Қоракўл тумани — Ўзбекистон Республикаси Бухоро вилоятидаги туман. Шимолий ва Шимоли-шарқдан Жондор тумани, жануби-шарқдан Олот тумани, жанубий ва ғарбдан Туркманистоннинг Лебап вилояти, шимоли-ғарбдан Ромитан тумани билан чегарадош. Майдони 9,84 минг км². Аҳолиси 170,5 минг киши (2023). Туманда 8 та шаҳарча (шаҳар типидаги пасолка), 42 та қишлоқ фуқаролар йиғини (Саёт, Шўробод, Қулончи, Қоракўл, Қозон, Дарғали, Қуйи Янгибозор, Қуввача, Чандиробод, Жиғачи, Қорахожи, Қораун, Човли, Маллаишайх, Зиёрат, Бандбоши),  50 та маҳалла фуқаролар йиғини бор. Маркази — Қоракўл шаҳри[2].

Қоракўл тумани
туман
Таркибида Бухоро вилояти
Маъмурий маркази Қоракўл
Асос солинган санаси 1926
Ҳокими Хуршид Яҳёевич Тоҳиров[1]
Расмий тиллар Ўзбек
Вақт минтақаси УТC+5
Харитада
Qorakoʻl tumani xaritada

Тарихи

Қоракўлни тарихда Пайкент, Байканд ва Қоракўл деб ҳам аташган. Бир неча минг йиллик „Замон бобо“ маданяти ҳам Пайкентда жойлашган. Пайкент ислом дини кириб келишидан олдин Турк хоқонликлари даврида салтанат марказларидан бўлган. Араб тилида „п“ ҳарфи мавжуд бўлмагани учун уни Араб манбаларида „Байканд“ деб аташни бошлашган. Х аср да яшаб ижод қилган тарихнавис олим Ан-Наршахий Пайкент ҳақида қуйидагича ёзади: Байкант (Пайкант) — буни шаҳарлар жумласидан деб ҳисоблайдилар. Байкант аҳолиси бирон кишининг Байкантни қишлоқ деб аташига рози бўлган эмас. Байкантда катта Масжиди-Жомеъ ва олий иморатлар бўлган. 240 ҳижрий (милодий 854—855) йилгача Байкант дарвозаси олдида кўп работлар бўлган. Байкант аҳолисини ҳаммаси савдогарлар бўлган. Улар Хитой ва денгиз билан борадиган мамлакатлар билан савдо қилишган, жуда бой бўлишган. Қутайба ибн Муслим Байканд жуда мустаҳкам бўлгани учун олишга жуда қийналди. Арслонхон Муҳаммад ибн Сулаймон ўз даврида Байкантни қайта қуришга буюрди, кўплаб олий иморатлар ва Хоқон (Арслонхон) учун жуда ҳашаматли сарой қурилди. Байкандда жуда кўплаб қамишзорлар ва сув хақоблари туташгани учун уни „Кенг ҳавз“ деганлар, Қоракўл ҳам деб аташган.

Заҳриддин Муҳаммад Бобурнинг „Бобурнома“ асарида Қоракўл вилоят деб, Муҳаммад Солиҳнинг „Шайбонийнома“ китобида „Кўчаси ва қўрғони мустаҳкам шаҳар“ дея таърифланган. 1821-йилда Амир Насруллоҳхон имзоси бўлган ҳукмномада ҳам Қоракўл вилоят дея ёзилган. Амир Ҳайдар ўлимидан сўнг Бухорога келган Э. Бернс манғитлар мамлакатини 9 та вилоятга бўлган. Унда ҳам Қоракўл вилоят сифатида таърифланган.

1914—1916-йилларда амир қўшбегиси томонидан маъмурий бирликлар қайта рўйхатдан ўтказилган, унда Қоракўл туман ўлароқ қайд қилинган. Қоракўлдаги кўплаб тарихий обидалар мустабид Қизил империя даврида вайрон қилинди. 1926-йил 29-сентябрда Бухоро вилояти таркибидаги туман сифатида Қоракўл тумани қайта ташкил қилинди.

Табиати

Туман ҳудуди Зарафшон дарёсининг қуйи қисмида, вилоятнинг жанубидаги Қоракўл воҳасида жойлашган. Шарқий қисми 200-300 м дан баланд бўлмаган қирлар, шимолий ва шимоли-ғарбий қисми Қизилқум чўли, Қоракўл ва Моҳонкўл воҳалари билан банд. Тупроқлари, асосан, бўз тупроқлар бо'либ , Қоракўл ва Моҳондарёнинг қуруқ ўзани ўтлоқи бўз, қумоқ бўз тупроқлар, аллювиал ётқизиқлардан иборат. Ботиқларда шўрхоклар, тузли массивлар (Замонтов) бор, ғарбий қисмини тақир, қум дюналари ва барханлар эгаллаган.

Ёввойи ўсимликлардан эфемер ва эфемероидлар, боялич, коврак, шўра, шувоқ, исириқ, қандим, ялтирбош, ранг, сак-совул ва юлғун ўсади. Ёввойи ҳайвонлардан юмронқозиқ, эчкемар, қобон, тулки, қўшоёқ, тошбақа, қум бўғма илони, чархилон ва бошқа яшайди. Қушлардан қарға, тўрғай, тувалоқ, ҳакка, мусича, чуғурчиқ, булбул учрайди. Ёввойи ҳайвонлар муҳофаза қилинадиган қўриқхона бор. Экин майдонлари Аму-Қоракўл машина насос стансиясидан суғорилади. Зарафшон дарёсининг қуйи оқими — Қорақўддарё, асосан, ер ости сувларини оқизувчи коллектор вазифасини бажаради. Фойдали қазилмалардан гил, қумтош, шағал, туз, нефт ва газ бор.

