Туркистон мухторияти (иккинчи номи Қўқон мухторияти) – Туркистон минтақасидаги дастлабки демократик ҳукумат (1917-йил 27-ноябр – 1918-йил 19-феврал).

Тарихи

Қўқонда бўлиб ўтган Бутун Туркистон мусулмонларининг фавқулодда 4-қурултойи (1917-йил 26—28 ноябр)да ташкил топган. Қурултой Туркистон ўлкасини Россия Федератив Республикаси таркибида ҳудудий жихатдан мухтор деб эълон қилди. Шунингдек, таъсис мажлиси чақирилгунга қадар ҳокимиятни Туркистон Муваққат кенгаши ва Туркистон Миллий Мажлиси қўлида бўлиши керак деб ҳисоблади. Маркази – Қўқон шаҳри.

Бошқаруви

Қурултойда Туркистон Муваққат Кенгаши аъзоларидан Туркистон мухторияти ҳукумати (8 кишидан иборат) тузилди. Европалик аҳоли вакиллари орасидан номзодлар кўрсатилиши учун уларга ҳам яна 4 ўрин ажратилди. Ҳукумат таркибига Муҳаммаджон Тинишбоев (Бош вазир ва ички ишлар вазири), Ислом Шоаҳмедов (Бош вазир ўринбосари), Мустафо Чўқай (ташқи ишлар вазири), Убайдуллахўжа Асадуллахўжаев (ҳарбий вазир), Ҳидоятбек Агаев (ер ва сув бойликлари вазири), Обиджон Махмудов (озиқ-овқат вазири), Абдураҳмон Ўразаев (ички ишлар вазирининг ўринбосари), Соломон Герсфелд (молия вазири) киритилди. Кейинчалик ҳукумат таркибида айрим ўзгаришлар юз берди. М. Тинишбоев Алаш ўрда Мухторияти фаолиятида қатнашиш учун Оренбургга жўнаб кетгач (1917-йил), Мустафо Чўқай Бош вазир лавозимини бажаришга киришди. Шоаҳмедов молия вазири (С. Герсфелд ўрнига), Потеляхов озиқ-овқат вазири (О. Маҳмудов ўрнига), О. Маҳмудов адлия вазири, Носирхон Тўра маориф вазири, Саидносир Миржалилов ҳукумат хазиначиси лавозимларини эгаллашди. Саводсиз болшевик комиссарлардан фарқли равишда ҳукумат аъзолари чуқур маълумотли тараққийпарвар зиёлилар бўлиб, улардан 5 нафари ҳуқуқшунос эди. Туркистон Миллат Мажлиси 54 нафар (36 мусулмон, 18 европалик) аъзодан иборат бўлиши кераклиги белгиланди. Қурултой жараёнида 32 кишидан иборат Миллат Мажлиси сайланди.

Туркистон мухториятида Миллий мажлис

1917-йил 26-ноябрдан Қўқон шаҳрида Ўлка мусулмонларининг ИВ фавқулодда сезди иш бошлади. Унда ўлканинг барча минтақалари ва кўпгина жамоат ташкилотларидан 200 дан ортиқ вакил иштирок этди. 28-ноябрда ташкил топаётган давлатнинг номи аниқланиб „Туркистон мухторияти“ деб аталадиган бўлди. Бутунроссия Таъсис с’езди чақирилгунга қадар ҳокимият тўла равишда Туркистон Муваққат Кенгаши ва Туркистон Халқ (Миллий) Мажлиси қўлида бўлиши ҳақида қарор қабул қилинди. Муваққат кенгаш аъзоларидан 12 кишилик ҳукумат тузиладиган бўлди. [[Қурултой жараёнида Туркистон Миллий Мажлиси 54 кишидан иборат қилиб сайланди. Туркистон Мухторияти ва Туркистон Халқ Мажлиси делегатлар томонидан сайланди. Сайлов очиқ ва тенг имкониятлар асосида амалга оширилди. [1]

Ижтимоий-маънавий ҳаёт

Туркистон Миллат Мажлиси томонидан тасдиқланган қонунлар тез орада эълон қилинди, шунингдек, янги ҳукумат мамлакат Конституциясини тайёрлаш учун таниқли ҳуқуқшуносларни жалб қилди. 1917-йил 26-декабрда Туркистон мухториятининг Миллий байроғи қабул қилинди. „Эл байроғи“, „Бирлик туғи“, „Свободнўй Туркестан“, „Известия Временного Правителства Автономного Туркестана“ каби ҳукумат газеталари ўзбек, қозоқ, рус тилларида нашр қилина бошланди. Аввал чиқаётган „Улуғ Туркистон“ ва „Ҳуррият“ газ.лари ҳам ўз саҳифаларида мухторият ҳукумати фаолиятига алоҳида ўрин ажрата бошлади. Нашр ишларини яхшилаш учун О. Маҳмудовнинг босмахонаси ҳукумат ихтиёрига ўтди. Туркистон мухторияти миллий қўшинни ташкил қилишга киришди. 1918-йил бошида уларнинг сони 2000 аскарга етди. Бундан ташқари Қўқонда тахминан шунча миршаблар бор эди. Ҳукумат иқтисодий соҳада 30 млн. сўм миқдорида ички заём чиқаришни йўлга қўйди. Шунингдек, ҳукумат аъзолари очлик чангалида қолган Туркистон аҳолисига Оренбург орқали ғалла келтириш муаммосини ҳал қилиш учун амалий қадамлар ташлаган. Туркистон мухторияти ҳукумати қисқа муддат ичида халқ ўртасида катта эътибор қозонди. Янги ҳукумат фаолияти бутун Туркистон минтақасида яшаётган туб ерли халқлар томонидан қизғин қўллаб-қувватланди.

