Себзор — ўтмишда Тошкентдаги даҳа номи. Шаҳарнинг шим.ғарбий қисмида жойлашган. Тошкентнинг 4 даҳасидан бири. Ҳудуди жиҳатидан энг кичиги. Чегараси ғарбдан Сағбон ва Қорасарой кўчаларининг оралиғидан (ҳозирги Зарқайнар кўчасининг ғарбидан), жан. дан Жангоб ариғидан ўтган. Шаҳарнинг шим. ва шарқ томондаги мавзеларида (Алвастикўприк, Ҳасанбой, Кўктерак, Бойқўрғон, Болтамозор, Гурунчариқ ва бошқалар) себзорликларнинг дала ҳовлилари, боғлари бўлган. Тошкентнинг энг қад. арикларидан бири — Кайковус С. ҳудудидан ўтган. Шайбонийлардан Суюнчхўжахон томонидан бунёд этилган (1525-йил) Кайковус чорбоғи унинг бўйида жойлашган. ХИХ аср ўрталарида С.да 65 та маҳалла, 3 Мадраса (Бароқхон, Мўйи Муборак, Бекларбеги), 78 масжид бўлган, шаҳарнинг 3 дарвозаси (Лабзак, Тахтапул, Қорасарой), Эскижува бозорининг катта қисми, асосан, С. ҳудудида жойлашган. Аҳолиси (1870й.ларда 18650 киши), асосан, ҳунармандчилик, шаҳар ташқарисидаги ерларида деҳқончилик билан шуғулланган. Муҳаммад Солиҳнчнг "Тарихи жадидаи Тошкант" асарида С. Ҳазрат Имом Қаффол Шоший даҳаси номи билан қайд этилган. С.да Қаффол Шоший (Хасти Имом) мақбараси, Бароқхон мадрасаси ва бошқа меъморий ёдгорликлар жойлашган.

С. аҳолиси, айниқса, косиблари билан шуҳрат қозонган, уларнинг маҳсулотлари Туркистон ўлкасининг бошқа шаҳарларига ҳам тарқалган. Аҳоли, шунингдек, ип газлама тўқиш ва читга гул босиш билан машғул бўлган. Тахтапул, Чувалачи, Қорасарой, Ёв, Себзор ва Қозикўча маҳалла ва мавзелари аҳолиси ғалла экинлари ҳам экишган; мол жаллоблари даҳа аҳолисининг ўзига тўқ табақасини ташкил этган.

Ад.ҳ Маллицкий Н.Г., Тошкент маҳалла ва мавзелари, Т., 1996; Муҳаммаджонов А., Қадимги Тошкент, Т., 2002.

Машхура Шарипова.[1]

Манбалар

  1. ↑ ЎзМЕ. Биринчи жилд. Тошкент, 2000-йил