Иқлими

Иқлими кескин континентал. Январнинг ўртача температураси +1,8°, энг паст температура -33°, июлнинг ўртача температураси 28,5°, энг юқори температура 45,3°. Вегетация даври 213 кун. Йиллик ёғин 150-200 мм, кўп қисми баҳор ва қишда ёғади.

Аҳолиси

Аҳолиси, асосан, ўзбеклар, шунингдек, туркман, татар, рус, қозоқ ўзбеклашган араб ва бошқа миллат вакиллари ҳам яшайди. Аҳолининг ўртача зичлиги 1 км2га 19,7 киши. Шаҳар аҳолиси 25,5 минг киши, қишлоқ аҳолиси 145 минг киши (2023).

Саноати

2014-йил 1-апрел ҳолатига кўра, туманда саноатда фаолият кўрсатаётган кичик тадбиркорлик корхоналари 51 та, қишлоқ ва ўрмон хўжалигида фаолият кўрсатаётган кичик тадбиркорлик корхоналари 81 та, савдо ва умумий овқатланиш соҳасида 165 та, алоқа ва транспорт соҳасида фаолият кўрсатаётган кичик тадбиркорлик корхоналари 14 та, қурилиш соҳасида 30 та ва бошқа соҳаларда фаолият кўрсатаётган кичик тадбиркорлик корхоналари 83 та, жами корхоналар сони 424 тани ташкил этди. 2024- йилнинг январ-июн ойларида Қорако'л туманида 712.3 млрд. со'млик саноат махсулотлари ишлаб чиқарилди.

Хўжалиги

Туманда пахта тозалаш, ғишт заводлари, МТП, қурилиш ташкилотлари, автокорхона, нефт базаси, дон маҳсулотлари аксиядорлик жамияти, деҳқон бозори ишлаб турибди. Кичик, ўрта ва йирик бизнес корхоналари, микрофирмалар, „Қоракўл текс“ қўшма корхонаси фаолият кўрсатади.

Қишлоқ хўжалигининг асосий тармоғи пахтачилик, ғаллачилик, чорвачилик, полизчилик. Пиллачилик ҳам ривожланган. Ширкат, деҳқон, фермер хўжаликлари мавжуд. Суғориладиган майдонларга пахта, ғалла, картошка, сабзавот ва полиз, ем-хашак экинлари экилади. Мевазор, токзор, тутзорлар бор. Тумандаги жамоа ва шахсий хўжаликларида қорамол, қўй ва эчки, парранда, шунингдек, туя боқилади.

2013-йилда қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари етиштириш бўйича 288 та фермер хўжалиги, хусусан, 198 та.

Маорифи ва маданияти

Қоракўлда 54 умумий таълим мактаби, болалар мусиқа мактаби, касб-ҳунар коллежлари, битта академик лицей, битта ИТ университет (Ачария университй оф Узбекистан),[3] туман марказий кутубхонаси ва унинг тармоқлари, клуб муассасалари, маданият уйлари, маданият ва истироҳат боғи бор. Туман марказий касалхонаси, поликлиника, туғруқхона, қишлоқ врачлик, фелшер-акушерлик пунктлари, амбулаториялар, дорихоналар аҳолига хизмат кўрсатади.

Ушбу туманда газета 1930-йилдан бошлаб „Болшевик суръати“ номи остида нашр қилина бошлаган. Муҳаррир Хўжаназар Нафасов бўлган. Кейинчалик „Коммунистик суръат“, „Олға“ номлари остида чоп этилган. Ўзбекистон мустақилликка эришганидан сўнг газета „Қоракўл садоси“ номи билан чиқа бошлади. 2007-йилдан туманда Бухоро вилоят телевидениясининг „Истиқлол“ телеканали филиали ўлароқ „Олот-Қоракўл“ телевиденияси иш бошлаган.

Транспорти

Қоракўл тумани орқали халқаро темир йўл ва автомобил йўллари ўтган. Шу билан бирга битта маҳаллий аэропорт бор. Туман маркази билан қишлоқлар орасида ҳамда Бухоро ва Қоракўл шаҳарлари ўртасида автобус ва маршрутли таксилар қатнайди. Туман йўл хўжалиги корхонасига тегишли 374 км автомобил йўли мавжуд. Шундан 215 км маҳаллий аҳамиятдаги, 128 км республика аҳамиятидаги, 31 км халқаро аҳамиятдаги автомобил йўллар ҳисобланади. 425 км узунликдаги ички хўжалик йўллари рўйхатга олинган.

Матбуоти

1931-йилдан „Қоракўл садоси“ туман газ. чоп этилади (адади 1125).

Манбалар

  1. ↑ „Бухоро вилояти Қорако`л тумани ҳокимлиги“. 2019-йил 14-январда асл нусхадан архивланган. Қаралди: 2019-йил 13-январ.
  2. ↑ Исроил Назаров, Умар Рашидов. „Қоракўл тумани“ ЎзМЕ. Қ-ҳарфи (Wайбаcк Мачине сайтида 2022-02-03 санасида архивланган) Биринчи жилд. Тошкент, 2000-йил
  3. ↑ {{Веб манбаси}} андозасидан фойдаланишда сарлавҳа= параметрини белгилашингиз керак. „“.