Синч — бино ва иншоотлар деворининг таглик ёғоч (тагсинч) билан тепа ёғоч (сарров) ўртасига қадаладиган ёғочлар; уйнинг "скелети". Уйнинг мустаҳкамлиги, турғунлиги, зилзилабардошлигини оширади. С.нинг тагсинч, устун, ҳовон, тепасинч (сарров), бачкисинч ва бошқа хиллари бор. Бинолар яккасинчли ва қўшсинчли қилиб қурилади. Қўшсинчли девор хона иқлимини мўътадил тутади, турли токча, тахмонлар ясашга имкон беради. Одатда, юк тушувчи ташқи деворлар қўшсинч, ички девор — тўсиқлар эса якка синч қилиб ишланади. Тагсинч сарровга С. билан ўйиқ ва тирноклар ёрдамида қимирлайдиган қилиб (зилзилабардош қилиш учун) бириктирилади. Ховонлар (тирак С.лар) иморатни мустаҳкам ушлаб туради. С.лар орасига ғишт, гувала ва бошқа уриб девор ҳосил қилинади. Ўрта Осиё меъморлигида С. деворлар кенг қўлланган. С.лар қад. даврлар меъморий ёдгорликларида ҳам учрайди. Ҳозир ҳам якка уйжой қурилишида С. девор конструксиялари катта ўрин тутади.

Баъзи замонавий маъмурий ва саноат бинолари, иморатлар металл С.лардан каркасли қилиб қурилади. Олдин металл С.лар пайвандлаб бириктириб олинади (яъни "скелет" хреил қилинади), кейин орасига ғишт уриб чиқилади.