Тарихи Муҳаммадий
Тарихи Муҳаммадий (чиғатойча: تارخ محمدی) — ислом дини уламоси, адиб, табиб ва Шарқий Туркистон жумҳурияти президенти ҳамда маршали Алихонтўра Соғуний қаламига мансуб, ҳозирги ўзбек тилининг асли бўлган чиғатой тилида ёзилган Муҳаммад пайғамбар ҳаёти ҳақидаги сийра (ёки сийрат) йўналишига доир 1954–1961-йилларда ёзилган, 1991-йилда нашр этилган асар.
| Асл номи | تارخ محمدی |
|---|---|
| Муаллиф(лар) | Алихонтўра Соғуний |
| Мамлакат |
|
| Тил | Эски ўзбек тили |
| Жанр(лар)и | Сийра, биография |
| Нашр этилган санаси | 1991-йил |
| Кейингиси | Туркистон қайғуси |
Тарихи
Билмак керакким, ҳар бир мусулмон боласи, хоҳи эр киши, хоҳи хотун киши, хоҳи ёш, хоҳи қари, мана шу тубандаги тўрт тарихни билиши, албатта, лозимдур:
- Пайғамбаримиз Муҳаммад (алайҳиссалом) тарихлари.
- Қур’они карим тарихи.
- Дини Ислом тарихи.
- Ка’батуллоҳ тарихи.
Шунинг учун, мен фақир — Алихонтўра Шокирхонтўра ўғли Соғунийдурманким, бизлардин кейинги авлод-наслларимизга ва ҳам бошқа туркий тиллик ватандош, дин қариндошларимизга мендан ёдгор бўлсин деб, юқориги тўрт мавзули тарихни ҳар қандоқ киши тушунгудек қилиб, очиқ туркий тилида ёздим. Бу китобга “Тарихи Муҳаммадий” деб от қўйдим. Буни ўқигувчилар фақирни дуоларида ёд этиб қўйишларини умид қилурман.
Алихонтўра Соғуний ушбу асарини яширин тарзда 1954–1961-йиллар оралиғида ёзиб тугатган[1]. Аммо Совет Социалистик Республикалари Иттифоқи ҳукумати ушбу асарни нашр этишга рухсат бермаган[2]. Ўзбекистон мустақилликка эришгандан кейин асар 1991-йилда муаллифнинг авлодлари томонидан ўзбек кирилл алифбосида нашр этилган[1][3][4]. Бошқа манбада эса набираси Баҳманиёр Шокир томонидан 1988-йилда нашр этилгани ёзилади[5].
Алихонтўра Соғуний асарни араб имлоси билан 12 вароқли ўқувчи дафтарига ёзган. Уни бир қисмини муаллифнинг ўзи, қолган қисмини эса учинчи ўғли Муҳаммадёрхон каллиграфик арабча имло билан оққа кўчирган[6]. Эски ўзбек ёзуви истеъмолдан чиқиб кетганидан кейин муаллифнинг иккинчи ўғли Асилхонтўра ва ўзганлик жияни Яҳёхон Раимжонов асарни ўзбек кирилл алифбосига ўгиришган. Алихонтўра Соғунийнинг ушбу асари ҳозирги ўзбек тилининг асли бўлган чиғатой тилида ёзилган энг сўнги асарлардан бири ҳисобланади[1].
Воқеалар ривожи
Асарнинг дастлабки қисмда Муҳаммад пайғамбарнинг туғилишларидан бошлаб, илк ваҳий келишига қадар бўлган давр тасвирланади. Шундан кейин жоҳилият даврида ислом динини тушунтириш ва бу йўлда кўрсатилган фидокорлик, ғазотлар, подшоҳларни исломга даъват этиш, Арабистонда ислом дини тантанаси, Муҳаммад пайғамбарнинг кўрсатган мўжизалари ҳамда комил инсон сифатидаги олий фазилатлари баён қилинади.
Яна қаранг
Манбалар
- ↑ 1,0 1,1 1,2 Алихонтўра Соғуний. Тарихи Муҳаммадий (Чиғатой тили) Жамшид Шодиев: . Тошкент: "Мунир" нашриёти, 2021 — 720-бет. ИСБН 978-9943-6946-3-7.
- ↑ Аҳмад Муҳаммад. „Алихонтўра Соғуний“. Ислом.уз (20-декабр 2017-йил). — „1959 йили Алихонтўра Соғуний ўзининг кўпйиллик ижодий меҳнати маҳсули бўлган “Тарихи Муҳаммадий” асарини ёзиб тугатади. Аммо совет тузуми бу асарни босиб чиқаришга рухсат бермайди.“. Қаралди: 14-май 2024-йил.
- ↑ Аброр Шокиров. „Алихонто`ра Сог`унийнинг ҳаёти ва фаолияти“ (19-феврал 2013-йил). 2024-йил 14-майда асл нусхадан архивланган. Қаралди: 14-май 2024-йил.
- ↑ Увайсхонтўра Шокиров. „Улуғ бобом ва «Туркистон қайғуси» асари ҳақида“. Хуршид Даврон кутубхонаси (16-март 2012-йил). Қаралди: 14-май 2024-йил.
- ↑ Озодлик радиоси. „Озодликда "Ўзбек имомлари": Алихонтўра Соғуний“ (29-феврал 2012-йил). Қаралди: 14-май 2024-йил.
- ↑ Баҳманёр Шокиров. „Алихонтўра Соғуний қай тарзда ўғирлаб кетилган эди?“. Хабар.уз (8-март 2018-йил). — „Ўзи шифокор эди-ю, аммо туну кун бобомнинг ёзувларини оққа кўчириш билан овора бўларди.“. Қаралди: 14-май 2024-йил.
Ҳаволалар
| Викииқтибосда Тарихи Муҳаммадийга тегишли иқтибослар мавжуд. |