Танқид — 1) бирор нарсага баҳо бериш мақсадида уни таҳлил қилиш, муҳокама қилиш (мас., адабий танқид); 2) муайян нарса ҳақида салбий фикр билдириш; 3) камчиликларни атрофлича асослаш ва ҳал этиш мақсадида билдириладиган фикрмулоҳазалар йиғиндиси. Шу жиҳатдан Т.га тараққиёт омили сифатида қаралади. Т. асосли бўлса, уни ҳисобга олиш мавжуд камчиликларни бартараф этишга олиб келиб, тараққиётга ижобий таъсир қилади. Т. айрим ҳолларда арзимас нуқсонларни бўрттириб кўрсатиш, эркин фикр билдириш имконини суиистеъмол қилиш эвазига мавжуд муҳитда кескинликни юзага келтириши мумкин. Т. айрим шахс, гуруҳ, жамоага, аниқроғи, улар фаолиятининг натижаларига ҳам қаратилади. Бунда шахсий манфаатлар билан умум манфаатлари уйғунлиги таъминланса, танқидий фикрлар умум манфаатига хизмат қилади.