Осло шаҳарлар

Осло (1624—1924-йилларда Кристиа-ния деб аталган) — Норвегия пойтахти. Ослофорд соҳилида, 300–400 м баландликда. Иқлими мўтадил. Январнинг ўртача температураси — 5 °C гача, июлники 16 °C. Йиллик ёғин 677 мм. Аҳолиси — 507,4 минг киши (2000). Шаҳарга 1048-йилда асос солинган. ХИИИ аср охири — 1380-йилларда Норвегия қиролларининг қароргоҳи. 1572-йилдан Данияга қарашли Норвегиянинг маъмурий маркази. 1624-йилги ёнғиндан кейин шаҳар эски ўрнидан нарироқда қайта қурилган ва Кристиания деб номланган. 1924-йилдан О. деб атала бошлади. 1814-йилдан мамлакат пойтахти. 1940-йил 9-апрелдан 1945-йил 8-майгача шаҳарни немис фашистлари қўшини оккупация қилиб турган.

Осло — Норвегиянинг энг катта иқтисодий ва маданий маркази, йирик денгиз порти. Порт орқали мамлакат ташқи савдо юкларининг 1/3 қисми ўтади. Темир йўл тугуни. Аэропорти халқаро аҳамиятга эга. Осло ва унинг атрофидаги корхоналар Норвегияда ишлаб чиқарилаётган саноат маҳсулотининг 25%ни беради. Машинасозлик ва металлсозлик саноати тармоқлари ривожланган. Энергетика ва кема таъмирлаш, электротехника ва радиоэлектроника, металлургия, ёғочсозлик, тўқимачилик, полиграфия, озиқ-овқат ва бошқа саноат корхоналари бор.

Меъморий ёдгорликлардан Қирол саройи, собор, Миллий театр ва университет бинолари, ратуша ва бошқа сақланган. Метрополитен қурилган. Шаҳарда боғ кўп. Университет (1811), консерватория, драма ва опера театрлари, Норвегия фанлар академияси, музейлар, Миллий галерея бор. Богдё ярим оролдаги музейда Ф. Нансен ва Р. Амундсенларнинг „Фрам“ кемаси, Т. Хеердалнинг „КонТики“ соли сақланмоқда. Осло чанғи спорти марказларидан. 1952-йилда шаҳарда 6-қишки Олимпиада бўлиб ўтган[1].

Ҳаволалар

Манбалар

  1. ↑ ЎзМЕ. Биринчи жилд. Тошкент, 2000-йил