Қўшработ тумани — Ўзбекистон Республикаси Самарқанд вилоятидаги туман. 1978-йил 3-апрелда ташкил этилган. Шарқдан Паяриқ, жанубдан Иштихон, Каттақўрғон туманлари, ғарб ва шимолдан Навоий вилоятининг Нурота, жануби-ғарбдан хатирчи туманлари, шимоли-шарқдан Жиззах вилояти билан чегарадош. Майдони 2,16 минг км2. Аҳолиси 147,4 минг киши (2026-йил 1-апрел)[1]. Туманда 62 маҳалла фуқаролар йиғини (Пичот, Жўш Ота, Зармитан, Охунбобоев, Оқтепа, Пангат, Урганжи, Қўшработ ва ҳакозо) бор. Маркази — Қўшработ шаҳарчаси[2]. Туман марказидан туманнинг энг охирги аҳоли пункигача бўлган масофа 100 кмни ташкил қилади[3].

Қўшработ тумани
туман
Таркибида Самарқанд вилояти
Маъмурий маркази Қўшработ шаҳарчаси
Асос солинган санаси 1978-йил 3-апрел
Расмий тиллар Ўзбек
Аҳоли (2026-йил 1-январ) 146,9 минг киши
Миллатлар таркиби Асосан Ўзбеклар
Динлар таркиби мусулмонлар кўпчиликни ташкил этади.
Майдони 2,16 минг км²
Вақт минтақаси УТC+5
Расмий сайти қошработ.уз
гов.уз/оз/қошработ
Харитада
Qoʻshrabot tumani xaritada

Туман тарихи

Қўшработ топонимининг биринчи компоненти Қўш сўзи икки ёки жуфт ма’носини англатади. Работ сўзи эса дастлаб ислом дини тарқала бошлаган даврларда ҳарбийлар учун мўлжаллаб қурилган бино, истеҳком ма’носини англатган. Кейинчалик карвонсарой (меҳмонхона) ма’носини ҳам англатган. Работ термини кўплаб жой номлари ҳосил қилган. Қўшработ ёнма-ён иккита карвонсарой қурилган жой ма’носини ифодалайди[4].

Қўшработ тумани Қўрғон қишлоғида таниқли бахши Эргаш Жуманбулбул ўғли (1868 –1937) – ўзбек халқ бахшиси, Қўрғон достончилик мактабининг энг йирик вакили яшаб ўтган. Ҳар йили нуфузли бахшини ёдга олиб, қўрғон музейида, Жўш истироҳат боғида, Туман марказий стадиони ҳамда туманнинг бир қанча ҳудудларида Республика бахшичилик танлови ва Қўшработ наволари Халқаро фестиваллари ўтказилади. Фестивалда вилоятлардан бахшилар ва миллий қўшиқ ихлосмандлари ғолиблик учун курашади. Халқаро ва Республикадаги эл суйган хонандалар фестивал мезбонлари бўлишади. Фестивал йилдан йилга янада ривожланиб бормоқда[5].

Табиати

Ер юзаси Нурота тоғлари ва тоғ олди қисмларидан иборат. Шимолида Нурота тизмаси (энг баланд жойи — Ҳаётбоши чўққиси, 2165 м), жанубида Оқтоғ тизмасининг шарқий қисми жойлашган. Релефи тизмалардан атрофга томон 500 м гача пасайиб боради. Тизмалар этаги меридионал йўналган водийлар билан қирқилган. Иккала тизма Нурота ботиғи орқали бир-биридан ажралиб туради. Иқлими тоғ тепалари ва ён бағирларида нисбатан салқин, тоғ этаклари ва ботиқларда ёз иссиқ ва қуруқ, қиши унчалик совуқ бўлмайди.

Иқлими

Январнинг ўртача температураси —Г, энг паст температура —29°, июлники 27—28°, энг юқори температура 43°. Вегетация даври 200 кундан ортиқ. Йиллик ёғин 200-300 мм, тоғ ён бағирларида 500 мм гача, асосан, баҳор ва қишда ёғади. Ёғингарчилик фаслида тоғларда оқар сувлар ҳосил бўлади. Ёзда сойларнинг кўпчилиги қуриб қолади.

