Қизилқум — Марказий Осиёдаги қумли чўл. Амударё ва Сирдарё оралиғида (Ўзбекистон, Қозоғистон, қисман Туркманистон ҳудудида) жойлашган. Шимоли-ғарбда Орол денгизи, шарқда Тян-Шан ва Помир-Олай тоғ тизмалари билан чегарадош. Умумий майдони 300 минг км². Ҳудудининг кўп қисми текислик. Қизилқумда ўртача баландлик жануб ва жануби-шарқида 300 метр, шимоли-ғарбида 53 метр. Қизилқум ҳудудидаги Султон Увайс тоғи, Бўкантов, Етимтоғ, Томдитов, Қулжуқтов ва бошқа паст тоғлар ювилиб кетган алп антиклиналининг ўзагидир. Вақтинчалик оқар сувлар тоғлардан ювиб тушган материаллар тоғ этакларига тўпланиб нишаб пролювиал текисликларни ҳосил қилган. Улар тоғлардан узоқлашган сари пасайиб боради. Шунингдек, Қизилқум ҳудудида қирлар (Белтов ва бошқалар), ясси плиталар, берк ботиқлар (Мингбулоқ, Оёқоғитма, Қорахотин, Мўлали ва бошқалар) ҳамда қадимий сувсиз дарё ўзанлари: Ақчадарё, Жанадарё, Дарёсой, Қувончдарё, Маҳандарё ва бошқалар мавжуд.

Қизилқум
қозоқча: Қызылқұм
Qizilqum xaritasi. Sunʼiy yoʻldoshdan olingan surat
Қизилқум харитаси. Сунъий йўлдошдан олинган сурат
Координаталари: Миссинг латитуде
МамлакатларOʻzbekiston Ўзбекистон
Qozogʻiston Қозоғистон
Turkmaniston Туркманистон
ЖойлашувиМарказий Осиё
Майдони300 000 км²
ДарёларЖанадарё
Январ ойи ўртача ҳарорати0°С —9 °C
Июл ойи ўртача ҳарорати26°С — 29 °C
Йиллик ёғингарчилик миқдори100 — 200 мм
Qizilqum (Oʻzbekiston)
Қизилқум

Тоğлар ва уларни ўраб турган тоғ олди текисликлари бир-биридан қум массивлари билан ажралиб туради. Қум массивлари учун қатор тепа ва кўзанак қумлари хосдир. Қизилқумнинг катта қисмини қум массивлари: Журанқум, Тошқудуқ, Ёмонқум, Кемирекқум ва бошқалар эгаллаган. Қум массивларида эол релеф шакллари — қум марзалари, дўнг қумлар, барханлар учрайди. Қум марзалари кўпроқ меридианал йўналишга эга, ўсимликлар билан мустаҳкамланган. Уларнинг. нисбий баландлиги 3—30 метр, баъзан 75 метрга етади. Қизилқумнинг марказий қисмида кўпинча дўнг қумлар тарқалган (улар ҳам ўсимликлар билан мустаҳкамланган). Барханлар нисбатан кам бўлиб, булар аҳоли яшайдиган жойлар ва қудуқлар атрофида учрайди. Барханларнинг ҳаракатга келиши инсоннинг хўжалик фаолияти билан боғлиқ. Марза қумлар орасидаги паст жойларда тақирлар ҳосил бўлган, улар Қизилқумнинг шимоли-ģарбий ва шимоли-шарқий қисмида, айниқса, кенг тарқалган. Тектоник жиҳатдан Қизилқум Турон плитасида жойлашган. Қизилқумдаги паст тоғлар палеозой даврига мансуб метаморфизлашган сланец, роговик, оҳактош, мармар, гранитлардан ташкил топган. Текислик қисмида мезокайнозой даври гиллари, қумтошлар, конгломератлар, мергеллар, шимолий қисмида эса Амударё ва Сирдарёнинг қадимий дарё ётқизиқлари тарқалган.

