Шумтол — зайтундошларга мансуб дарахтлар туркуми. Табиий ҳодда учрайдиган 65 тури маълум. Ўрта Осиё тоғлари ён бағирларида ва тоғ дарёлари водийларида сурия Шумтоли, дарё бўйи Шумтоли ва суғд Шумтоли ўсади. Ўрта Осиёнинг шаҳар ва қишлоқларида пенсилвания Шумтоли (қора шумтол), оддий Шумтол, америка Шумтоли (оқ шумтол), безакли Шумтол ва наштарбарг Шумтол турлари манзарали дарахт сифатида экилади. Шумтол ёруғсевар, қурғоқчиликка чидамли ўсимлик. Кўкламги қорасовуқлардан кўпроқ зарарланади. Дарахтлари 150— 350 йил яшайди, 15—20 ёшида гуллайди. Илдизи бақувват, ён томонга кенг тарқалган. Дарахтининг бал. 30–50 м, тана айланаси 1,5 м, шохшаббалари узунтухумсимон. Барги пацимон мураккаб, кузда тўкилади. Гуллари четдан чангланади. Меваси узун, қанотли писта ёки ёнғоқча, қиш давомида дарахтда сақланади. Шумтол уруғидан ва тўнка бачкисидан кўпаяди. Уруғлари кузқишда терилади, баҳорда сепилади. Кўчатларини бир ёшда кўчириб экиш мумкин. Ҳимоя ўрмонлари барпо этишда, парк ва хиёбонларни кўкаламзорлаштиришда фойдаланилади. Ёгочи ёғочни қайта ишлаш саноатида ишлатилади.