Сарой — дастлаб ҳукмдорлар қароргоҳи бўлиб хизмат қилган ҳашаматли улкан бино, қаср. Кейинчалик турли серҳашам ҳовлили бинолар ҳам сарой номини олган. Қадимги Мисрда илк подшолик давридаёқ (мил. ав. 3000 йиллик) фиръавнлар ўз хонадонлари учун саройсимон бинолар, серҳашам ибодатхона саройлари қурилишига аҳамият берганлар. Месопотамия ва Бобилдаги саройлар қатъий лойиҳа асосида маҳобатли қилиб қурилган, кошинлар билан безатилиб, осма боғлари бўлган. Араб мамлакатлари, Эронда, Хитой (Император саройи), Японияда ҳам саройларнинг дабдабали бўлишига аҳамият берилган.

Европада ўрта аср шаҳар-республикалари ривожланиши билан маъмурий бошқариш органлари ҳамда мансабдорлар саройлари пайдо бўлди. Италияда Сиенадаги Публико палацсоси (1297—1310), Венецияда Дожлар саройи, Испанияда Алҳумро саройи шулар жумласидандир. Дин арбоблари ҳам ўзлари учун саройлар қурдирдилар (Орвиетода папа саройи. ХИИИ аср, Россияда патриарх ва архиерейлар саройлари). ХВ—ХВИ асрлардаги маҳобатли саройлар кенг ички ҳовлилари, кутубхоналари, деворий безаклари ва ноёб нарсалар сақланадиган заллари билан шаҳарнинг бутун бир қисмини эгаллаган. Бу турдаги саройлар қирол, император саройларининг шаклланишига кучли таъсир кўрсатган (Мадрид яқинидаги Эскориал, ХВИ аср; Париждаги Лувр, ХВИ—ХВИИИ асрлар. Бу давр саройлари мужассамотининг ҳарактерли хусусияти анфиладаларида, тарзи колоннадалар билан безатилишида, бино билан муҳитни боғловчи ризалитларда кўринади.

Марказий Осиё сарой меъморлиги ўзига хос услубда бунёд этилганлиги билан ажралиб туради. Тупроқ қалъадаги саройнинг 300 га яқин хоналари, кенг тантанавор заллари, қабулхоналари, хазинахоналари бўлган. Бапахуиа, Афросиёб, Холчаён сарой безакларида тасвирий санъат асарлари, ҳайкалчалар, ўйма нақшлар ва рангбаранг деворий расмлар ишланган. Амир Темур ҳукмронлиги даврида (ХИВ аср) қурилган Шаҳрисабздаги Оқсарой, Самарқанддаги Бўстонсарой, Кўксарой ҳамда Амир Темур боғларидаги кўплаб саройларнинг меъморий тузилиши, улардаги серҳашам безаклар ўзига хос нафислиги билан ажралиб турган. Бухоро арки, Кўхна арк, Қўқон ўрдаси ва бошқа хон саройларининг меъморий шаклида Самарқанд, Фарғона меъморий мактаблари услублари ўз ифодасини топган. Уларда халқ усталарининг қуриш анъаналари, нақшинкорлик безаклари миллий услублар намоён бўлган. Ситораи Моҳи Хоса, Нуриллабой саройи, Романов саройида Европа ва миллий меъморлик ўзаро уйғунлашган. ХИХ аср охири — ХХ аср бошларида кўҳна сарой биноларидан музей, кутубхона, дам олиш уйлари сифатида фойдаланилган.

Ўрта асрларда Шарқда карвонлар тўхтаб ўтадиган работ (карвонсарой); замонавий меъморликда муайян мақсадда бунёд бўлган муҳим иншоотлар (маданият саройлари ва уйлари, киноконсерт, никоҳ уйлари, спорт саройлари ва бошқалар). Ўзбекистонда Санъат саройи, Халқлар дўстлиги саройи шундай иншоотлардандир.[1]

Манбалар

Сарой
  1. ↑ ЎзМЕ. Биринчи жилд. Тошкент, 2000-йил