Иқлими кескин континентал. Ёзи иссиқ, қиши совуқ. Ҳавонинг ўртача йиллик температураси шимолий қисмида 9,8°—10,5°, жанубида 13°—15°. Январнинг ўртача температураси 0° дан –9° гача, энг паст температура –30, –31°, айрим жойларда –34°. Июлнинг ўртача температураси 29°, айрим жойларда 30—31°. Энг юқори температура (июлда) 46—49°. Қизилқумда ёзда ер юзаси қизиб кетади. Намлик сероб ва ўсимликларга бой бўлган Амударёнинг қуйи оқимига қараганда Қизилқумда вегетация даврида мусбат тралар йиғиндиси анча юқори, нисбий намлик эса кундузи ўртача 10—12% паст. Ҳавонинг нисбий намлиги июлда кундуз кунлари ҳеч қаерда 20% дан ошмайди. Қизилқумга йиллик температура амплитудасининг катталиги хос. Амударё этагига қараганда бу ерда ёғин кам. Йиллик ёғин 80–160 мм, асосан, қиш (30%) ва баҳор (48%) фаслларида ёғади. Ёзда ёғиннинг фақат 3% тушади. Ёзда ҳаво қуруқ келади ва температура юқори, тупроқ қурғоқчилиги бирмунча вақтлироқ бошланади. Қумли массивлар ва қумоқ тупроқлардаги ўсимлик ўдган жойларда қумоқ ва гилли жойларга қараганда тупроқ у қадар кучли эмас.

Қизилқумда йил давомида шимолий, шимоли-шарқий ва шимоли-ғарбий шамоллар тезлиги ўртача (3–4 м/сек.) эсиб туради. Баъзида кучли бўронлар ҳам бўлади. Иқлими қуруқ бўлганидан Қизилқумда доимий оқар сувлар йўқ. Паст тоғлардан бошланувчи қуруқ сойларда фақат баҳорги ёғингарчилик пайтларидагина сув оқади. Қизилқум ер ости сув захирасига бой, лекин, уларнинг кўп қисми шўр. Фақат Турон плитаси пойдеворида жойлашган карстлашган оҳактошлардаги ер ёриқларида чучук сувлар захираси мавжуд бўлиб, улар қулай жойларда ер юзасига булоқлар сифатида (Томдибулоқ, Ирлир ва бошқалар) чиқади.

Қизилқумда қумли массивлар ва паст қирлар катта майдонни эгаллайди. Қумли массивлар учун чўл қумли тупроқлари, қирлар учун бўз қўнģир тупроқлар хос. Тақир, шўрхок тупроқлар тарқалган. Буларда чиринди моддалари кам. Қизилқум ўсимликлари хилма-хил. Чўл шароитида намликнинг тақчиллиги ва ҳаво, тупроқ ҳароратининг баландлигига ўсимликлар ҳам мослашган. Ўсимлик тури 900 га яқин, шундан 226 тури (25%) Ўрта Осиё учун хос ва 34 тури (3,5%) Қизилқумга хос ўсимликлардир. Қизилқумда ўсимликлар ривожланишининг тез етилувчанлиги (эфемерлиги), қурғоқчилликка мослашувчанлиги (ксероморфлиги), баъзи ўсимлик илдизларининг тупроққа чуқур кириб бориши (фреатофит), шўр муҳитда ҳам вегетация қилиш хусусиятига эга эканлиги (галофит) билан ажралиб туради. Оқ ва қора саксовул, уларга аралаш ҳолда ўсувчи черкез, қандим, чогон, боржок (қизилча), шувоқ ва бошқалар кенг тарқалган. Оқ саксовулзорлар биюрғун, боялич, кейреук шўралар билан, гоҳо юлғун аралаш ҳам учрайди. Шувоқзорлар Қизилқумнинг катта ҳудудларини эгаллаган. Шўр босган тупроқларда сарсазан, қорашўра, шоҳилак, юлғун ва бошқалар бор.

Сутемизувчилардан жайрон, сайғоқ, чўл мушуги, бархан мушуги, қўшоёқ, юмронқозиқ, қумсичқон, тулки, бўри, қуён, олакўзан, узун қулоқ типратикан; судралиб юрувчилардан қум бўғма илони, ўқилон, узун қулоқли ва тақир думалоқбош калтакесак, агама, эчкемар; қушлардан бойқуш, чил, хўжасавдогар, саксовул тўрғайи, чўл қарғаси, булдуруқ, бургут, бойқуш; ҳашаротлардан чаён, қорақурт, бий, чигиртка ва бошқалар учрайди. Қизилқумда майин жунли ва қоракўл қўйлар боқилади. Артезиан ҳавзалардан сув чиқарилиб, чорвачиликни ривожлантириш мақсадида кичик воҳалар вужудга келтирилмоқда. Қолдиқ тоғлардан мармар, графит, феруза, Мурунтовдан олтин, уран, шунингдек, фосфорит, корунд, боксит конлари топилиб, қазиб олинмоқда. Газли ҳамда Қандим газ-конденсат конларидан фойдаланилмоқда.

Адабиёт

  • Фёдорович Б. А., Лик пусцҳи, М., 1954;
  • Баратов П., Ўзбекистон табиий географияси, Т., 1996;
  • Баратов П., Маматқулов М., Рафиқов А., Ўрта Осиё табиий географияси, Т., 2002.