Сочи — Россия Федерацияси Краснодар ўлкасидаги шаҳар (1896-йилдан). Қора денгиз соҳилидаги порт. Темир йўл стансияси. Аҳолиси 444,9 минг киши (2024). Сочи денгиз соҳили бўйлаб Шепси дарёсидан Псоу дарёсигача 150 км га чўзилган (1961-йил чегараси доирасида) ва Адлер, Хоста, Марказий, Лазаревск туманларини ва Магри, Макопсе, Аше, Лазаревск, Головинка, Лоо, Дагомис, Мамайка, Хоста, Кудепста, Адлер ва Красная Поляна курорт шаҳарчаларини ўз ичига олади. Йирик аэропорт (Адлер) бор. Бутун сохил курорт зонасига айлантирилган: Россия Федерациясининг энг йирик денгиз бўйи балнеологик ва иқлим курортларидан бири. Иклими нам субтропик иқлим (январнинг ўртача температураси 6°, июлники 25°, 28°. Ииллик ёғин 1400 мм. Йилнинг энг яхши даври — сентябр ва октябр Мацестанинг водород сулфиднатрий хлоридли сувлари айниқса машҳур. Сочида 50 санаторий, 82 дам олиш уйи, 10 туристик база ва кемпинглар, 3 туристик лагер бор. Курортлар эҳтиёжини қондиришга ихтисослашган 40 саноат корхонаси (гўшт, сут, меваконсерва, нон ва бошқалар) мавжуд Сочида Краснодар политехника институтининг умумтехника факултети, Курортология ва физиотерапия, тоғ боғдорчилик ва гулчилиги илмий тадқиқот институтлари, илмий тадқиқот ўрмон тажрибаси стансияси, 4 музей (шу жумладан, Н. А. Островский номидаги адабиймемориал музей, ўлкашунослик музейи ва бошқалар), театр, дендрарий, сирк, тисссамшит ўрмонзорлар қўриқхонаси бор. Шаҳарга 1838-йилда асос солинган. Курорт сифатида 1902-йилдан ривожлана бошлади.