Sabuktegin
Сабуктегин, Сабуқтакин, Абу Мансур Носируддин ваддавла Сабуктакин (940, Иссиқкўл атрофидаги Барсхон ш. — 997, Балх) — давлат арбоби ва саркарда, туркий ғазнавийлар сулоласи ва Ғазнавийлар давлати асосчиси.
Сабуктегин асли қарлуқ туркларидан бўлиб, унинг отасини Қора Бажкам (туркча Қора Ҳўкиз; асл исми Жук) дейишган. Ўзаро урушларнинг бирида ўсмир С асир тушган. Тарихчи Байҳақий ёзишича, Наср ҳожи номли қулжаллоб томонидан у Бухоро бозоридан сотиб олиниб, Жузжон (Ғузғонон)га олиб келинган ҳамда Нишопурда сомонийларни Ғазнадаги ноиби Алптегинга сотиб юборилган. Сабуктегин. довюраклиги ва жасурлиги боис Алптегин ҳузурида мавқеи тез ошиб, унинг қизига уйланган (бу никохдан унинг валиаҳди Исмоил туғилган. Зобулистон ҳокимининг қизи бўлган хотинидан эса Маҳмуд дунёга келган). Ҳиндистонга қилинган бир қанча юришларда фаол қатнашган. Оддий ғуломликдан сипоҳсолор даражасига кўтарилган. Алптегин вафот этгач (963), Сомонийларнинг Ғазнадаги ноиблари ҳузурида хизмат қилган. Қўшиннинг талабига кўра, Ғазна вилояти амири бўлган (977-йиллар 1 март). Бу даврда Ғазна вилоятига Буст, Гардиз, Парвон, Кобул, Заминдовар, Кусдар, Бомиён, Тоҳаристон, Ҳирот ва Ғур вилоятлари қўшиб олинган. Шимолий Ҳиндистонга ғазнавийларнинг илк юришларини бошлаб, ҳинд рожаси Жайлални мағлубиятга учратган. Пешовар ва Ламғон ўртасидаги ҳудуд фатҳ этилган. Орадан кўп ўтмай Ғазна вилояти сомонийлардан ажралиб чиқиб, мустақил давлат (пойтахти — Ғазна ш.)га айланган.
С. билан сомонийлар амири Нуҳ ибн Мансур ўртасида Кеш ва Нахшабда ўзаро учрашув бўлиб, унда С. сомонийларни қўллаб-қувватлашга ваъда берган. Гардизийнчнт ёзишича, С.нинг 20 минг кишилик қўшини сомонийларнинг Хуросондаги ноиби исёнкор Абу Али Симжурий (Абулҳасан Симжурийнинг ўғли) ва Фойиқ аскарларига Ҳирот атрофида кучли зарба берган (994).
994 й. С. қўшини Ҳиндистонда ҳам ғалабаларга эришган ва маҳаллий аҳолининг бир қисми ислом динини қабул қилган. Ўша йили Абивардда хоразмшоҳ Абу Али Маъмун И (992—997) қўшини устидан ҳам зафарга эришган. Бу ғалабалар учун аббосийлар халифаси ал Қодир С.га „Носируддин ваддавла“ („Дин ва давлат ҳимоячиси“), унинг ўғли Маҳмуд Ғазнавийга „Сайф уддавла“ („Давлат қиличи“) фахрий унвонларини берган (994 й. ноябр).
Ҳирот яқинида Абу Али Симжурий ва Фойиққа С. ўғли Маҳмуд билан биргаликда сўнгги зарбани берган (995 й. 21 июл). Бу жангда душманнинг хазинаси ва филлар ўлжа олинган, номдор лашкарбошилар асир тушишган. Хоразмга қочиб кетган Абу Али Симжурий ўзининг 3 сафдоши билан кейинчалик С. томонидан ўлдирилган.
Мовароуннаҳрга қорахонийлар ҳужуми бошлангач (996), С. ўғли Маҳмуд ва биродари Бўғрочиқ бошчилигида Бухорога 20 минг кишилик қўшин жўнатган. Улар билан қорахоний Буғрохоннинг вориси Наср Илоқхон ўртасида сомонийлар амирининг иштирокисиз шартнома тузилиб, сомонийларга Мовароуннахр маркази қолдирилган ва Амударёнинг жан. қисми — бутун Хуросон ҳудудида ғазнавийларнинг ҳукмронлиги тан олинган.
С. ҳукмронлик даврида пойтахт Ғазна ш. йирик сиёсий ва маданий марказга айланган. Ғазнага бораётганда (Балх яқинида) вафот этган ва Ғазна атрофидаги Афғон Шолида дафн этилган. Қабри устига мақбара қурилган (ХИ аср). Байҳақий ўзининг „Тарихи Масъудий“ номли асарида Сабуқтекинни ақлли ва адолатли, андишали ҳукмдор сифатида кўрсатиб, унга юқори баҳо берган.
Манбалар
- АбулФазл Бейҳақи, История Мас’уда (10301041), Т., 1962, М., 1969;
- Абу Саъид Гардизи, Зайн алахбор, Т., 1991.
Адабиёт
- Ҳамиджон Ҳомидий, Кўҳна Шарқ дарғалари, Т., 1999;
- Ўзбекистон давлатчилиги тарихи очерклари, Т., 2001[1].
Манбалар
| Ушбу мақолада Ўзбекистон миллий энсиклопедияси (2000-2005) маълумотларидан фойдаланилган. |
| Ушбу мақола çаладир. Сиз уни бойитиб, ЗиёСферага ёрдам бериşингиз мумкин. Бу андозани аниқроғига алмаштириш керак. |