Қум (тупроқ) – бир-бири билан бирлашмайдиган, ерненг унумдор қатлами, майда заррачалардан ташкил топган чўкинди тоғ жинси. Тоғ жинсларининг майда бўлакча (парча)лари ва турли минералларнинг думалоқ ва қиррали заррачаларидан таркиб топган.

Пайдо бўлиш шароитларига кўра қум дарё, кўл, денгиз, флювиогляциал, элювиал, пролювиал ва эол қумларга бўлинади. Одатда, қумнинг ўлчами 0,05 мм дан 2 мм гача бўлади. Улар майда доначали (0,1—0,25 мм), ўрта доначали (0,25—0,5 мм), йирик доначали (0,5–1 мм) ва жуда йирик доначалидир (1–2 мм). Қум минералогик таркибига кўра, кварсли, глауконит-кварсли, дала шпати-кварсли ва бошқа турларга бўлинади. Таркибий қисмига қараб, бир минералли (олигомикт) ва кўп минералли (полимикт) қум фарқ қилинади. Қум конлари кенг тарқалган. Қумда олтин, платина, олмос, сапфир, рубин, сирконий, рутил, титанит, илменит ва бошқа кўпгина қимматбаҳо минераллар мавжуд; бу минералларнинг бир қисми фойдали қазилма сифатида ажратиб олинади. Табиий ва сунъий (тоғ жинсларини майдалаш йўли билан олинадиган) қумдан қурилишда ва қурилиш материаллари ишлаб чиқаришда; кварсли қумдан шиша, чинни, фаянс, қурилиш керамикаси ишлаб чиқариш ҳамда қуйма шакллар ясашда хом ашё сифатида фойдаланилади.