Телпак — эркакларнинг иссиқ (мўйнали) бош кийими; юмалоқ, тепа ва мўйнали жиякдан тузилган. Тери чарм улги ёрдамида бичилади. Тепа қисми калта тукли мўйна (асосан, қоракўл)дан, жияги қундуз мўйнасидан тикилади; астарига узун тукли (қўй ёки тулки) мўйна ишлатилади. Тошкент — Фарғона минтақасида тепа қисми 4 бўлак қилиб бичилади, улар ўзаро улаб тикилганда, қобирғалар хреил қилади. Баъзи телпакларда тепа қисмига бахмал, жиягига узун тукли (тулки, сувсар) мўйна ишлатилади, баъзилари мато (мовут)дан тикилиб, қайтармасига қўй мўйнасидан фойдаланилади; баъзан фақат ичига мўйна қопланиб, мўйнали жияксиз телпак тайёрланади. Хоразмда чўгирма, баъзи жойларда қадимий бош кийими сифатида бўрк деб ҳам аталади.