Qadriyat
Қадрият — воқеликдаги муайян ҳодисаларнинг умуминсоний, ижтимоий-ахлоқий, маданий-маънавий аҳамиятини кўрсатиш учун қўлланадиган тушунча. Инсон ва инсоният учун аҳамиятли бўлган барча нарсалар, масалан, эркинлик, тинчлик, адолат, ижтимоий тенглик, маърифат, ҳақиқат, яхшилик, гўзаллик, моддий ва маънавий бойликлар, анъана, урф-одат ва бошқалар қадриятлар ҳисобланади.
Ижтимоий фанларнинг қайси соҳасида қадриятга доир тадқиқот олиб борилган бўлса, бу тушунчага шу жиҳатдан таъриф беришга интилишган. Холбуки қадрият аксиологияга хос категориядир. Қадриятни аксиология нуқтайи назаридан талқин қилиш уни категория сифатидаги моҳияти, мазмуни, обектив асоси, намоён бўлиш шакллари ва хусусиятларини ўрганиш имконини беради. Қадрият категорияси фақат буюм ва нарсаларнинг иқтисодий қимматини эмас, жамият ва инсон учун бирор аҳамиятга эга бўлган воқеликнинг шакллари, ҳолатлари, нарсалар, воқеалар, ҳодисалар, талаб ва тартиблар ва бошқаларнинг қадрини ифодалаш учун ишлатилади.
Ижтимоий жараёнлар таъсирида кишиларнинг қадриятлар тўғрисидаги қарашлари ўзгариб боради. Тарихий заруриятга қараб гоҳ у, гоҳ бу қадрият ижтимоий тараққиётнинг олдинги сафига чиқади. Масалан, юртни ёв босганида — озодлик, империя ҳукмронлиги ниҳоясида — истиқлол, уруш даврида — тинчлик, тутқунликда — эркинлик, касал ёки беморликда — сиҳат-саломатликнинг қадри ошиб кетади.
Қадриятлар ижтимоий-тарихий тараққиёт маҳсули сифатида ўз тарихий илдизи, ривожи, ворислик жиҳатларига эга. Қадриятлар меҳнат, ишлаб чиқариш соҳасидаги фаолият, инсонлар ўртасидаги муносабатлар учун фойда келтирадиган нарсалар, ҳодисалар, хатти-ҳаракатлар мажмуаси сифатида юзага келиб, айрим кишилар, ижтимоий гуруҳлар фаолияти, хатти-ҳаракатини маълум йўналишга бурадиган, тегишли меъёрга соладиган маънавий ҳодисага айланади.
Қадриятлар умумбашарий, миллий, шахсий бўлиши мумкин. Олам, табиат ва жамиятнинг энг муҳим томонларини, қонун-қоидаларини, алоқадорликларини ифодалайдиган қадриятлар умумбашарий хусусиятга эга. Бундай қадриятлар ўз аҳамиятини йўқотмайдиган, абадий қадриятлардир. Муайян бир элат, миллат, халқнинг ҳаёти, турмуш тарзи, тили, маданияти, маънавияти, урф-одат ва анъаналари, ўтмиши ва келажаги билан боғлиқ қадриятлар миллий қадриятлардир. Инсон, унинг фаолияти, турмуш тарзи, эътиқоди, умр маъноси, одоби, гўзаллиги билан боғлиқ қадриятлар шахсий қадриятлардир. Қадриятлар комил инсонни тарбиялашда муҳим омил бўлиб хизмат қилади[1].
Манбалар
- ↑ Файл:Натионал Энcйcлопедиа оф Узбекистан лого.пнг „Қадрият“, Ўзбекистон миллий энсиклопедияси (Қ-ҳарфи). Тошкент: „Ўзбекистон миллий энсиклопедияси“ Давлат илмий нашриёти, 2000–2006-йиллар.
Ҳаволалар
| Викииқтибосда Қадриятга тегишли иқтибослар мавжуд. |
| Ушбу мақолада Ўзбекистон миллий энсиклопедияси (2000-2005) маълумотларидан фойдаланилган. |
| Ушбу мақола çаладир. Сиз уни бойитиб, ЗиёСферага ёрдам бериşингиз мумкин. Бу андозани аниқроғига алмаштириш керак. |