Йирикроқ сойлари — Оқсой, Сағаноқ, Ғужумсой, Пичацой, Пангацой ва бошқа. Тоғли қисмида булоқ кўп. Тупроқлари ботиқда оч бўз, бўз, тоғ ён бағирларида тўқ бўз тупроқ. 1600 м дан баландда тоғ-жигарранг ва тоғ-ўтлоқ тупроқлари тарқалган. Ўсимликлари, асосан, чўл ва тоғ-чўл ландшафтларига хос. Тоғларнинг 1500-1700 м баландликкача бўлган қисмлари чала чўл ўсимликлари, яъни эфемер ва эфемероидлардан ташкил топган. Бу ерда буталардан бодом, учқат, наъматак, писта, дўлана ва бошқа ўсади. Тоғларнинг баланд қисмида ора-сира арчалар учрайди. Тоғ олди қисмларида шувоқ, янтоқ, эфемерлар (ранг, қўнғирбош ва бошқалар) ўсади. Ёввойи ҳайвонлардан тулки, бўри, бўрсиқ, типратикан, юмронқозиқ, тошбақа, эчкемар, илонлар (жумладан, заҳарли илонлар), қушлардан каклик, қорабовур, бургут, қорақарға ва бошқа бор. Қазилма бойликлардан олтин, қурилиш материаллари қазиб олинади. Ҳудудида Қўшработ буюртма қўриқхонаси жойлашган.

Аҳолиси

Аҳолиси, асосан, ўзбеклар, шунингдек, қозоқ, татар, рус ва бошқа озчилик миллат вакиллари ҳам яшайди. Аҳолиси 147,4 минг киши (2026-йил 1-апрел)[1]. Аҳолининг ўртача зичлиги 1 км2га 94 киши. Туманда 2 та шаҳарча (Қўшработ ва Заркент) мавжуд. Жўш-Ота МФЙ туманнинг энг кўп аҳолисига эга бўлган (2025-йил ҳисоби бўйича 8 минга яқин) маҳалла фуқаролар йиғинларидан бири Шаҳар аҳолиси 13,6 минг киши, қишлоқ аҳолиси 133,8 минг киши (2026-йил 1-апрел).

Хўжалиги

Хўжалиги, асосан, чорвачилик, ғаллачилик, қисман боғдорчилик токчиликка ва кончиликка ихтисослашган. Ўзбекистондаги олтин конларидан бири бўлган Зармитон олтин кони шу ҳудудда жойлашган. Чорвачиликнинг асосий тармоғи — қоракўлчилик. Туманда йирик, ўрта, кичик корхоналар ва микрофирмалар фаолият кўрсатади. Аҳолига маиший хизмат кўрсатувчи кичик корхоналар (кийим тикиш, автомобил таъмирлаш, теле-аппаратуралар тузатиш ва ҳоказо) ҳам бор.

Қўшработ туманида 60,2 мингга яқин қорамол, 207,5 мингга яқин қоракўл қўйлари, 3,7 мингдан зиёд йилқи боқилади. Қишлоқ хўжалиги маҳсулотларининг асосий қисми фермер хўжаликларида етиштирилади. 5 ширкат, 1 жамоа, 1 наслчилик, махсус, 388 фермер хўжалиги бор.

Маорифи

2004/2005-ўқув йилида 88 умумий таълим мактабида 25,8 мингга яқин ўқувчи, 2 касб-ҳунар коллежида 734 талаба таълим олди. 44 кутубхона (178,7 минг нусха китоб), 19 маданият уйи, стадион, спорт майдончалари мавжуд. 6 касалхона (320 ўрин), 34 фелдшер-акушерлик пункти, 18 қишлоқ даволаш амбулаторияси ва бошқа тиббий муассасаларда 125 врач, 710 ўрта ва кичик тиббий ходим ишлайди.

Манбалар

  1. ↑ 1,0 1,1 „Ҳудудлар бўйича шаҳар ва қишлоқ аҳолиси сони“. самстат.уз. Ўзбекистон Республикаси Давлат статистика қўмитаси. Қаралди: 6-март 2026-йил.
  2. ↑ Жумабоев, Тошпўлат. „Қўшработ тумани“ ЎзМЕ. Қ-ҳарфи[сайт ишламайди] Биринчи жилд. Тошкент, 2000-йил
  3. ↑ „Қўшработ тумани ҳақида“. Қаралди: 2025-йил 26-август.[сайт ишламайди]
  4. ↑ „Қўшработ тумани тарихи“. 2025-йил 7-августда асл нусхадан архивланган. Қаралди: 2025-йил 27-август.
  5. ↑ „Эргаш Жуманбулбул ўғли“, Википедия, 2025-04-12, қаралди: 2025-08-26