Тавқ (араб. — қушлар бўйнидаги ҳалқа) — заргарлик буюми; аёлларнинг бўйнига тақиладиган тақинчоқ. Тиллабаргак билан ансамбл ҳосил қилади. Т. босма усулида 4 япрокли гул ва ҳандасий нақшлар билан безатилган ҳамда лаъл, шиша ва бошқа кўзлар қадаш учун уячалар ҳосил қилинган тўртбурчак шаклидаги япроқчалар ва уларнинг ўртаси (маркази)да жойлашган шокилалар билан безатилган юлдузсимон ёки гул шаклидаги турунждан тузилган. Орқа томонининг юзасига нафис ўсимликсимон нақшлар туширилган. Т.нинг ўзаро бириктирилган япроқчаларининг атрофи дурлар қатори билан ҳошияланган. Қадимдан ХХ аср бошигача Самарқанд усталари яратган қуйма Т.да қушнинг бўртма шакли аниқ яратилгани кузатилади, уларга турли шаклдаги шокилалар (юлдуз, ҳилол билан юлдуз шакли, баъзан танга) осилган. Даврлар ўтиши билан шакли бутунлай ўзгариб кетган. Баъзан уни хаф а банд деб ҳам атайдилар.