шаҳар, ҳарбий ва хўжалик судларининг судяларини тайинлайди ва лавозимларидан озод этади; Олдинги таҳрирга қаранг.
15) Ўзбекистон Республикаси Бош вазирининг тақдимига биноан вилоятлар ҳокимларини ҳамда Тошкент шаҳар ҳокимини қонунга мувофиқ тайинлайди ҳамда лавозимидан озод этади. Конституцияни, қонунларни бузган ёки ўз шаъни ва қадр-қимматига доғ туширадиган хатти-ҳаракат содир этган туман ва шаҳар ҳокимларини Президент ўз қарори билан лавозимидан озод этишга ҳақли;
16) республика давлат бошқаруви органларининг ва ҳокимларнинг қабул қилган ҳужжатларини улар қонун ҳужжатлари нормаларига номувофиқ бўлган ҳолларда тўхтатади, бекор қилади; Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси мажлисларида раислик қилишга ҳақли;
17) Ўзбекистон Республикасининг қонунларини имзолайди ва эълон қилади; қонунга ўз эътирозларини илова этиб, уни такроран муҳокама қилиш ва овозга қўйиш учун Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисига қайтаришга ҳақли;
18) Ўзбекистон Республикасига ҳужум қилинганда ёки тажовуздан бир-бирини мудофаа қилиш юзасидан тузилган шартнома мажбуриятларини бажариш зарурияти туғилганда уруш ҳолати эълон қилади ва қабул қилган қарорини уч кун ичида Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси палаталарининг тасдиғига киритади;
19) фавқулодда вазиятлар (реал ташқи хавф, оммавий тартибсизликлар, йирик ҳалокат, табиий офат, эпидемиялар) юз берган тақдирда фуқароларнинг хавфсизлигини таъминлашни кўзлаб, Ўзбекистон Республикасининг бутун ҳудудида ёки унинг айрим жойларида фавқулодда ҳолат жорий этади ва қабул қилган қарорини уч кун ичида Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисининг палаталари тасдиғига киритади. Фавқулодда ҳолат жорий этиш шартлари ва тартиби қонун билан белгиланади;
20) Ўзбекистон Республикаси Қуролли Кучларининг Олий Бош қўмондони ҳисобланади, Қуролли Кучларнинг олий қўмондонларини тайинлайди ва вазифасидан озод қилади, олий ҳарбий унвонлар беради;
21) Ўзбекистон Республикасининг орденлари, медаллари ва ёрлиғи билан мукофотлайди, Ўзбекистон Республикасининг малакавий ва фахрий унвонларини беради;
22) Ўзбекистон Республикасининг фуқаролигига ва сиёсий бошпана беришга оид масалаларни ҳал этади;
23) амнистия тўғрисидаги ҳужжатларни қабул қилиш ҳақида Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисининг Сенатига тақдимнома киритади ва Ўзбекистон Республикасининг судлари томонидан ҳукм қилинган шахсларни афв этади;
24) Миллий хавфсизлик хизмати раисини тайинлайди ва лавозимидан озод этади, кейинчалик шу масалаларга доир фармонларни Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисининг Сенати тасдиғига киритади;
25) ушбу Конституция ва Ўзбекистон Республикасининг қонунларида назарда тутилган бошқа ваколатларни амалга оширади. Президент ўз ваколатларини бажаришни давлат идораларига ёки мансабдор шахсларга топширишга ҳақли эмас.
Президентнинг шахси дахлсиздир ва „Ўзбекистон Республикаси Президенти фаолиятининг асосий кафолатлари тўғрисида“ги қонун (2003-йил 25-апрел) билан муҳофаза этилади. Президентнинг қонуний фаолиятига тўсқинлик қилинишига, шунингдек, унинг шаъни ва қадрқимматига путур етказилишига йўл қўйилмайди ва бундай ҳаракатлар тегишли қонунларга мувофиқ жавобгарликка сабаб бўлиши мумкин. Бу қоида истеъфога чиққан Президентга нисбатан ҳам ўз кучини сақлаб қолади. Президент меҳнатига ҳақ тўлаш қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда амалга оширилади. Ўзбекистон Республикасининг Президенти бетоблиги сабабли ўз вазифасини бажара олмаслиги Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисининг палаталари қўшма қарорига кўра тузилган давлат тиббий комиссия хулосаси билан тасдиқланган тақдирда 10 кун муддат ичида палаталарнинг қўшма фавқулодда йиғилишида депутатлар, сенаторлар орасидан 3 ойгача бўлган муддатга Ўзбекистон Республикаси Президенти вазифасини вақтинча бажарувчи сайланади. Бу ҳолда 3 ой муддат ичида Ўзбекистон Республикаси Президентининг умумхалқ сайлови ўтказилиши шарт. Ўзбекистон Республикаси Президентининг давлат қурилиши соҳасидаги тажрибасидан унумли фойдаланиш мақсадида ваколати тугаши муносабати билан истеъфога чиққан Президент умрбод Сенат аъзоси лавозимини эгаллаши кўзда тутилган.
