Suzuk ota masjidi
Сузук ота масжиди – Ўзбекистон Республикасининг Тошкент шаҳри Шайхонтоҳур туманининг, Чорсу бозоридан унчалик узоқ бўлмаган Сузук ота кўчасида жойлашган масжид[1][2].
| Масжид | |
Сузук ота масжиди
| |
| Сузук ота масжиди жойлашган мажмуага кириш қисми | |
| Мамлакат | |
| Манзил | Шайхонтоҳур тумани Сузук ота кўчаси 48-уй |
| Йўналиши | сунний |
| Масжид тури | Жомеъ масжид |
| Меъморий услуб | Ислом меъморчилиги |
| Ҳолати | амалдаги |
| Таровиҳ | |
| Саҳарлик ва ифторлик | |
Масжиднинг барпо этилиши дастлаб Амир Темур даврига бориб тақалади. Амир Темур 1363-йилдаги юриши даврида бетоб бўлиб қолган ва 6 ой давомида Тошкентда даволанишига тўғри келган. Амир Темур буйруғига биноан 1363–1364-йилларда Хожа Аҳмад Яссавийнинг набираси бўлмиш Сузук ота қабри устида мақбара ҳамда жомеъ масжид қурилган[3]. Масжид жойлашган мажмуага киришда музей, автотураргоҳ, дўкон, кутубхона, ички қисмида „Сузук ота“ мақбараси ҳамда ундан кейин масжид қурилган. Мажмуанинг кириш қисмида йўлнинг икки томонига ҳунармандлар учун икки қаватдан иборат бўлган ўттиз тўртта уй-жой қурилган[4].
Номининг келиб чиқиши
Асл исми Мустафоқул Хўжа (1140-йилда туғилган), Яссавия тариқатининг асосчиси Хўжа Аҳмад Яссавийнинг ягона қизи бўлган Гавҳари Хуштож ва унинг умр йўлдоши шайх Аҳмад ал-Қорачиқийнинг кенжа ўғли бўлган. Мустафоқул ёшлик чоғиданоқ бобоси билан яқин бўлган. Мустафоқулга нисбатан доимо Аҳмад Яссавийнинг илтифоти юқори бўлган. Айнан, Яссавийнинг набирасига „Сузугим“ дея таъриф бериши ортидан Мустафоқул халқ орасида Сузук Ота номини олган[5][6].
Сузук ота масжиди билан бевосита боғлиқ бўлган шу номдаги маҳалла ўтмишда Тошкент шаҳрининг Бешёғоч даҳаси ҳудудида бўлган[7].
| Сузук ота масжиди имоми томонидан масжид ҳақидаги маълумот айтилган. | |
Меъморчилиги
Вақт ўтиши билан Сузук ота мақбараси яқинидаги қабристон майдони ҳам кенгая борган. Масжид ўз ичига маҳалла масжиди таҳоратхонани олган. Масжиддаги қишки хонақоҳ узунлиги 12.9х12.9 метрни ташкил қилган бўлиб, намозхонаси эса бағалларига таянган, ўлчами 10 метрга тенг бўлган гумбаз билан ёпилган. Бинонинг кириш ҳамда чиқиш қисми мақбаранинг шимолида жойлашган.
Тарихи
1936-йилда болшевиклар томонидан масжид ҳамда мақбара буткул беркитилиб, ўрнида металл буюмлар ишлаб чиқарувчи корхона ишга туширилган. У ердаги ҳунармандчилик хоналари корхона учун омборхона вазифасини бажарган. Чиқинди ҳамда заҳарли кислоталар ариқларга оқизилган. Зилзила оқибатида масжидга зарар етган ҳамда мақбарадаги гумбаз қисми буткул қулаб тушган. Таъмирлаш ишлари олиб борилмагани туфайли гумбаз майдаланиб йўқ бўлиб кетган. 1989-йил шу ерлик маҳаллий аҳоли норозилиги сабабли ҳукумат томонидан ишлаб чиқариш корхонаси фаолияти тўхтатилган[5].
1990-йилга келиб мажмуада қайта тиклаш ишлари бошланган. Кўп вақт ичида таҳоратхонаси, кутубхона ҳамда бинони қўриқлов жойи барпо этилган ҳамда мажмуанинг шимолий томонида жойлашган айвонлар қайта тикланган. 1996-йилда масжид фаолияти расмий ҳолатда рўйхатдан ўтказилиб, Ҳайит байрами чоғида ваъз ўқилган[5].
Галерея
Яна қаранг
Манбалар
- ↑ „Сузук-Ота жоме масжиди“. Қаралди: 2024-йил 26-сентябр.
- ↑ „МАСЖИДЛАР АЛЛОНИНГ УЙИ“. Қаралди: 2024-йил 22-октябр.[сайт ишламайди]
- ↑ „Президент: «Сузук ота» масжиди реконструксия қилиниб, ободонлаштирилади“ (2017-йил 26-май). Қаралди: 2024-йил 29-сентябр.
- ↑ „Тошкент шахри“. Қаралди: 2024-йил 26-сентябр.
- ↑ 5,0 5,1 5,2 „Сузук Ота мажмуаси“. Қаралди: 2024-йил 26-сентябр.
- ↑ „“Сузук ота” жоме' масжидининг биринчи ғишти қўйилди“ (2017-йил 29-август). Қаралди: 2024-йил 26-сентябр.
- ↑ Н. Г. Маллиский. Ташкентские махалляи мауза. 120-бет.
Ҳаволалар
| Викиомборда „Сузук ота масжиди“ мавзуси бўйича медиафайллар бор. |
| Викииқтибосда Сузук ота масжидига тегишли иқтибослар мавжуд. |
