Шайх Хованди Тоҳур (Таҳур), Шайхонтоҳур (ХИИИ аср охири, ҳозирги Бўстонлиқ тумани Боғистон қишлог'и — 1355, Тошкент) — шайх.

Шайх Умар Боғистонийнинг ўғли. Ривоят этилишича, Умар Боғистоний бефарзанд бўлиб, кунларнинг бирида ўз завжаи муҳтарамаси билан Шайх Зайниддин мақбарасига келиб Аллоҳдан фарзанд ато этишни илтижо қилишади. Кўп ўтмай фарзанд кўришиб, Шайх Умар фарзандини Шайх Зайниддин мозорларига олиб борадилар. У ерда кабутарлар чақалоқни кўриб "ат-таҳур, ат-таҳур" деб сайрай бошлашади. Шайх Умар буни туғилган ўғлига башорат деб билади ва унга Хованди Тоҳур (пок шайх) деб ном қўяди.

Шайх Хованди Тоҳур мақбараси

Шайх Хованди ат-Таҳур илоҳиётга ва тариқатга доир илк сабоқни отасидан олган. Унинг оналари томонидан боболари мавлоно Тожиддин Дарғамий "Рашаҳот айнил-ҳаёт" ("Ҳаёт булоқларидан оққан томчилар") номли асарда ёзишича, Шайх Хованди ат-Таҳур илоҳиёт ва тасаввуф илмининг йирик намояндаларидан бири, етук мутасаввифлардан бўлган. У яссавийлик тариқати намояндаларидан тариқат йўлини ўрганади ҳамда илми зоҳирий ва илми ботиний сир асрорларидан воқиф бўлади, кароматли шайхлар орасида юксак мақомга эришади. Хованди ат-Таҳур исми "ниҳоятда пок ходим" маъносини англатади. Якка худолик ҳақидаги таълимотни, тасаввуфга оид ибораларни шарҳлаб берган, шунингдек, шеърият билан шуғулланган.[1][2][3]

Шеърий мероси

  • "Рисола дар масойи шариат ва тариқат" ("Шариат ва тариқат масалалари ҳақидаги рисола")
  • "Рисолаи даҳ шарт" ("Ўнта шарт ҳақидаги рисола")
  • "Рисола дар аркони ислом" ("Ислом арконлари ҳақида рисола")
  • "Рисола дар одоби тариқат" ("Тариқат одоби ҳақида рисола")

Уларда ислом арконлари, инсоннинг покланиш ва камолга етиши, шариат ва тариқатнинг ўзаро муносабатлари, инсон комиллик даражасига етказиш масалалари баён қилинган.

Ш.Х.Т.нинг Довуд исмли ўғли бўлиб, у ҳам шайх сифатида машҳур эди. СҲ.Х.Т. дафн этилган жой зиёратгоҳ ҳисобланади. Унинг мозори атрофида бошқа сағана ва қабрлар пайдо бўлиб, Тошкентнинг катта ва муқаддас қабристонига айланган. Хожа Аҳрор қабр устига мақбара қурдиради. Зотан унинг волидаи муҳтарамаси шайх Довуднинг қизи бўлган. Хожа Аҳрор қурдирган иншоот замонлар ўтиши билан нураб, бизгача етиб келмаган. Ҳозирги мақбара эса аввалгисининг лойиҳаси ва кўринишини сақлаган ҳолда қайта тикланган (яна қаранг Шайх Хованди Тоҳур мажмуаси). Тошкент шаҳридаги туманлардан бири Ш.Х.Т. номи билан аталади.

Манбалар

  1. ↑ Фахруддин Али Сафий. Шайх Умар Боғистоний//Рашаҳоту айнил-ҳаёт. - Т.: «Абу Али ибн Сино», 2004. - Б.270-272.
  2. ↑ Маҳмуд Ҳасаний, Каромат Қиличева. Шайх Хованди Таҳур. - Т.:2004.
  3. ↑ Исломов З., Мақсудов Д. Шайх Хованди Таҳур ёдгорлик мажмуаси. - Т.: «Тошкент ислом университети», 2005

Ҳаволалар