Президентлар
Ўзбекистон Республикаси Конституциясининг 19-боби „Ўзбекистон Республикасининг Президенти“ деб номланади. Бу боб 9 та моддадан иборат бўлиб, уларда Ўзбекистон Республикаси Президентининг конституциявий ҳуқуқий мақоми белгилаб берилган. Олий Кенгаш 12-чақириқ 1-сессиясида депутатлар томонидан Ўзбекистон Республикасининг биринчи Президенти лавозимйга Ислом Каримов сайланган эди. „Ўзбекистон Республикаси Президенти сайлови тўғрисида“ги қонунга биноан, 1991-йил 29-декабр ва 2000-йил 9-январда муқобиллик асосида тўғридан-тўғри умумхалқ Президент сайловлари ўтказилди. Бу сайловлар натижасида Ислом Каримов Ўзбекистон Республикасининг Президенти этиб сайланди. 2016-йил 2-сентабрда Ислом Каримов вафот этди. Шу муносабат билан навбатдан ташқари умумхалқ президентлик сайловлари ўтказилди ва унда бош вазир Шавкат Мирзиёев президент этиб сайланди.
| № | Муддат | Президент | Сурати | Президентлик даврининг тугаши | Партияси | ||
|---|---|---|---|---|---|---|---|
| 1 | 1 | Ислом Каримов | 24-март 1990[2] | 29-декабр 1991 | 645 кун | КПСС | |
| 2 | 29-декабр 1991 | 9-январ 2000 | 2933 кун | Ўзбекистон Халқ Демократик Партияси | |||
| 3 | 9-январ 2000 | 22-декабр 2007 | 2904 кун | Фидокорлар | |||
| 4 | 22-декабр 2007 | 10-апрел 2015 | 2666 кун | ЎзЛиДеП | |||
| 5 | 10-апрел 2015 | 2-сентабр 2016 | 511 кун | ЎзЛиДеП | |||
| в.б. | − | Ниғматилла Йўлдошев | 2-сентабр 2016 | 8-сентабр 2016 | 6 кун | ЎзМТДП | |
| 2 | в.б. | Шавкат Мирзиёев | 8-сентабр 2016 | 14-декабр 2016 | 98 кун | ЎзЛиДеП | |
| 1 | 14-декабр 2016 | ҳозирги кунга қадар | 3610 | ЎзЛиДеП | |||
| 2 | 6-ноябр 2021 | 9-июл 2023 | 610 кун | ||||
| 3 | 9-июл 2023 | Амалда (2030-йилгача) |
1212 кун (2023-йил 9-июлдан — 3707 кун) | ||||
Ўзбекистон Республикасиниш Президенти самарали фаолият юритишни таъминлаш мақсадида Президент девонини тузади, турли хизмат бўлинмаларини шакллантиради. Ўзбекистон Республикасининг Президенти Оқсаройдаги қароргоҳида фаолият юритади. „Дўрмон“ (Қибрай тумани) қароргоҳида турли халқаро учрашувлар, олий мартабали меҳмонларни кутиб олиш маросимлари ва бошқа тадбирлар ўтказилади.
Ўзбекистон Республикаси Президенти девони биноси — Тошкент шаҳрининг марказий қисмида, Ўзбекистон шоҳ кўчаси (Анҳор бўйи)да жойлашган (1964, меъморлар В. Березин, А. Файнлейб, Р. Блезе, С. Эшонхўжаев ва бошқалар; муҳандис Э.Леннишмидт ва бошқалар). Асосий бино 6 қаватли бўлиб, биринчи қаватга 900 ўринли мажлислар зали туташган. Бино аниқ геометрик шакллардан фойдаланилгани, нисбатларнинг аниқ ва монументаллиги, бадиий кўркам ва меъморий жиҳатдан оддийлиги билан ажралиб туради. Асосий бино (уз. 94 м) шимолга қараган, 3 бўлакдан иборат. Бино тарзидаги вертикал бўлинишлар, катта ҳажмдаги деразалар ҳамда асосий кириш эшиги мутаносиблиги бинога алоҳида улуғворлик бахш этган. Бинонинг жан. томони ҳам шу тарзда ҳал этилган, унга қуёш нурини тўсувчи махсус мосламалар ишланган. Мажлислар зали биносида вестибюл, фое, кутубхона, ошхона ва бошқалар қўшимча хоналар мавжуд; залга асосий бинонинг 2-қаватидаги махсус йўлакдан ўтилади; бинонинг ғарб томонидаги ойналар олдига алюминий пластинка (асалари инига ўхшаш тўсиқ)лар қўйилган, жан. томони қабариқ блоклардан ташкил топган. Бино пардозида юқори сифатли мармар плиталар, кошинлар, сувоғида майдаланган мармар бўлакчалар ва бошқалар ишлатилган; атрофидаги ҳудуд кўкаламзорлар, гулзорлар билан сўлим масканга айлантирилган.
Ҳақоратларнинг олдини олиш
2021-йил март ойида Президент томонидан имзоланган қонун ҳужжати билан Жиноят кодексининг айрим бандларига ўзгартиришлар киритилди, унга кўра, ОАВ ва интернетдаги бошқа ресурслардан фойдаланган ҳолда президентни ҳақорат қилиш, унга туҳмат қилиш 7 йилдан 15 йилгача озодликдан чеклаш ёки 5 йилгача озодликдан маҳрум қилиш билан жазоланади[3].
Манбалар
- ↑ Констутуцияда белгиланган ваколатлари|Лех.уз.
- ↑ 03465
- ↑ „Ўзбекистонда Президентни интернетда ҳақоратлаган ёки унга туҳмат қилган шахс 5 йилгача қамалади“. Бугун.уз. 2021-йил 6-августда асл нусхадан архивланган. Қаралди: 2021 йил 31 март.
| Ушбу мақолада Ўзбекистон миллий энсиклопедияси (2000-2005) маълумотларидан фойдаланилган. |
| Ўзбекистон ҳақидаги уşбу мақола çаладир. Сиз уни бойитиб, ЗиёСферага ёрдам бериşингиз мумкин. |