Барҳам топиши

Ўлка болшевиклари Туркистон мухторияти ҳукуматига катта хавф деб қарадилар. Туркистон ўлкаси ишчи, солдат ва крестян депутатларининг фавқулодда 4-съезди (Тошкент шаҳри, 1918-йил 19—26 январ)да мухториятга муносабат масаласи асосий ўринда турди. Съезд Туркистон мухторияти ҳукумати ва унинг аъзоларини қонундан ташқари ҳолда деб ҳисоблаб, ҳатто вазирларни қамоққа олиш ҳақида қарор қабул қилди. 1918-йил 30-январда Туркистон ўлкаси ХКС Туркистон мухториятини тугатиш учун ҳарбий ҳаракатларни бошлади. Тошкентдаги болшевиклар бунинг учун қизил гвардиячилар отрядлари ва арман дашноқлари дружиналаридан (қаранг Дашнаксутюн) кенг фойдаланди. Миллий матбуотнинг ёзишича, 31-январ (янги ҳисоб билан 13-феврал)да жанглар бошланди. Туркистон ўлкаси ХКС 1918-йил 14-февралда (янги ҳисоб билан) Фарғона вилоятида ҳарбий ҳолат эълон қилди.

Дастлабки жангда мухториятнинг миллий қўшинидан ташқари қўқонлик тинч аҳоли вакиллари ҳам қатнашди. Асосан болта, чўкич, таёқ кўтарган халойиқнинг сони 10.000 кишига етди. Шунга қарамай, қуролсиз бу кишилар қизил аскарларнинг Қўқон шаҳрига қилган ҳужумини уч кун давомида мардонавор қайтардилар. Шу орада мухториятчилар сафида парокандалик юз берди (18 февралда уламоларнинг тазйиқи билан Мустафо Чўқай истеъфога чиқди ва баъзи вазирлар сингари Қўқонни тарк этди. Айрим вазирлар (Ҳ.Агаев ва бошқалар) жангда ҳалок бўлди. Ҳукуматнинг бошқа аъзолари (О.Маҳмудов, Носирхон тўра, С.Герсфелд, У.Асадуллахўжаев, И.Шоаҳмедов) эса кейинчалик болшевиклар томонидан қўлга олинди.

Қўқон ш. қўрбоши миршаблари бошлиғи Кичик Эргаш 18 февралдан бошлаб амалда Туркистон мухторияти ҳукуматининг раҳбарига айланди. 19 февралга ўтар кечаси Тошкентдан Туркистон ўлкаси ҳарбий комиссари Е. Перфилев бошчилигидаги пиёда, отлиқ ва артиллерия қисмларидан иборат 11 эшелон қўшин етиб келди. 19 февралдан бошлаб 3 кун давомида қизил аскарлар шаҳар устига тўплардан ёндирувчи снарядлар ёғдиришди. Шаҳар бутунлай вайрон бўлди ва ўтолов ичида қолди. Қўқоннинг ўзида 3 кун давомида 10 мингдан зиёд киши ўлдирилди. Мухторият қўшинининг тирик қолган қисми Кичик Эргаш бошчилигида (200—300 йигит) Қўқон яқинидаги Бачқир қишлоғига чекинди ва мудофаа истеҳкомларини қуриб, душман ҳужумини қайтарди. Қизил гвардиячилар Қўқон ва унинг атрофларидаги тинч аҳолини талаш ва ўлдиришни авж олдиришди. Совет режими Туркистон мухторияти ҳукуматини 19 февралда қурол кучи билан ағдариб ташлади. 1918-йил 22-февралда Қўқон шаҳридаги Рус-Осиё банки биносида болшевиклар томонидан тайёрланган „тинчлик шартномаси“ имзоланди. Туркистон мухторияти ҳукумати атиги 72 кун умр кўрган бўлса ҳам, у эрксевар халқимизни миллий мустақиллик ва истиклол учун курашга даъват этди. Бу ҳукуматнинг ағдарилиши туркистонликлар томонидан совет Россиясининг Туркистонга нисбатан тажовузкор режалари мавжудлигининг яна бир далили сифатида қабул қилинди. Туркистонликлар тинч йўл (парламент) билан миллий давлатчиликни қайта тиклаш мумкин эмаслигини тушуниб, 1918-йил феврал ойининг охирида қўлларига қурол олган ҳолатда Туркистонда совет режими ва болшевикларга қарши қуролли ҳаракатни бошлаб юбордилар. Совет тузуми даврида Туркистон мухториятининг моҳияти сохталаштирилиб, у тор маънодаги Қўқон мухторияти билан алмаштирилди.[2][3][4][5][6]

Яна қ.

Манбалар

  1. ↑ Шош.уз - Туркистон Мухторияти {{cитатион}}: Андозада ҳеч қандай қиймат берилмаган (бўш) номаълум параметр мавжуд: |сеператор= (ёрдам); Ункноwн параметер |линк= игноред (ёрдам)
  2. ↑ Саидакбар Аъзамхўжаев. Туркистон мухторияти, Т., 2000;
  3. ↑ Ражабов К,. К., Мустақил Туркистон фикри учун мужодалалар
  4. ↑ Алимова Д., Голованов А., Ўзбекистон мустабид совет тузуми даврида: сиёсий ва мафкуравий тазйиқ оқибатлари, Т., 2000
  5. ↑ Ўзбекистоннинг янги тарихи, 2китоб [Ўзбекистон совет мустамлакачилиги даврида]
  6. ↑ ЎзМЕ